Линклар

Камчаткада Ўзбекистон фуқароси вояга етмаган мактаб ўқувчисини гаровга олганликда гумонланиб, судланмоқда. Тергов қўмитаси 25 ёшли бу меҳнат муҳожири депортация қилинмаслигини талаб қилиб, бу жиноятга қўл урганини айтмоқда. Россиянинг энг шарқий ўлкаси ҳисобланган Камчаткада ўзбек муҳожирига нисбатан қўзғатилган жиноий ишнинг дастлабки тафтиши ўз якунига етди.

Камчатка ўлкаси бўйича Тергов қўмитаси ахборот бўлими раҳбари адлия майори Елена Матафонованинг маълум қилишича, исми ошкор этилмаётган 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Россия Федерация Жиноят Кодексининг 127-моддасининг 2-банди (вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик қилиш ва одамни ноқонуний тарзда озодликдан маҳрум этиш) асосида жиноий жавобгарликка тортилган.

- Ҳозирда иш судга оширилди. Ўзбекистон фуқароси Россия Федерациясидан бадарға қилинишини истамагани учун бу жиноятга қўл ўрган, - дейди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган тергов қўмитаси вакиласи.

Матафоновага кўра, 2014 йилнинг 29 октябрида тўланмаган жаримаси борлиги аниқланган айбланувчи яшовчи уйга суд ижрочилари келган. Бироқ, у ҳуқуқ ижрочиларини кўриб, жуфтакни ростлаган.

Суд ходимларидан қочган ўзбекистонлик кўчада темир таёқни кўтариб олган ва шу жой яқинидаги 20-сонли ўрта мактабга қочиб кирган.

- У суд ижрочиларидан қочиб шу мактабга кириб қолган. Ўсмир болани гаровга олган. Айбланувчи суд приставлари уни таъқиб қилишни бас этмасалар, мактаб спорт залида ушлаб турган 2001 йилда туғилган ўспиринга тан жароҳати етказишини айтган. Суд ижрочилари унинг талабларини бажаришга розилик берганидан кейин мигрант спорт залининг орқа эшиги ойнасини синдирган ва ҳодиса жойидан ғойиб бўлган, - дейди Елена Матафонова.

Матафонова гаровга олинган болага бирор зарар етмагани ва у, шунчаки, қаттиқ қўрққанини таъкидлади.

Кўп ўтмасдан гаровга олишда айбланаётган ўзбекистонлик Петропавловск-Камчатский шаҳрида эълон қилинган қидирув асосида полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Тергов материалларидан айбланувчи аввал Камчатка ўлкасидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказига жўнатилгани, аммо декабр ойида - маҳаллий терговчилар жиноий иш очганидан кейин - тергов изоляторига ўтказилгани маълум бўлди.

Камчатка ўлкаси Тергов қўмитаси расмийси Елена Матафонова қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси доимий яшаш жоийга эга эмаслиги, қайдда турмагани ва тайинли иши бўлмагани аниқланганини қўшимча қилди.

Айтилишича, бу йигит олдинроқ Камчатка пойтахти суди томонидан аллақачон ўғирлик учун судлангани, Хориж фуқароларини сақлаш марказига депортация қилишга юборилгани, аммо бир неча кундан кейин бу муассасадан қочишга муваффақ бўлган.

Терговчи, шунга қарамасдан, биринчи қилмишидан пушаймон емаган ўзбек муҳожирига “юмшоқроқ” модда қўлланилганини ҳам қўшимча қилди.

- Унга жуда оғир бўлмаган модда қўлланилди. Хато қилмасам, суд бу жиноят учун унга 2 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин. Агарда суд реал қамоқ муддати тайинласа, озодликка чиқарилиши билан у 10 йилга Россиядан бадарға қилинади, - деди Камчатка ўлкаси Тергов қўмитаси расмийси Елена Матафонова

Ҳозир 25 яшар ўзбекистонликнинг иши Петропавловск-Камчатский прокуратураси тасдиғидан ўтиб, судга оширилди.

Ўтган йили декабр ойида Подмосковьенинг Нахабино шаҳарчасида 9 яшар қизчани гаровга олган тошкентлик 22 яшар Рустам Одилов 5 соатлик махсус амалиётдан кейин оёғидан ва қўлидан яраланиб қўлга олингани, у ҳозирда полиция назорати остида шифохонада қолаётгани ва тергов давом этаётгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG