Линклар

Россияда болаларига ёрдам пули олган ўшлик қочқин фирибгарликда айбланмоқда


1986 йилда авария рўй берган Чернобилга туташ минтақаларда яшовчи аҳоли ҳукуматдан турли бадал ва тўловларни олиб келади.

1986 йилда авария рўй берган Чернобилга туташ минтақаларда яшовчи аҳоли ҳукуматдан турли бадал ва тўловларни олиб келади.

Россиянинг Орёл вилоятида аёли ва 3 нафар фарзанди билан истиқомат қилаётган ўшлик Алишер Саитов маҳаллий прокуратура томонидан Чернобиль зонасида яшовчи болаларга бериладиган нафақа пулларни ўзлаштирганликда айбланиб, жавобгарликка тортилди. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячилари Алишер Россия қонунларини бузмагани ва мутлақо асоссиз айбланаётганини айтмоқда. Саитовлар оиласи иши билан Москвадаги “Фуқаровий кўмак” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти ҳам қизиқиб қолди.

Россиянинг Орёл вилояти Дмитров туманида истиқомат қилаётган асли ўшлик, ҳозирда Россия фуқароси бўлган Алишер Саитов уч нафар фарзандига маҳаллий ҳукумат томонидан ажратилган ёрдам пулини олгани учун жавобгарликка тортилди.

Россияга 2010 йилги Ўш воқеаларидан кейин келиб қолган Алишер, Озодлик билан суҳбатда, Дмитров туман прокуратураси уни Чернобиль зонасига кирувчи қишлоқда оилавий қайдга тургани, бироқ сотиб олган уйда шароит йўқлиги туфайли у ерда яшамагани ва ёрдам пулини олиб келганлиги учун “фирибгарлик”да айбланаётганини маълум қилди.

- Шу воқеалардан кейин келиб, фуқаролик олганман. Доимий пропискам Орёл шаҳрида бўлган, у ердан чиқишга мажбур бўлганман, чунки уй эгаси сўраган. Кейин, ўз болларимни пропискага қўйиш ва шу ерда чорвачилик хўжалиги билан шуғулланиш учун уй сотиб олганман. Орёл вилоятида кўплаб ҳудудлар Чернобил зонасига киради. Янги кўчиб келган одам, мен у зонасини ажратишни билмаганман. Мен бу уйнинг ёнида асфальт кўча бўлганига қизиқиб олганман. Фарзандларимни ўша ерга учётга қўйиб ижтимоий таъминот бўлимига олиб борганман: доимий яшаш жойим эмас, регистрация жойим бўйича. Менинг бошқа регистрация қиладиган жойим бўлмаса,- дейди Алишер Саитов.

Суҳбатдош маҳаллий идора вакиллари талаб қилган барча ҳужжатларнигина олиб боргани, унинг Чернобиль зонасида яшовчилар учун қўшимча нафақа пулларни олиш ҳаёлида ҳам бўлмаганини айтади.

Алишернинг айтишича, у Россияда тўғилган бир ярим яшар ўғли Асаджонга давлат бюджетидан ёлғон йўллар билан 48706 рубль ўзлаштирганликда айбланмоқда.

- Кичкина фарзандим, ундан катта қизим Россияда туғилди. Катта ўғлим Қирғизистонда туғилган. Мен мана шу пул учун зориқиб бу документларни йиғмаганман. Болларни поликлиникага учётга қўйиш керак, Россия фуқароларига нима бўлса, менинг болларимга ҳам ўша нарса тегишли. Улар менга пособиесини икки баробар қилиб тўлаган экан. Эндиликда, худди мен бошқа жойда яшайману, бу жойга фирибгарлик учун учётга турибман. Дастлабки тергов бир ой бўлиши керак: мана иккинчи ойга ўтказворди. Билмадим, материал етишмаяпти, ўхшайди. Мени маънан жазолашяпти,- дейди Алишер Саитов.

Озодлик Алишер Саитовга нисбатан Дмитров туман прокуратураси Россия Федерацияси жиноят Кодексининг 159.2-моддаси, 1-қисми, яъни “тўловлар пайтида амалга оширилган фирибгарлик” асосида жиноий иш очганини аниқлади.

Бироқ, бу ишни ҳозирда маҳаллий Ички ишлар бошқармаси дастлабки тергов бўлими олиб бораётгани маълум бўлди. Озодлик сўровига Дмитров туман полиция идорасининг Дастлабки тергов бўлими терговчиси Виктория Столярова гапни қисқа қилди.

- Йўқ, иш ҳозирча судга юборилмаган. Бу жиноий иш тергови якунланмади. Мен иш юзасидан фақат судда иштирок этаётган томонларга маълумот бераман, холос,- деди терговчи Виктория Столярова.

Алишернинг давлат томонидан тайинланган адвокатларидан бирининг, исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, одатда бундай ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилмаслиги керак.

- Бизда мана шунақа шаклланмаган “ахмақона” қонунлар мавжуд, афсус. У ҳеч нарсани яширгани йўқ, булар эса “у бу ерда яшамаганини яширишга уринди”, дея жавобгарликка тортмоқда. Бу модда асосида унга жарима, мажбурий меҳнат ёки3 ойгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Ҳибсгача ишни олиб бормасак керак, у тўлиқ оқланишини хоҳлаймиз. Қизиғи, айни ўхшаш ишлар кўриб чиқилган, лекин улар судга юборилмасдан, амнистияга тушган,- дейди Алишер ҳимоячиси.

Маълум бўлишича, 35 ёшли ўшлик бу йигит Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкинага мурожаат қилган. Айблов хулосаси билан танишиб чиққан ҳуқуқ ҳимоячиси Саитовлар мутлақо айбсиз экани ва бу маҳаллий ижтимоий таъминот бўлимининг Россия қонунлари асосида чиқарган қарори эканини билдирган.

1986 йилда Украинанинг Чернобиль шаҳри яқинидаги атом электрстанциясида рўй берган авария оқибатида радиация билан заҳарланган ҳудудга туташган минтақаларда яшовчи аҳоли ҳукуматдан турли бадал ва тўловларни олиб келади.

Жумладан, Россия қонунларига кўра, Чернобиль зонасида яшаётган болаларга бир ярим ёшгача икки баробар миқдорда нафақа пули берилиши тайинланган.

Озодлик Орёл вилоятидаги ўзбеклар оиласи ишини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG