Линклар

logo-print

Якшанба куни Украинада Мариуполдаги ракета ҳужуми қурбонлари хотираланди. 24 январь куни Украина жанубий-шарқида жойлашган Мариуполь шаҳри ўққа тутилиши оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 90 дан зиёд одам яраланганди.

Украина президенти Петро Порошенко бу ҳужумни “инсонийликка қарши жиноят”, дея қоралади, аммо у Украина ҳамон сентябрь ойида Минскда имзоланган тинчлик битимига содиқ қолаётганини урғулади.

Миллий мотам кунида мамлакат бўйлаб байроқлар туширилди ва ҳалок бўлганлар хотираси туш пайти бир дақиқали сукут билан ёдга олинди.

Украина Мудофаа вазирлиги шанба куни Мариуполь шаҳри айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудлардан “Град” русумидаги ракеталарга нишон бўлганини билдирди. Айни пайтда россияпараст айирмачилар бу ҳужум ортида Киев кучлари турганини иддао қилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама ўз маъмурияти Украина шарқида оташкесим тартибининг бузилишига оид хабарлардан “чуқур ташвишда” эканини баён қилди. У Украина шарқидаги вазиятнинг таранглашишида Россиядан молиявий ва ҳарбий дастак олаётган айирмачиларни айблади.

Обама АҚШ ва унинг иттифоқчилари келажакда Россияга босимни кучайтиришини, бу йўналишда Украинага кўмак ўлароқ бевосита қўшин юборишдан ташқари бошқа барча имкониятлар кўриб чиқилишини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG