Линклар

logo-print

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” жорий йилда Тожикистон пойтахти Душанбега авиақатновни йўлга қўйишини тасдиқлади. Бу ҳақда эълон қилган миллий авиаширкат бош директори Валерий Тян рейсни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмоқда, дея билдирди.

Подробно.уз нашри Тяннинг “ҳозирча рейс қачон йўлга қўйилишини аниқ айтиш қийин, ҳаммаси авиаширкатга боғлиқ эмас, лекин рейсни жорий йилда очиш ниятидамиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” раҳбарининг айтишича, бунинг учун Ўзбекистон билан Тожикистон ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновига доир келишув имзоланиши керак.

Аввалроқ Тожикистон транспорт вазири Хайрулло Аслзода Тошкент-Душанбе рейс тўғрисидаги масала очиқ қолаётганини айтган эди. Аслзода Ўзбекистон томонидан расмий билдиришнома келмаганини таъкидлаган эди.

Тожик вазири Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўтган йилнинг сентябрь ойидаги учрашувда, жумладан икки мамлакат ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласни муҳокама қилганини эслатди.

Икки мамлакат ўртасида авиақатнов қайта очилиши тўғрисидаги хабар шу ой бошроғида пайдо бўлган эди. Ўтган ҳафта эса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати 29 март куни Тошкент-Душанбе йўналиши бўйича рейсларни амалга ошира бошлаши тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида авиақатнов 23 йил аввал тўхтатилган.

XS
SM
MD
LG