Линклар

logo-print

Қарийб 20 йил Тошкент масжидларига имомлик қилган, диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган Қосимхон қори Муллабоев 66 ёшида вафот этди. Ислом уламоларининг айтишларича, Қосимхон қори ўз маърузларида замонавий-илмий кашфиётларнинг Қуръонда келтирилган оятлар билан боғлиқлигини тингловчиларга тушунтириб бериш орқали мусулмонларнинг муҳаббатига сазовор бўлган.

Қарийб 20 йил давомида Тошкентдаги Қозиравот, Мунаввар қори масжидларида имомлик қилган таниқли ислом уламоси Қосимхон қори Муллабоев 23 январь, жума куни 66 ёшида вафот этди.

Қосимхон қори имомликдан пенсияга чиқарилганидан сўнг “фахрий имом” мақомида пойтахтдаги билим даргоҳлари, жамоат ташкилотларидаги диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб келган.

Озодликнинг “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришида бундан икки йил аввал иштирок этган Қосимхон қори ҳақиқий ёш имомлар ҳам исломий ҳам дунёвий илм олишга интилиши керак деган эди:

- Мен бугунги ёш имомларимизга ҳар доим айтаманки, пайғамбаримиз с.а.в.:"Қуш икки қаноти билан учади", деганлар. Ҳадеб бир нарсани ушлаб олиб ўтираверманглар, яъни замон илмини ҳам билинглар, дейман. Чунки, биз математика, астрономия, физика каби фанлар билан катта бўлдик-да ва мен бунинг фойдасини ҳанузгача ҳис қиламан. Бир оятни ўқийманда: "Эээ бу математика-ку", дейман. Яна бир оятни ўқиб, унинг физикага боғлиқлигини кўраманда, ҳозиргача ҳам ҳайрон қоламан. Қуръон бу илм океани-да, - деган эди тошкентлик аҳли илмлардан бири Қосимхон қори Муллабоев.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур "Қосимхон қори Қуръон оятлари ва ҳадисларни замонавий илмлар билан боғлаб, изоҳлаб бергани учун ҳам халқ қалбидан жой олган уламо эд", дейди:

- Бу киши диний мавиъзаларини Қуръон оятлари, ҳадис, буюк аждодларимизнинг меросларини фан эришган ютуқлар билан боғлаб, ҳозирги ҳаётдан мисоллар келтириб одамларга тушунтириб берар эдилар. Қосимхон акамизда шундай бир иқтидор эдики, ҳар бир воқеъликни одамларни қизиқтирадиган, эсдан чиқмайдиган мисоллар билан шарҳлаб берардилар. Шунинг учун кўпчилик мусулмонлар у кишига хавас қилиб, бизнинг уйимизда ўтказиладиган диний маросимда шу киши иштирок этса деб, орзу қилардилар. Ўғиллари Абдулвосит ҳам Қуръонни ёд олган юртимиздаги машҳур қорилардан бири. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин, солиҳ ҳаётларида қилган солиҳ амаллари ва эзгу ишларини ўзларига ҳамроҳ қилган бўлсин, - деди шайх Абдулазиз Мансур.

Қосимхон қорининг интернетда кўп тингланган маърузаларида замонавий-илмий кашфиётлар ҳақида Қуръонда келтирилган маълумотларнинг илмий-диний изоҳлари берилади.

Жумладан, ер ва қуёш ўртасидаги масофа абжад ҳисобида келган оятлар, инсон умри ва унинг қайта тирилиши, қиёматнинг Қуръондаги аломатлари ҳамда олимларнинг бугунги кашфиётлари ўртасидаги мувофиқлик ҳақида Қосимхон қори қилаётган маърузалар ҳар доим катта қизиқиш билан тингланган.

- Яқинда институтлардан бирида қилган маърузамда бугунги ёшларнинг нақадар маънавий очлигини кўрдим. Доскага формуларлар билан ёзиб, қиёслаб тушунтириб берганимда, бутун аудитория ўрнидан туриб кетди, ҳайрон қоласиз. Бу ёшлар шундай диний-илмий мавзулардаги маълумотларга муҳтожлигини кўрдим, - деган эди Қосимхон қори Озодликка бундан икки йил аввал.

Қосимхон қори Муллабоев совет даврида яширин тарзда Қуръон илмини эгаллаган, кейин эса Москвадаги билим даргоҳларида аниқ фанлар, табиий ва гуманитар фанлар йўналишида ҳам илм олган оз сонли ўзбек олимларидан биридир.

Бу кишига замондош бўлганлар ва айнан у киши каби ҳам дин, ҳам дунё илмини мукаммал эгаллаган олимлар бармоқ билан санарли.

Хусусан, Қосимхон қори Муллабоев Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда биринчилардан бўлиб совет замонида тамғаланган Кўкалдош мадрасаси эшиги қулфини очган ва бинони таъмирлаб, илк талабаларни қабул қилган мудирлардан бири бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG