Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:08

Президент сайлови арафасида ҳуқуқ фаолларига босим кучайгани иддао қилинмоқда


Ҳориждаги ўзбек фаоллар Польша пойтахти Варшавада Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига норозилик сифатида намойиш ўтказаётган пайт.
Ҳориждаги ўзбек фаоллар Польша пойтахти Варшавада Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига норозилик сифатида намойиш ўтказаётган пайт.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Андижондаги “Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси” офисига номаълум аёллар бостириб киргани, тошкентлик ҳуқуқ фаоллари Елена Урлаева, Шуҳрат Рустамов, жиззаҳлик Алиқул Саримсоқовга босим кучайгани ҳақида маълумот бермоқда. Ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни яқинлашиб келаётган президентлик сайлови билан боғламоқдалар.

Елена Урлаева: "Сайловлар олдидан ҳуқуқ фаолларининг оғзини ёпишмоқчи"

Ўзбекистон ҳуқуқ фаоллари альянси ташкилотининг 28 январь куни билдиришича, 23 январда “Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси”нинг Андижондаги бўлимига икки номаълум аёл бостириб кирган ҳамда тўполон кўтариб, бир қатор ҳужжатларни йиртиб ташлаган.

Хабарда айтилишича, 20 минут давом этган бу воқеа давомида аёллар “Одамлар, ёрдам беринглар, бизни ҳуқуқ фаоллари калтаклаяпти”, “Бу идорани ёпиш керак, бу ноқонуний ташкилот, бу ташкилот Ўзбекистон президентини танқид қилади”, деб бақир-чақир қилган.

Орадан 20 дақиқа ўтгач ҳуқуқ фаоллари офисига келган участка нозири аёлларни милиция бўлимига олиб кетган, аммо мазкур воқеа юзасидан протокол тузмаган ва аёллар жазоланмаган.

Ўзбекистон ҳуқуқ фаоллари альянси ташкилоти раҳбари Елена Урлаева бу воқеани яқинлашиб келаётган президентлик сайлови билан боғлайди:

- Сайловлар олдидан ҳамма ёқ тинч ва осойишта бўлишини исташмоқда. Шунинг учун фаол ҳуқуқ ҳимоячиларининг оғзини ёпишга ҳаракатлар бўлаяпти. Айниқса, Андижонда бу борада ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қаттиқ ишлашади. Чунки бу ерда 2005 йил воқеалари содир бўлган. Андижонлик ҳуқуқ фаоллари бўлиб ўтган ҳужумдан сўнг анча қўрқиб қолган. Айни пайтда Тошкентдаги ҳуқуқ фаолларига ҳам босим кучайиб қолди. Масалан,12 январда Олий Мажлис олдида пикет ўтказганимиздан сўнг мени кузатиб юрадиган махсус хизмат ходимлари сони кўпайиб қолганини ҳам сезаяпман, - деди Елена Урлаева.

Расмийлар ҳуқуқ фаоллари ҳақиқатга зид маълумотлар тарқатаётганини иддао қилмоқда

Андижондаги воқеа юзасидан шаҳар Ички ишлар бошқармасидан маълумот олишга муваффақ бўлмадик. Аммо Асака туман прокуратураси “Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси”нинг ходими Рената Акатьевага огоҳлантириш бергани маълум бўлди.

Асака туман прокурори Мамадалиев имзолаган мактубда Акатьева “Интернет орқали ҳақиқатга зид келадиган, суд ва прокуратура тузилмалари обрўсига асоссиз путр етказадиган маълумотларни” чоп этгани қайд этилган.

Огоҳлантиришда Акатьева бу каби ҳаракатларни яна содир этса Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 40-моддаси, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси асосида жавобгарликка тортилиши айтилган.

Шуҳрат Рустамов: "Опамнинг уйига ҳам киритмай қўйишди"

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов ҳам Озодлик билан суҳбатда ўзига нисбатан босимлар кучайганини айтиб берди. Шуҳрат Рустамов ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари таҳдидидан сўнг опасининг уйига кира олмай қолган:

- Менинг уйимдан 200 метр нарида опамнинг уйи бор. Опам мени йўлимни тўсиб: ”Бизнинг уйимизга чиқмагин, иккита фуқароча кийинган одам келиб: “Сизни уйингизга кираётган одам ким бўлади?” деб сўрашди. Мен: ”Туғишган укам бўлади”, десам, улар: “Ўйлаб кўринг, сизга укангиз керакми, ёки ўғлингизми?”, деб кетишди”, деб бўлган воқеани айтиб берди. Опамнинг ўғли ўт ўчириш соҳаси бўйича каттароқ жойда ишлайди. “Шу ўғлимга зиён тегмасин”, деб илтимос қилди. Шундан сўнг опамнинг уйига ҳам кира олмай қолдим, - деди Шуҳрат Рустамов.

Алиқул Саримсақов: "Мени ҳам ҳокимга тухмат қилганликда айблашаяпти"

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов эса ўзига нисбатан жиноят иши очилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

- 2009 йилда Жиззах вилоят Зарбдор туманига Эргаш Ғайбуллаев ҳоким бўлиб келган. Мен 2014 йил 27 декабрда Интернетга “Зарбдор туман ҳокимининг кўринмас илдизлари” деган мақола ёзганман ва унда туман ҳокими Зарбдор туман Бўстон шаҳарчасига ажратилган 600 миллион пулни молия раҳбари билан қўшилиб ўзлаштириб юборди”, деб айтганман. Шу кунларда мана шу мақолам учун туман прокуратураси мени тухматда айблаб жиноят иши очмоқчи бўлаяпти. Мен мана шу масалада беш дақиқа олдин Жиззах вилоят ҳокимлигининг хатлар бўлими бошлиғи олдига кирдим. У менга :”Ҳамма нарсани ортга ташлаб, оёқни тўғри боссангиз, бу масала ҳал бўлиб кетади”, деб айтди. Яъни мен ўз фаолиятимдан воз кечиб, уларга ёқадиган ишларни қилишим керак экан, -деди Алиқул Саримсоқов.

Абдусалом Эргашев: "Ортиқча ваҳимага сабаб йўқ, ортимдан кузатишларини мен босим ҳисобламайман"

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев ўзи яшаётган ҳудудда ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан кучли тазйиқ ва босим кузатилмаётганини билдирди. Унга кўра, фарғоналик ҳуқуқ фаоллари доимий кузатув остида бўлишни ёки айрим раҳбарлар томонидан қилинаётган зуғумларни, доимий ҳолатга айлангани учун, босим сифатида эътиборга олмай қўйган.

- Фарғонада бундай ҳолатлар йўқ, Худога шукур. Фарғонада, Қўқонда уч-тўрт нафар фаол ҳуқуқ ҳимоячилари бор. Уларнинг ҳолидан яхши хабардорман. Уларга нисбатан бирорта ножўя ҳатти-ҳаракатлар бўлганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман. Айримлар жуда ошириб юборишади-да, “мени кузатиб юришибди, эшигимни олдида кузатиб туришибди”, деб. Бу каби кузатувларга аллақачон эътибор бермай қўйганман. Кузатаётган бўлса, демак, бирорта кузатадиган ташкилотда ишлайди, ўша ердан ойлик олади. У ҳам олаётган ойлигини оқлаши керак, хизматини қилаяпти, деб кетавераман, -дейди Абдусалом Эргашев.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, айрим вазиятларда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ўзларини "ҳуқуқ ҳимоячиси" деб атайдиган айрим шахсларга алоҳида эътибор қаратиши қонун доирасидан ташқарида бўлмайди.

Абдусалом Эргашевга кўра, Фарғонада ҳуқуқ фаоли ниқоби остида товламачилик қилиб, одамларни алдаб кун кўраётган айрим шахслар ҳам мавжуд. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу шахсларни ўз вақтида жазолаган.

Абдусалом Эргашев ҳуқуқ ҳимоячиси ниқобидаги товламачиларга нисбатан кўрилаётган чораларни ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим сифатида кўрмаслик лозимлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG