Линклар

logo-print

Мариуполда 30 одамнинг ўлими, 100 га яқин кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ракета ҳужумлари ортидан 25 январь Украинада миллий мотам куни, деб эълон қилинди. Мудофаа вазирлиги бу ҳужум ортида россияпараст сепаратчилар тургани ҳақида баёнот бераркан, президент Порошенко ҳукумат Киевда эришилган тинчлик шартномасига амал қилишини айтди.

25 январь куни Украина бўйлаб мотам куни ўтказилди ва Мариуполь қурбонлари хотирасига байроқлар туширилди. Қоқ тушда ташкилотларда бир дақиқалик сукут сақланди.

Бу ҳужумларни “инсониятга қарши жиноят”, деб атаган Украина президенти Петро Порошенко, шунга қарамасдан, ҳукумат Киевда эришилиган тинчлик шартномасига амал қилишда давом этишини таъкидлади.

- Бугун бутун дунё Украина билан ҳамнафас эканини ишонч билан таъкидлашим мумкин. Аммо, айбдорлар 100 фоиз жазоланиши шарт. Шу боис, биз бу масала юзасидан Женева форматида АҚШ, ЕИ, Россия ва Украина иштирокида музокара ўтказишга уринмоқдамиз", деб таъкидлади Порошенко.

24 январь куни Мариуполга қонли ҳужумлар ортидан президент Саудия Арабистонига сафарини тўхтатиб, Киевга қайтди.

Айрим ахборот агентликлари хабарига кўра, бугун мамлакат хавфсизлик кенгаши расмийлари билан учрашган президент Порошенко Мариуполь ҳужумни россияпараст сепаратчилари содир этганини тасдиқловчи далиллар етарли эканини айтган.

Хабарларга кўра, Украина разведка хизмати сепаратчиларнинг ракета ҳужумларини мувофиқлаштириб турган шахсни қўлга олган ва бу шахс айни пайтда тергов қилинмоқда.

Бунга қадар Украина Мудофаа вазирлиги Мариуполь шаҳри сепаратчи гуруҳлар томонидан уч тарафдан ўққа тутилгани, ҳужум чоғида "Град" русумидаги ракеталардан фойдаланилгани ҳақида баёнот тарқатган эди.

Буни инкор қилган сепаратчи гуруҳлар Мариуополга ҳужум ортида Киев қўшинлари турибди, деб даъво қилмоқда.

Ҳодисага муносабат билдирган АҚШ Давлат котиби Жон Керри буни Россиянинг сепаратчиларни замонавий қуроллар билан таъминлашдек “масъулиятсиз ҳамда хавфли қарори” оқибати, деб танқид қилди.

ЕХҲТ ташкилоти кузатувчилари эса ракеталар сепаратчилар эгаллаган ҳудудлардан отилганини айтмоқда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Махсус мониторинг миссияси раҳбари Эртуғрул Апакан шаҳарнинг ўққа тутилганини қораларкан, бу ҳарбий ҳаракат юзасидан тўлақонли текширув ўтказишга чақирди.

Апакан Украина шарқида ошиғич оташкесим ҳолати жорий қилиниши, ўзаро урушаётган томонлар эса зудлик билан музокаралар столига қайтиши лозим, деб ҳисобламоқда.

24 январь куни Киев назоратида бўлган Мариуполь шаҳри ўққа тутилиши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 30 киши ҳалок бўлган, 97 киши яраланган.

Ҳужум тўғрисидаги хабардан кейин ЕХҲТ вазиятни баҳолаш ва барча фактларни аниқлаш мақсадида ўққа тутилган Мариуполга ўз экспертларини юборган.

Айни пайтда БМТ Донбассдан бўлган қочқинлар сони 1,5 миллиондан ошганини эълон қилди.

Украина Ижтимоий сиёсат вазирлиги мамлакат ичкарисида Донбассдан қочган 921 минг 640 кишини рўйхатга олган. Яна 600 мингга яқин киши қўшни мамлакатлар ҳудудига ўтиб, жон сақлашга мажбур бўлган.

Шу тариқа, Украина шарқидаги қуролли можаро туфайли умумий ҳисобда 1,5 миллиондан зиёд одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Украина шарқида Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида кечаётган жанглар кўплаб фуқаролар ҳалокатига, инфратузилманинг ишдан чиқишига ва инсонпарварлик ёрдамига эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG