Линклар

Ўзбекистондаги “Beeline-Uzbekistan” уяли телефон оператори ўз рекламасида ўзини асоссиз равишда энг зўр ширкат” деб атагани учун жазоланди. Ширкатнинг "Инновация" акцияси рекламалари телерадиоэфирлардан олиб ташлангани айтилмоқда.

Бундан ташқари, “Beeline-Uzbekistan” операторининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик санкциялари ҳам қўлланилган.

Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Республикасининг Реклама тўғрисидаги қонунинининг 13-бандини бузгани учун "Beeline-Uzbekistan" ширкати рекламасини эфирдан олиб ташлашга кўрсатма берилганини тасдиқлади.

- Реклама тўғрисидаги қонунимиз бор. Шу қонуннинг 13-моддасида асоссиз реклама, деган жойи бор. Ўша ерда айтилган, қанақа реклама бериш мумкин, қанақа мумкин эмас, деб. Бу рекламада “Beeline” энг зур компания, деб берилган-де. Бу ўша 13-бандга зид. Шунинг учун буни тузатиш ҳақида кўрсатмалар берилди. Бутун республика бўйича бу реклама телерадиоэфирлардан олиб ташланди,- деди Ўзбекистондаги Давлат рақобат қўмитаси ахборот ҳизмати вакили.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон Рақобат қўмитасининг огоҳлантирув хатидан сўнг мамлакатдаги барча телевидение ва радиолар "Beeline-Uzbekistan" оператори “Инновация” акциясининг барча рекламаларини эфирдан олиб ташлаганлар.

Ўз навбатида “Beeline-Uzbekistan” ширкатининг ахборот ҳизмати ходимларидан бири Инновация рекламасининг айрим жиҳатлари бўйича Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасидан эътирозлар бўлгани ва бу юзадан шу қўмита билан сўзлашувлар олиб боришганини тасдиқлади.

Лекин, реклама сабаб ширкатнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик санкциялари қўлланилганинини рад этишди.

- Биз бу борада ширкат билан мулоқот олиб бордик. Уларнинг эътирозлари эътиборга олинди. Лекин, ширкатимиз ходимларига санкция қўлланилгани ҳақидаги хабарлар нотўғри,- деди ширкатнинг исми сир қолишини айтган ходими.

“Beeline-Uzbekistan” "Vimpelcom Ltd" ширкатининг Ўзбекистондаги оператори ҳисобланади.

"Vimpelcom Ltd" нинг 33 фоизлик ҳиссадори ҳисобланган Норвегиядаги "Telenor" шикарти Ўзбекистон бозорига кириш учун президент Каримов оиласи аъзоларига пора берганига оид жанжал атрофида шу кунларда суриштирувлар давом этмоқда.

"Beeline" бренди остида фаолият юритаётган уяли алоқа оператори ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ абонентга эга.

2013 йилда "Beeline” уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош офисида солиқ ходимлари комплекс текширувлар ўтказган.

Текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик тополмагани маълум қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG