Линклар

Ўшда ЎИҲ аъзолари қўлга олингани иддао қилинмоқда


Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ гуруҳи аъзолари.

Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ гуруҳи аъзолари.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, Ўшда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудида террорчилик ҳаракатини режалаштираётганликда гумонланиб қўлга олинган олти шахснинг Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари экани таҳмин қилинмоқда. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов матбуотга маълумот берди:

-Бу гуруҳнинг олти аъзоси қўлга олинган. Уларнинг тўрт нафари Суриядаги халқаро террорчи ташкилотлар лагерларида махсус тайёргарликдан ўтган, -деди Рахат Сулайманов.

Расмий гумонланувчилар уйларида ўтказилган тинтув натижасида битта автомат, 1700 дона ўқ, бир нечта тўппонча ва бошқа турдаги қурол топилганини билдирди.

2014 йил октябрида Ўзбекистон Исломий ҳаракати Сурия ва Ироқнинг каттагина қисмида халифалик эълон қилган "Исломий давлат" гуруҳини қўллаб қувватлаши ва у билан бир сафда эканлигини маълум қилганди. Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари шундан келиб чиққан ҳолда бундан аввал ҳам Ўшда Суриядан келганида қўлга олинган айрим шахсларни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонлаган эди.

Хавфсизлик масалалари бўйича қирғизистонлик мутахасис Артур Медетбеков ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундай гумони асосли эканини эҳтимолдан соқит қилмайди.

-ЎИҲ, Туркистон исломий ҳаракати лагерларида тайёргарликлардан ўтиб, жангларда иштирок этган жанггариларнинг кўпчилиги бугунги кунда Марказий Осиё давлатларига ўрнашиб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Бу ташкилотларнинг лидерлари ва асосчилари Фарғона водийсидан чиққан одамлар эканини эсдан чиқармаслик керак. Шунинг учун бу ҳаракатларнинг асосий мақсади минтақани эгаллашдир, - деди Артур Медетбеков.

Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссиясининг жанубий вилоятлар бўйича масъули Курбанбай Узаков ўтган йилнинг октябрь ойида Сурияга кетаётган қирғизистонликларнинг асосий қисми Ўш ва Жалолобод вилоятларидан экани ҳақида баёнот берган эди.

Хавфсизлик соҳаси ва дин масаласи бўйича эксперт Бегижон Аҳмедов бу мавзуда гапирар экан, минтақадан Сурияга кетаётганлар диний саводсизлик оқибатида бузуқ ақиданинг қурбони бўлаётганини, шунинг учун ҳам бу ҳаракатнинг оммавийлашиб кетмаслиги учун ёшларга маърифат бериш зарурлигини айтади:

-Ўзбеклар ёшлигидан диний аҳлоқ билан тарбияланади. Шунинг учун уларда Ислом динига ҳурмат кучли. Бу омилдан радикал кучлар устакорлик билан фойдаланмоқда. Аммо бузуқ ақидага, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ зарур. Афсуски, бизнинг мусулмонлар сўнгги пайтларда фақат Ислом динининг ташқи сурати, масалан,ибодатлар билан боғлиқ нарсаларга кўпроқ эътибор қаратиб, ҳақиқий исломнинг асл маъноси, ботиний маъноси, жавҳари назардан четда қолиб кетаяпти, -деди Бегижорн Аҳмедов.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган шахсларнинг қўлга олиниши нафақат Қирғизистонда, балки Тожикистонда ҳам сўнгги пайтларда тез – тез кузатилмоқда.

Сўнгги марта шу йилнинг 9 январида Тожикистоннинг Шаҳринав туманида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ячейкаси лидери ва мазкур ҳаракат аъзоси сифатида гумонланган 10 одам қўлга олингани хабар қилинган.

Афғонистон ва Покистонда фоллашаётгани айтилаётган Ўзбекистон Исломий ҳаракати АҚШ Давлат департаментининг террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG