Линклар

Ислом Абдуғаниевични туғилган куни билан табриклаб қўяй, у кишига икки энлик хат ёзай, дедиму бирдан эсимга “Олтин бузоқ” тушиб кетди – не қилай?!

Инсониятга ишончимни йўқотиб қўйдим, худди Остап Бендердай.

“Олтин бузоқ”даги кўмма миллионер Корейко ва ундан бир миллион ундиришга уринган буюк мудаббир Остап Бендер эсингиздадир?

Бир миллионни талаб қилаётган Бендердан кўмма миллионер сўрайди:

- Нима учун мен сизга пул беришим керак? Ахир, мен бу пулларни ишлаб топган бўлсам, сиз бўлсангиз... (Аслида, ишлаб топмагани эсингизда бўлса керак)

- Мен нафақат ишладим. Мен ҳатто жабр кўрдим. Сизнинг ишингизни ўрганар эканман, инсониятга ишончимни йўқотиб қўйдим. Наҳотки инсониятга ишончнинг нархи бир миллион турмаса? деб жавоб беради Остап Бендер.

Ҳа, кейинги пайтларда мен ҳам инсониятга, инсофиятга (шунақа сўз бормикан?) ишончимни йўқотганман.

Лекин йўқотувим эвазига товонни кимдан талаб қилишни билмайман.

Чунки Бендер эмасман.

Бендерлар замони ўтган.

Корейколар замонидир бу замон. Аниқроғи, корейкобендерлар замонидир бу замон.

Мулозим корейколар замоннинг зўридан фирибгарга айланган бендерларга омухталашиб кетган замон бўлди бу замон.

Шунинг учун инсониятдан кўнглим қолди, унга ишончим йўқолди.

***

77 га тўлдийзми бугун, Ислом Абдуғаниевич?

Улуғ ёш, табаррук ёш. Оллоҳ бизни ҳам Сизнинг ёшингизга етказсин!

Эсингиздами, бир вақтлар орзуингизни айтгандингиз телевизорда:

“Мен ҳам қариб, чойхонада чой ўгириб ўтирсам”, деб орзулагандингиз.

77 га тўлиб ҳам ўша орзуингиз орзулигича қолиб кетаётганидан афсус чекаяпман.

Бугун туғилган кунингизда орзуингизга етишингизни тилайман. Более того, агар орзуингизга етиб, чойхонага борар бўлсангиз, ишимни ташлаб Сизга қўриқчи бўлишга тайёрман.

Бу иш учун карате-маратени ўрганишим лозим бўлса, ўрганганим бўлсин.

Сиз чойхонани гуллатаётган пайтда ёшлар замонни бир ревизия қилиб олади: корейколарни бендерлардан ажратиб қўяди.

Шундай қилмаса бўлмай қолди.

Шундай қилмаса инсониятга ишончим тикланмайди

Ишончсиз эса, яшаб бўлмайди.

Туғилган кунингиз муборак бўлсин, Ислом Абдуғаниевич!

Кўп яшанг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG