Линклар

АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркель сешанба кунги телефон суҳбатида Украинадаги вазиятни муҳокама қилдилар. Икки давлат раҳбари “зўравонликнинг сезиларли даражада кучайиши” юзасидан хавотир изҳор қилишди, дейилади 27 январь куни Оқ уй тарқатган баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, Обама ва Меркель Россия Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаётгани ва Минск келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажармаётгани учун жавобгар бўлиши лозим, деган муштарак тўхтамга келганлар. АҚШ ва Германия лидерлари Украинага “салмоқли молиявий ёрдам пакети”ни тайёрлаш ишларининг тез орада поёнига етказилиши муҳимлиги ҳақида ҳам сўзлашганлар.

Икки давлат лидерларининг суҳбати Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарлари ташқи ишлар вазирларига Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганидан бир неча соат кейин бўлиб ўтди. Европа Иттифоқининг бу қадами Украина шарқидаги россияпараст исёнчиларнинг янги ҳужумларига жавоб ўлароқ қаралмоқда.

XS
SM
MD
LG