Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:09

Тошкентда "йўқолган газ" учун аҳолидан суд орқали пул ундирилмоқда


Тошкент вилоятида газдан қарзи йиғилганлар судга тортиляпти. Қарзни тўламаган тақдирда мол-мулки мусодара қилиниши билан таҳдид қилинаётган истеъмолчилар, Озодлик билан суҳбатда, бу қарзлар уларга фойдаланмаган газ учун қўшиб ёзилганини иддао қилдилар. Расмийлар эса бу иддаоларни рад қилмоқда.

Тошкент вилояти газ истеъмолчилари газдан қарзи кўпайгани учун судга тортилгани ҳақида суд ижрочилари бўлимлари томонидан чақирув қоғози ола бошладилар.

Узметроном Интернет газетаси ана шундай чақирув қоғозларидан бирини ўз сайтида эълон қилди.

Судга чақирув қоғози. Узметрономдан олинди.
Судга чақирув қоғози. Узметрономдан олинди.

Бу чақирув қоғозларида суд ижрочисининг қонуний талабини бажармаган шахс энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача жаримага тортилиши ҳамда ИИБ ходимлари томонидан мажбурий келтирилиши ҳақида огоҳлантирилади.

Юқоричирчиқ туманида истиқомат қилувчи истеъмолчилардан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, энг интизомли истеъмолчи бўлишига қарамай унга ҳам 2 миллион сўм миқдорида қарз ёзилган:

- Мен 2003 йилда газ ҳисоблагич ўрнатган эдим. Ҳар ой шу ҳисоблагич бўйича ишлатган газимнинг пулини тўлаб келаман. 2009 йилда менга газ ҳисоблагични қайта текширувдан ўтказинг дейишди. Бориб ўтказдим, нормалний ишлаяпти экан. Лекин сиз текширгани икки йил кеч олиб келдингиз, энди икки йилга норматив бўйича тўлайсиз деб, бир дунё пулни ёзиб ташлашди. Лекин менга ҳеч ким айтмаган, бу ҳақда шартномада ҳам ёзилмаганку, тўрт йилда ўтказинг деб. Мен тўламайман, ишлатган газимга тўлаганман дедим. Кейин суддан қоғоз келди. Бормадим, бормайман ҳам, Нега мен биров ишлатган газга пул тўлашим керак экан? - деди юқоричирчиқлик истеъмолчи.

Ўзини Юқоричирчиқ тумани газ таъминоти идорасининг бошлиғи Шерикбой ака деб таништирган мулозим, қарзи бор истеъмолчиларни судга тортилаётганини тасдиқлар экан, айни пайтда аҳолига фодаланмаган газ учун қўшимча тўлов солинганини инкор қилди:

- 1999 йилгача ҳеч қандай қарздорлик бўлмаган. Мана шу счётчик балоси келди, ҳаммаси бошланди. Яхши айланмайди, хитойники, тўрт йилда бир давлат кўригидан ўтиши керак, шуни ҳам ўтказишмайди. Кўрикдан ўтказмаган счётчиклар эгалари энди норматив бўйича ҳақ тўлаши керак. Агар счётчиклар сифатли бўлганида бунча қарздорликка йўл йўқ эдида, - дейди Шерикбой ака.

Газ идораси бошлиғига кўра, туман аҳолисининг 30 миллиард сўмлик қарз эътиборсизлик ва газ пулини ўз вақтида тўламаслик оқибатида вужудга келган.

Бироқ, Тошкент вилояти газ таъминоти идораларидан бирида масъул лавозимда ишлаган, исми сир қолишини сўраган мутахассисга кўра, қарзларнинг бу даражада кўпайиб кетишига истеъмолчиларнинг ҳеч қандай дахли йўқ:

“Бундай қарзлар, асосан ҳисоблагичи бор истеъмолчиларга келади. Қоғозда бору, лекин йўқолган газлар ҳисоблагичи бор хонадонларга бўлиб ташланади. Йўқолган газларнинг ғойиб бўлиш тартиби эса мана бундай. Биринчидан, ноқонуний газдан фойдаланувчилар ҳисобидан, яъни иссиқхоналар ва хусусий корхоналар келишиб, арзон нархда олади. Иккинчидан, газ ходимлари одамлар билан келишиб ҳар ойда, мисол учун, 500 минг сўм тўлайдиган хонадонларни 250 минг сўм тўлайдиган қилиб қўяди. Учинчидан, ҳисоблагичлар 1 миллион ёзган бўлса, менга 300 минг бер, 300 минг кассага тўлайсан, қолганини тўғирлайман дейди. Хуллас, ҳозир жуда кўп йўлларини ўйлаб топишган. Бундан ташқари юқоридан 10 млн. кубометр газ олинса, уларнинг счётчиклари 12 млн. кубометр деб ёзади. Бу соҳа ўрисча айтганда каша бўлиб ётибди”, деди мутахассис.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фойдаланилмаган газ учун истеъмолчиларга қарз солиш ҳолатлари кўпайди. Аҳоли газ тўловларини вақтида амалга ошириб турган бўлсада, бироқ газ идораларидан олинган маълумотга кўра улар бир неча юз минг сўм, баъзида миллионлаб сўм қарз бўлиб қолгани айтилмоқда.

Баъзи ҳолатларда, ҳукуматнинг ўзи ҳам аҳолининг бесабаб қарздор қилиб қўйилганига қарши курашаётганини иддао қилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида “Ҳуқуқ” газетаси Қашқадарёда аҳоли гарданига 100 миллиондан ошиқ асоссиз қарз илган газ мутасаддиси қўлга олинганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG