Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:16

Ўлпон йиққан мансабдор, яроқсиз паспорт ва бизнесда омадсиз хонандалар


Ўзбекистонда узоқ навбат кутиб олинган биометрик паспортларнинг айримлари яроқсиз экани аниқланмоқда.
Ўзбекистонда узоқ навбат кутиб олинган биометрик паспортларнинг айримлари яроқсиз экани аниқланмоқда.

Фарғонада тадбиркорлардан ўлпон йиққан солиқ амалдори ушланди. Бизнесга аралашган айрим хонандалар касодга учрамоқда. Тошкентда паспорт идораси нуқсонли биометрик паспортни алиштиришдан бош тортди. Жорий ҳафтада ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Фарғонада тадбиркорлардан ўлпон йиғиб келган солиқ амалдори ушланди”

Давлат солиқ қўмитаси Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси Фарғона вилояти бўлими бош инспектори Мухторжон Мамажонов 6 йилга озодликдан ва 3 йилга мансаб лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 29 январь).

Қайд этилишича, бош инспектор Мамажонов Фарғона шаҳри марказий деҳқон бозоридаги савдогарлардан бир неча йил давомида ноқонуний равишда ўлпон йиғиб келган. Солиқ мансабдори ҳар бир савдогардан муайян миқдорда пул олиб туриш амалиётини жорий қилган.

Маълум қилинишича, иштаҳаси тобора карнай бўлиб борган бош инспектордан безиллаб қолган савдогарлар ҳуқуқ идораларига арз қилгач, тадбир ўтказилиб, Мамажонов қўлга олинган.

“Мутасадди раҳбар саратон касаллиги ошиб бораётгани сабабини изоҳлади”

Ўзбекистон онкология илмий маркази директори Саримбек Наврўзов мамлакатда саратонга чалинган беморлар сони ошиб бораётганини маълум қилди (“Оила даврасида”, 29 январь).

“Мамлакатимиз аҳолиси йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Дунёда экология ўзгариб, сифатсиз озиқ-овқатлар истеъмоли ортиши ва зарарли одатлар (кашандалик, ичкиликбозлик) кўпайиши каби омиллар инсон организмига канцероген – ўсма келтириб чиқарувчи моддалар таъсирининг ортишига сабаб бўлмоқда”, дейди профессор Наврўзов.

Мутасадди раҳбарга кўра, Ўзбекистонда онкологик касалликларни аниқлаш кўрсаткичи ҳам ошяпти ва илгари танасида касаллик мавжудлигини сезмаган фуқароларга эндиликда аниқ ташхис қўйилаяпти.

“Тошкентда паспорт идораси нуқсонли биометрик паспортни алиштириб беришдан бош тортди”

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ички ишлар бошқармаси паспорт бўлими томонидан фуқаро Людмила Магайга берилган биометрик паспорт брак (яроқсиз) чиқди (“Новий век”, 29 январь).

Фуқаро Л.Магай узундан-узоқ навбатда туриб ва маълум муддат кутиб биометрик паспорт олган. Аммо ҳужжатга киритилган бармоқ излари паспорт эгасиникига мувофиқ келмаган. Фуқаро нуқсонли паспорт билан хорижга чиқса, бошоғриқлар бўлишини инобатга олиб ҳужжатни алиштириб беришни талаб қилган.

Паспорт идораси эса (ИИБ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими) нуқсонли паспортни алиштириб беришдан бош тортган.

Фуқаро Л.Магай паспорт столидаги журналга асосланиб, паспортнинг нуқсонли чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар биринчи бор рўй бермаётганини қайд этган.

“Наманганда қурилиш бўйича катта миқдорда қўшиб ёзишлар аниқланди”

Намангандаги “Жаҳон ихтисослаштирилган аралаш моллари” бозоридаги қурилиш ва таъмирлаш ишларида катта миқдордаги қўшиб ёзиш ва сохтакорликлар аниқланди (“Диёнат”, 29 январь).

Қайд этилишича, 500 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари “Наманган Чорсу сервис” фирмасига топширилган. Аммо буюртмачи ва пудратчи ўзаро тил бириктириб мазкур маблағнинг асосий қисмини ўзлаштирган. Иш бажарилгани ҳақидаги ҳисобот ва ҳужжатлар эса сохталаштирилган.

Маълум қилинишича, ижрочи фирма раҳбари Илёс Маматхўжаев 3 йилга мансабда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жаримага тортилган. Буюртмачи томон – бозор раҳбариятига кўрилган чора борасида маълумот берилмаган.

“Божхона: чет элдан юборилган почта жўнатмаларида наркотик ва психотроп моддалар топилмоқда”

Ўзбекистонга чет давлатлардан таркибида наркотик ва психотроп моддалар мавжуд почта жўнатмаларини юбориш ҳолатлари қайд этилмоқда (“Инсон ва қонун”, 27 янваьр).

Тошкент шаҳар божхона бошқармасига кўра, “Бошпочтамт” божхона пости ходимлари шу турдаги бир неча қонунбузарликни фош қилган.

Масалан, тошкентлик У.Б. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси орасидан декларацияда қайд этилмаган 143 дона “Акамол” номли психотроп таблетка топилган. Шунингдек, бошқа фуқароларга келган жўнатмалардан “Катапресан”, “Тавор” сингари психотроп таблеткалар борлиги аниқланган. Айтилишича, бу каби ҳолатлар бўйича божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.

“Бизнесга аралашган айрим хонандалар касодга учрамоқда”

Ўзини бизнесда ҳам синиб кўрмоқчи бўлган ўзбекистонлик айрим таниқли хонандаларнинг омади келмаётир (“Даракчи”, 29 январь).

Ўтган йили хонанда Манзура аёллар ва эркаклар либослари дўкони очганди. Аммо кўп ўтмай дўкон ёпилган.

Аёллар ва болалар либоси ишлаб чиқарувчи корхона очган хонанда Лола Йўлдошеванинг ҳам иши бароридан келмаган.

“Бошида донғи чиққанларнинг чанги ҳам кўринмай қолди”, деб ёзади газета. Хабарга кўра, актриса Зарина Низомиддинова ўтган йили очган дўкон ҳозирча ишлаб турибди.

“Сўхлик фуқаро қалбаки диплом билан туман маориф бўлимида ишлаб келган”

Фарғона вилояти Сўх туманида истиқомат қилган Ойбек Шеров қалбаки диплом билан туман халқ таълими бўлимида бир йилдан ошиқ ишлаб келгани аниқланди.

“Ҳуқуқ” газетасига кўра, таълим расмийси сохта ҳужжат билан ишлаб келаётгани текширув жараёнида фош этилган. Тергов жараёнида Шеров Қўқон давлат педагогика институти номидан берилган сохта дипломни қўқонлик Азизжон исмли шахсдан 500 минг сўмга сотиб олганини тан олган.

Хабарга қараганда, суд таълим соҳасида сохта диплом билан ишлаган фуқаронинг қилмишига яраша жазо тайинлаган.

XS
SM
MD
LG