Линклар

Украина Олий Радаси Россияни “тажовузкор давлат” ўлароқ эътироф этди. Украиналик депутатлар бу қадам Россияга нисбатан халқаро ҳуқуқ доирасида жазо берилиши учун йўл очишига умид қилмоқдалар.

Сешанба кунги мажлисда Украина парламенти халқаро жамоатчиликка “Донецк Халқ Республикаси” ва “Луганск Халқ Республикаси” каби айирмачи тузилмаларни “террорчилик ташкилоти” дея тан олиш таклифи билан чиқди. Украиналик депутатлар, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятидан Украинага қўшимча кўмак берилиши ва Россияга қарши янада кескинроқ санкциялар жорий этилишини сўрамоқдалар.

Ҳукмрон коалиция аъзоси, радикал қарашдаги депутат Олег Ляшко фикрича, Россиянинг юридик жиҳатдан тажовузкор давлат ўлароқ эътироф этилиши БМТ низоми ва резолюцияларида кўзда тутилган жазо чоралари учун йўл очади.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин Украина Олий Радаси баёнотини “ўйланмаган ва масъулиятсизлик билан қабул қилинган баёнот” дея таъкидлади. Карасинга кўра, бу қадам Украинада ўзаро урушаётган томонларни муросага келтириш ҳаракатларини сусайтиришга қаратилган.

Украина шарқида Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида ўтган йилнинг апрель ойидан буён давом этаётган жангларда шу кунгача 5 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG