Линклар

Хориждан юборилаëтган посилкалар учун 100 фоизлик бож солинди


Ўзбекистон Почтаси ўтган йил чиқарган марка.

Ўзбекистон Почтаси ўтган йил чиқарган марка.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси 5 январь кунги буйруғи билан мамлакатга хусусий почта-курьер хизматлари орқали олиб келинаëтган маҳсулотларга товар нархининг 100 фоизи миқдорида бож солиғи жорий қилди. Ўзбекистон ҳудудига хориждан юборилган ëки Интернет орқали сотиб олинган товарларни ташиб келган хусусий почта-курьер ширкатлари бу буйруқдан норози бўлиб Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилди.

Давлат Божхона қўмитаси Ўзбекистон қонунчилигини топтади

Ўзбекистон фуқароларининг Интернет дўконлар орқали сотиб олган товарларини етказиш¸ қолаверса ўзбекистонликларга хориждан посилкалар жўнатиш билан шуғулланиб келган 24 хусусий ширкат Вазирлар Маҳкамасига Давлат Божхона хизматининг 6 январдан кучга кирган буйруғини бекор қилиш сўрови билан мурожаат қилди.

DHL, UPS, TNT, FEDEX, MEEST ASIA, AFT, ARAMEX, KATORG PVU GROUP, ALPHA EXPRESS, EXPOSER, KHAYMANS EXPRESS, ATLANTIC TRADE, POLAR EXPRESS, ASE EXPRESS, IPS, MMS, FPA, ЧФ «Абду Лутфи Пост», UАР, СП Avializing, Caravan Express Service, Xadicha~Lux Service, Shohruh каби хусусий почта-курьер ширкатлари мурожаати матни Uzmetronom Интернет газетасида чоп этилди.

Нусхаси Ўзбекистон Адлия вазирлиги¸ Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги¸ Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат Божхона қўмитасига юборилган ушбу мактубда Божхона қўмитаси қарорининг Ўзбекистон қонунчилиги ва фуқаролар ҳақларини қўпол равишда бузиш эканини айтилади.

Хатда ëзилишича¸ 2015 йилнинг 6 январь куни халқаро жўнатмалар билан шуғулланувчи хусусий ширкатларга “Главпочтамт” божхона пости ходимларининг аввалдан огоҳлантирувисиз почта ширкатлари – алоқа опеаторларига айни кундан бошлаб Давлат божхона қўмитаси буйруғи билан Адлия вазирлигининг халқаро почта жўнатмаларига нисбатан имтиëз қўлланилишига оид 1996 йилнинг 10 сентябридаги 279-сонли¸ 2002 йилнинг 4 июнидаги 1147-сонли ва 2008 йилнинг 22 апрелидаги қарорларининг бекор қилингани айтилган.

Бу эса¸ мактубдан англанишича¸ 6 январь кундан бошлаб Ўзбекистонга фуқаролар хориждан ўз эҳтиёжлари учун посилка воситасида жўнатаётган¸ ҳамда улар халқаро Интернет сайтларидан сотиб олаëтган товарларни ташиб келган хусусий курьер хизматларининг бундан сўнг почта алоқаси оператори саналмаслиги ва шу асосда почта алоқасига берилган божхона имтиëзларидан маҳрум қилинганини англатади.

“Почта хизмати” тўғрисидаги Ўзбекистон қонунига кўра¸ почта алоқаси оператори сифатида рўйхатга олинган хусусий ва юридик шахс фуқароларнинг хориждан сотиб олинган умумқиммати 1000 АҚШ долларигача бўлган товарларини божхона солиғи тўламасдан эгасига етказиш имтиëзига эга эди.

Бундай имтиëзнинг 6 январь куни Давлат божхона қўмитаси буйруғи билан бекор этилишига¸ Вазирлар Маҳкамасига ëзилган мурожаатга қўл қўйган 24 ширкат таъкидича¸ ҳеч қандай расмий ëзма изоҳ берилмаган.

Хусусий ширкатларнинг изоҳ талаб қилинган мурожаатига қўмита расмийлари оғзаки тарзда муқобил почта хизматларининг қонунга кўра курьерлик хизмати тоифасига кириши¸ курьер хизматлари эса¸ почта алоқаси турига кирмаслиги ва шу боис¸ улар Ўзбекистон ҳудудига олиб кираëтган товарлар божхона тўловидан озод қилинмаслигини билдирган.

Мактубда ëзилишича¸ “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонуннинг 3-моддаси¸ 7-бандида “курьер жўнатмалари” айнан почта алоқаси турларидан бири экани ëзилган.


“Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси буйруғи “Почта алоқаси” тўғрисидаги қонунни бузиш ва почта ширкатлари ҳамда халқаро почта жўнатмалари қабул қилувчиси бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақларини топташдир. Фуқаролар Ўзбекистон божхона ҳудудига етиб келган юкларини расмийлаштириш учун бож тўлай олмаëтир. Почта алоқаси оператор ширкатлари эса¸ бундай чеклов жорий қилинган тақдирда улкан молиявий зарарга учраб¸ шартномада олинган мажбуриятларни бажара олмай қолади. Бу эса¸ юридик ва жисмоний шахсларнинг катта молиявий йўқотишга учраши¸ давлатлараро почта алоқаларига оид мавжуд амалиëтган катта зарба беришини англатади”¸ дейилади Ўзбекистонга почта жўнатмаларини етказиш билан шуғулланиб келган 24 хусусий ширкатнинг Вазирлар Маҳкамасига йўллаган расмий мурожаатида.

Давлат Божхона қўмитасининг 6 январдан кучга кирган буйруғига асосан¸ бундан буëн фақат Ўзбекистон Почтаси орқали мамлакатга олиб келинадиган умум нархи минг долларгача, товар тури битта донадан ошмаган жўнатмаларга бож солинмайди.

Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилган 24 хусусий почта-курьер ширкати бундай буйруқ монополияга қарши миллий қонунчиликнинг қўпол равишда бузиш эканини таъкидлади.

100 долларлик посилкага 100 долларлик бож

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси 6 январь куни кутилмаганда хориждан DHL, FedEx, Atlantic Express каби хусусий почта хизматлари орқали жўнатилган посилкаларни божхона омборхонасидан чиқармай қўйди.

28 январь куни Озодлик билан суҳбатда хориждан Ўзбекистонга почта жўнатмалари етказиш билан шуғулланувчи UPS ширкати расмийси¸ 6 январга қадар Ўзбекистон божхона ҳудудига етиб келган посилкаларга бож тўланмаслиги¸ аммо 6 январдан бошлаб хусусий курьерлар орқали олиб келинган жўнатмаларга товар нархининг 100 фоизи миқдорида бож жорий этилганини билдирди:

- Ҳозир божхонада янги меъëрлар қабул қилинди. 6 январдан жисмоний шахслар юборган жўнатмалардан 100 фоизлик бож олинади. Посилкада юборилган товар квитанцияси бўлиши керак. Ана шу нарх устига 100 фоиз бож тўланади. Агар божхоначилар квитанцияда товар нархи арзон кўрсатилган¸ деган қарорга келса¸ уларнинг ўзида товарлар нархини белгилаш жадвали бор¸ шунга асосан ўзлари нарх қўйиб¸ божни ҳам ўзлари белгилайдилар. Фақат "Ўзбекистон Почтаси" орқали юборилаëтган товарлар бу рўйхатга қўшилмайди¸ дейди UPS вакили.

Кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон бозорида асосан Хитой ва Туркиядан олиб келинаëтган сифати паст товарлар сотилаëтгани боис¸ кейинги йилларда ўзбекистонликлар орасида Amazon.com¸ eBay.com каби онлайн дўконлардан савдо қилиш ва асосан Ғарбда ишлаб чиқарилган товарларни хусусий почта-курьер хизматлари орқали олиб келиш урф бўлган.

Ўзбекистонга почта-курьерлик жўнатмалари юбориш билан шуғулланиб келган 50 ка яқин хусусий ширкат кичик хизмат ҳақи эвазига¸ умум қиммати 1000 доллардан ошмаган бу молларни божхона солиғисиз эгасига қисқа муддат ичида етказиб берган.

Ким манфаатдор?

6 январдан бу имтиëзнинг фақат "Ўзбекистон Почтаси"да қолдирилиши¸ 51 фоиз акцияси ҳукуматга қарашли бўлган бу ҳиссадорлик жамиятини почта хизматидаги ягона монополистга айлантиради.

“Ўзбекистон Почтаси” очиқ акционерлик жамияти акцияларининг 35 фоизи 2007 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Finex компанияси томонидан сотиб олинган.

Маркази Сараевода жойлашган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси вакиллари Озодликка кўрсатган ҳужжатларга кўра, Ҳонг Конгда рўйхатга олинган Finex Ltd. фирмаси Гулнора Каримова ёрдамчиларидан бири¸ Тошкентдаги "Модалар уйи" директори Екатерина Клюева номига расмийлаштирилган.

Клюева эса¸ ўтган йил февраль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда гумонланиб Гулнора Каримованинг уйида ҳибс этилган шахслардан бири.

Рустам Мадумаров¸ Гаяне Авакян каби узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган шахслар ишига тортилган Гулнора Каримованинг айни кунларда уй қамоғида сақланаëтгани айтилади. "Ўзбекистон Почтаси" учдан бир қисмдан кўпроқ акцияларнинг қоғоздаги эгаси бўлган Екатерина Клюева тақдирига оид ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Бугунги кунда Каримовага қарашли деб кўрилган акциялар¸ хусусан¸ “Ўзбекистон Почтаси” ОАЖ акцияларнинг асл эгаси кимлиги ҳам Озодликка маълум эмас.

Ўзбекистонга хусусий почта-курьерлик ширкатлари орқали киритилаëтган молларга нисбатан 2015 йилдан 100 фоизлик бож жорий қилинганини шарҳлаëтган мустақил кузатувчилар¸ бу ўзгариш ортида “Ўзбекистон Почтаси”ни бу хизмат соҳасидаги ягона монополистга айлантиришдан манфаатдор шахс ва гуруҳлар турганини айтмоқда.

- Бу иш давлатнинг почта-курьер хизматлари ортида турган давралар манфаатига хизмат қилади. Бу хизматнинг хусусий шахсларга кўрсатилаëтган турини кимлардир қўшимча даромад илинжида ўз монополиясига айлантирмоқчи. Улар бу жараëнда кеч қолишди ва қарашса хусусий ширкатлар хориждан посилкаларни ташиш билан яхшигина даромад қилаяпти. Бу қарордан кейин хусусий курьер хизматлари чув тушди ва уларнинг бозордаги таппа-тайëр ўрни энди “Ўзбекистон Почтаси”нинг эгаларига ўтди¸ дейди Uzmetronom Интернет газетаси муҳаррири Сергей Ежков.

Марказий Осиë янгиликларини ëритувчи SilkRoadReporters Интернет нашри ўзбекистонлик иқтисодчи Шаҳло Осадзода деб тақдим этилган манбанинг қуйидаги гапларини келтиради:

“Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистондаги энг йирик транспорт ширкати Абу Саҳий ҳам курьер хизматлари кўрсатади. Бу ширкат Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг эри Тимур Тиллаевга қарашли. Бу ҳаракат билан улар рақобатчиларнинг ҳаммасидан қутулаëтган бўлиши мумкин”¸ дейилади Осадзодага қиëс берилган иқтибосда.

“Абу Саҳий мутлақ уникал иқтисодий ҳодиса. Бу ширкатга исталган товарни истаган ҳажмда бир пул ҳам бож тўлови тўламай мамлакатга олиб кириш учун “яшил чироқ” берилган. Уларнинг Осиëнинг Хитой¸ Туркия¸ Араб амирликлари каби давлатлардан мол ташийдиган ўз самолëтлари бор” деган иқтибос келтиради нашр ўзини “Малика” савдо мажмуасида савдо қиладиган Аброр деб таништирган манбадан.

Озодлик ихтиëрида Давлат Божхона қўмитасининг жисмоний шахсларга хориждан юборилаëтган почта жўнатмаларини солиққа тортиш қарорига Абу Саҳий ширкатининг бевосита алоқадорлигини тасдиқловчи ëки бу иддаони инкоқ қилувчи далил ҳозирча йўқ.

Журналист Сергей Ежков¸ Абу Саҳий хорижда Ўзбекистонга олиб кираëтган товарлар миқдори 50 ка яқин хусусий курьерлик ширкатларини хизматини қўшиб ҳисоблаганда ҳам бир неча баробар катталигини тахмин қилиши ва шу боис 6 январдан бошлаб хориждан келаëтган нархи 1000 доллардан ошмайдиган посилкаларга 100 фоизлик бож қўйилишига Абу Саҳийнинг алоқаси борлигига ишонмаслигини айтади:

- Бу иш ортида Тошкент марказидаги қимматбаҳо бутиклар эгалари ҳам бор¸ деб ўйлайман. Учта дўкончи куни билан мудраб ўтирадиган бу дўконлар ҳукумат тепасида ўтирган казо-казоларга қарашли. Улардаги нарх отнинг калласидек бўлгани учун биров бу ердан нарса сотиб олганини кўрмаганман. Айни товарларни ўзбекистонликлар Европа дўконларидан онлайн сотиб олиб¸ посилка шаклида 5-10 баравар арзонига олишаëтган эди. Бу посилкаларни йўқ қилишдан ана шу дўкон эгалари ҳам манфаатдорлигига шубҳам йўқ¸ дейди журналист Ежков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG