Линклар

АҚШ Украинага ижтимоий ҳаражатларини қоплаш учун 2 миллиард долларилик кредит ажратади.

Бу ҳақдаги келишувни бугун АҚШ ва Украина молия вазирлари Киевда имзолашди.

Бундан аввал Европа Иттифоқи ҳам Украина иқтисодини кўтариш учун бу мамлакатга 1.8 миллиард евро (2.1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида кредит беришини билдирган эди.

Киевдаги бугунги имзолаш маросимида АҚШ Молия вазири Жэк Лью ўз мамлакати лозим кўрса Россияга қарши янги санкцияларни қўллашга тайёрлигини айтди.

Сешанба куни АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркель телефон мулоқоти ўтказиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилишганди. Икки давлат раҳбари “зўравонликнинг сезиларли даражада кучайиши” юзасидан хавотир изҳор қилишди, дейилади 27 январь куни Оқ уй тарқатган баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, Обама ва Меркель Россия Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаётгани ва Минск келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажармаётгани учун жавобгар бўлиши лозим, деган муштарак тўхтамга келганлар.

АҚШ ва Германия лидерлари Украинага “салмоқли молиявий ёрдам пакети”ни тайёрлаш ишларининг тез орада поёнига етказилиши муҳимлиги ҳақида ҳам сўзлашганлар.

XS
SM
MD
LG