Линклар

logo-print

НАТО раҳбари Путинни сафсатабозликда айблади


Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина армияси “НАТО легиони”га қиёслаганини “сафсата”, дея атади. Брюсселда 26 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Столтенберг Украинадаги хорижий қўшинлар руслардир, дея қўшимча қилди.

Путин бугун қилган чиқишида Украина армиясини НАТО легиони, дея атаб, унинг мақсади мамлакат миллий манфаатларини ҳимоя қилиш эмас, Россияни тийиш орқали геосиёсий мақсадларга эришиш учун ҳаракат қилмоқда, дея иддао қилди.

Бу иддаоларни Санкт Петербургда талабалар билан учрашуви пайтида илгари сурган Путин Украина армияси сафида курашаётган кўнгилли батальонларни назарда тутаётганини билдирди.

“Умумиятла, бу армия эмас, балки хорижий легиондир – бу ҳолатда мақсадлари Украина манфаатлари билан умуман боғлиқ бўлмаган НАТО легионидир”, дея иддао қилди Путин.

Путиннинг яна иддао қилишича, украиналик эркакларнинг “кўпчилиги” ҳарбий сафарбарликдан қочиб, Россияда яширинишга уринмоқда.

Украина шарқида вазият яна кескинлашмоқда. Ўтган шанба куни Донецк вилоятининг Мариуполь порт шаҳрида, исёнчилар масъул, деб кўрилаётган ракета ҳужуми оқибатида камида 30 одам ҳалок бўлди ва ўнлаб одам жароҳатланди. Мариуполь шаҳри ўтган ҳафта охирида Донецкдаги айирмачилар етакчиси бутун вилоятни ишғол қилиш ниятларини эълон қилиши ортидан ракета ҳужумига учради.

XS
SM
MD
LG