Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

Ислом Каримов номзодини рўйхатдан ўтказиш учун мажбурий имзо тўпланмоқда


Ислом Каримовни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаларидан оммавий тарзда имзо олинди. Университет талабаларига кўра, 23 январь куни барча талабалар ЎзЛиДеп томонидан номзоди кўрсатилган Ислом Каримовни қўлловчи имзо варақаларига қўл қўйишга мажбурланган. ЎзЛиДеп бу ҳолатни изоҳлашдан бош тортди.

Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Озодликка мурожаат қилган талабаларига кўра, ўтган жума куни олийгоҳ раҳбарияти Ислом Каримов номзодини қўллаб-қувватлаш бўйича имзо варақаларини тарқатиб, талабалардан уни имзолашни талаб қилишган:

“23 январь куни домлалар талабаларни тўплаб, имзо варақасини тарқатди. Бу нима эканлигини ҳам тушунтиришмади. Шу қоғозга ўзингиз ҳақидаги барча маълумотларни ёзиб, қўл қўйинглар, деди. Президентликка номзодликка рухсат этилган амалдаги президент Ислом Каримовни қўллайман деган мазмунда ёзилган гап бор эди. Ҳеч кимдан розимисан, деб ҳам сўралмади”, деди Тошкент Ахборот технологиялари университетининг исмини очиқламаётганимиз талабаси.

Мазкур олийгоҳнинг бошқа бир талабасига кўра, жума куни дарсда бўлмаган талабалар ҳам университетга чақиртирилиб, имзо варақасига қўл қўйдириб олинган:

“Университетдаги барча факультет, барча курсларнинг ҳаммасига қўл қўйдиришди. Бизга тайёр бланка беришди. Тепасига 613-қарор деб ёзилган. Ўзимизнинг исм-фамилия, паспорт даннийларни ёзиб, қўл қўйдик. Ислом Каримов номзодига розиман деган ёзув бор. Бошқа вариантлар йўқ эди. Буни жуда оператив тарзда қилишди. Ҳеч ким, ҳеч қаерга кетмасин деб, қўл қўйдиришди. Қўл қўймаганларни ҳам эртасига чақириб, қўл қўйдириб олишди”, деди Ахборот технологиялари университети талабаси.

Олийгоҳнинг исмини очиқламаган расмийси талабалардан Ислом Каримов номзодини президентликка қўллаб-қувватлаш учун оммавий имзо олинганини тасдиқлади:

“Барча талабалардан қўл қўйдириб олдик. Жадвал беришди. Ҳаммасини бажардик. Ислом Абдуғаниевич номзодини президентликка қўйилишини қўллашга овоз тўплаш керак-ку. Шунинг учун талабалар Ислом Абдуғаниевични рўйхатдан ўтиш учун номзодини қўйишга розиман деб қўл қўйишди. Ҳамма талабалар қўйишди. Юқоридан берилган бу топшириқни тўла бажардик”, деди Тошкент Ахборот технологиялари университетининг исмини очиқламаган расмийси.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг 24-моддасига кўра, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида амалга оширилиши мумкин. Лекин қонуннинг ушбу моддасида “Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни пора эвазига ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилган.

Озодлик Тошкент Ахборот технологиялари университетидаги мажбурий имзо олиш ҳолати бўйича Ислом Каримов номзодини президентликка илгари сурган Либерал-демократик партиясидан изоҳ олишга уринди. Озодлик мухбирининг 26 январь куни бу борадаги уринишлари мутлақо бесамар бўлди. ЎзЛиДеп бу ҳолат юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

Uzmetronom.com сайти хабар қилишича, ЎзЛиДеп фаоллари Тошкентдаги барча олийгоҳлар талабаларини Ислом Каримовни қўлловчи имзо варақаларига қўл қўйишга мажбурланган.

Шу кунларда Ислом Каримовдан ташқари Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, “Адолат” партиясидан Наримон Умаров, “Миллий тикланиш” партиясидан Акмал Саидовлар ҳам номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун имзо тўпламоқда.

Жойлардан олинган маълумотларга кўра, нафақат Ислом Каримов учун балки бошқа уч номзод учун ҳам имзо тўплаш жараёни ихтиёрий-мажбурий кўринишда амалга оширилмоқда. Манбалар хабарига кўра, имзо тўплаш олийгоҳлардан ташқари барча идора-ташкилотлар ва маҳаллаларда ҳам амалга оширилмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонунга кўра, президентликка номзодлар рўйхатдан ўтиш учун жами сайловчиларнинг камида беш фоизи миқдорида имзо тўплаши лозим.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда 20 миллион 895 минг 572 нафар сайловчи бўлиб, президентликка тўрт номзоднинг ҳар бири бир миллиондан зиёд (1044778) имзо тўпласагина номзод сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди.

Президент сайлови жорий йилнинг 29 мартига белгиланган бўлиб, номзодларни рўйхатга олиш эса сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

XS
SM
MD
LG