Линклар

logo-print

Тожик жангариси: “Америкадаги ҳиндуларга ҳам дўппи кийдирамиз”


Нусрат Назаров

Нусрат Назаров

Сурияда жанг қилаётган тожикистонлик жангари Нусрат Назаров Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервюсида уларнинг асосий мақсади бутун дунёга ислом шариатини жорий қилиш эканлигини айтди. Унинг таҳдид қилишича, бир кун келиб америкадаги ҳиндуларга ҳам дўппи кийдирилади.

Нусрат Назаров ўзини Суриядаги жиҳоднинг жангчиси деб ҳисоблайди. Унинг Махсуми Нусрат, Абу Холиди Кўлоби ва Фаластин фурқони каби лақаблари бор.

Тожикистон жанубидаги Чармгарон қишлоғида истиқомат қилган 38 ёшли Нусрат бундан икки йил аввал Россиядан Сурияга кетган эди. У Суриядаги " Исломий давлат" гуруҳининг жангариси сифатида Интернетга ўзининг жанговар фаолияти ҳақида видеороликлар қўйган биринчи тожик ҳисобланади.

Нусратнинг Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервьюсида айтишича, уни Тожикистонга қайтариш учун ҳукумат унинг оила аъзоларига мунтазам босим ўтказиб келмоқда.

Назаров "Исломий давлат" жангарилари Кобани шаҳрида муваффақиятсизликка учраганини тан олар экан, айни пайтда Ракки деган жойда эканини айтади:

“Кобанида бизга қарши барча кучларини ташлашди. Осмондан авиация бомбардимон қилди, ерда эса барча қуроллар ишга солинди. Кобанида бизга қарши Америка уришди. Олдинда катта кураш турибди ва биз албатта мақсадимизга етамиз. Биз катта жангга тайёргарлик кўряпмиз”, деди жанггари.

Нусрат Сурияга Москвадан Туркия орқали келган

“Бу Сурияга келишнинг ягона йўли эмас. Биродарларимизнинг биз билан бирлашиши мумкин бўлган яна ўнлаб йўллари бор. Агар Туркия йўлларни ёпиб қўйса, Яман ва бошқа давлатлар бор. Хуросон амирлиги ташкил этилди. Биз ана шу амирликнинг Амирига бўйсунамиз. Илгари мен Жабҳат-ан-Нусра таркибида эдим, бироқ унинг Ғарб билан ҳамкорлик қилаётганини билганимдан сўнг унинг сафидан чиқдим”, дейди Нусрат Назаров.

Назаровнинг таъкидича, унинг исломий қарашлари ўтган асрнинг 90-йилларида шаклланган. У ёшлигидан исломий таълим олганини ва 90-йилларда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган митингларда диний маърузалар билан қатнашганини айтади.

“Ҳеч ким мени бу ерга келишга мажбур қилмаган. Мен бу ерга бир мусулмон сифатида, пул учун эмас, балки дин учун келдим”, дейди у.

Унинг таъкидича, Яқин Шарқда Тожикистонга қарши курашаётган "Исломий давлат" жанггарилари ҳақидаги кўрсатувлар ҳали тожик телевидениесида эфирга кетмасдан туриб уларга етиб келади:

“Бизнинг у ерда ўз одамларимиз бор ва улар ўз вақтида бизга хабар бериб туради”, дейди жангари.

Назаров берган маълумотларга кўра, "Исломий давлат" жангарилари сафида жанг қилаётган тожикистонликлар сони 2000 нафарга етади. Шу пайтгача улардан 500 киши жангларда ҳалок бўлган:

“Бу ердаги тожикларни кўриб, ўзингни тожикистондагидай ҳис қиласан. Агар бундан кейин ҳам шундай давом этса, Тожикистонда ҳеч ким қолмайди, ҳамма шу ерга келади”, дейди у.

Жангарининг айтишича, уларнинг мақсади исломни бутун дунёга ёйиб, бир халифа остида бирлашишдир:

“Ҳатто америкалик ҳиндулар ҳам шариат қонунлари асосида яшашлари шарт. Уларга дўппилар олиб борамиз, масжидлар қурамиз ва ҳаммамиз Аллоҳ қонунларига кўра биргаликда яшаймиз”, дейди Нусрат Назаров.

Нусрат Назаров ўз интервьюсида "Исломий давлат"нинг жиҳодига қарши чиққан тожикистонлик дин уламолари Эшон Нуриддин ва Ҳожи Мирзони ўлдиришга таҳдид қилган.

Бундан аввал Нусратнинг туғишган акаси Хайрулло Назаров Интернетга видеоролик жойлаб, укасининг ватанга қайтишини илтимос қилган эди.

“Мен унинг гапларини эшитдим. Лекин у айтаётган гаплар акамнинг эмас, балки ҳукуматнинг гаплари. Мен хотинимга бу ерга келгин деб, илтижо қилдим. Лекин у келмади. Мени хотиним орқали шантаж қилишни бас қилишсин, бўлмаса бу Тожикистон амалдорларига яхши оқибат олиб келмайди. Мен Тожикистонда шариат қонунларини жангсиз жорий қилмоқчиман”, деди Исломий давлатнинг тожикистонлик жангариси Нусрат Назаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG