Линклар

Германия элчиси Ўзбекистон билан ҳарбий база бўйича келишилганини тасдиқлади


Термиз базасидан фойдаланиш шартномасининг муддати 2014 йилнинг 31 октябрда тугаши керак эди.

Термиз базасидан фойдаланиш шартномасининг муддати 2014 йилнинг 31 октябрда тугаши керак эди.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг Германия Ўзбекистоннинг Термез шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этиши ва Берлин ҳукумати бу борада ўзбек томони билан келишувга эришганини тасдиқлади.

Podrobno.uz сайти мухбири билан суҳбатда элчи Найтхарт Хёфер-Виссинг: “Биз Афғонистонга коалиция кучлари киритилиши билан бошланган бу ҳамкорликни давом эттирамиз. Бу борада ишлар давом этади", деб айтган.

Озодлик ўтган йилнинг октябрида Германия мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб, Тошкент ва Берлин Термиз ҳаво базасидан фойдаланиш муддатини узайтиришга доир келишувни имзолаганини хабар қилган эди.

Лекин иккала мамлакат расмийлари бу хабарни изоҳламай келаётган эди.

Шу ой бошида Германияда чиқадиган Der Tagesspiegel газетаси НАТОнинг Афғонистондаги миссияси ўзгаргани ва у ердаги аскарлар ва ҳарбий техника сони камайганига қарамасдан, Германия Ўзбекистоннинг Термез шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этиши ва Берлин ҳукумати бир неча ой аввал бу борада ўзбек томони билан келишувга эришгани ҳақда ёзган эди.

Германия Термиз ҳаво базасидан 2002 йилда халқаро коалиция Афғонистонга киритилганидан бери фойдаланиб келади.

Термиз базасидан фойдаланиш шартномасининг муддати 2014 йилнинг 31 октябрда тугаши керак эди.

Tagesspiegel газетасига кўра, Термиз базасидан фойдаланиш муддатини узайтиришга оид келишув ўтган йилнинг 1 сентябрь куни Тошкентда имзоланган.

“Афтидан, ГФР ҳукумати дунёдаги энг мустабил диктатуралардан бири билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни исботловчи келишувни сир сақлашдан манфаатдор”, дея тахмин қилган эди Tagesspiegel.

Марказий Осиё бўйича ихтисослашган германиялик журналист Маркус Бенсман Берлин ҳукумати Ўзбекистонни босими остида келишув тафсилотларини сир тутаётган бўлиши мумкинлигини айтади.

- Олдинига бу келишув жамоатчиликдан сир тутилди. Германия матбуотида хабарлар пайдо бўлгач, расмийлар шундай шартнома имзоланганини тасдиқлашди, лекин барибир кўп нарса мавҳум бўлиб қоляпти,- дейди Бенсман.

Германия ҳарбийлари Термиздаги базага 2002 йил 15 февралида жойлаштирилган.

Дастлаб Германия ҳукумати база ижараси учун Ўзбекистонга ойига 240 минг евро ҳақ тўлаган.

2005 йилдан эса Германия айни база ижараси учун йилига 12 миллион 400 минг евро тўлаган.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2011 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Германия Термиз базаси учун тўланадиган йиллик ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса ўтган ҳафтада ўз давлати ҳеч қанақа ҳарбий уюшмаларга қўшилмаслиги ва ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилишига йўл қўймаслигини яна бир бор таъкидлаганди.

23 январь куни Ўзбекистон Олий Мажлис сенати ва қонунчилик палатаси мажлисида сўзлаган нутқида жаноб Каримов жумладан шундай деди:

- Авваламбор, узоқ ва яқин қўшниларимиз билан тил топишиб, улар билан ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаш ва энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик, муқаддас юртимиз тупроғида чет мамлакатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштиришга ва ҳарбийларимизнинг чегараларимиз ташқарисига ўтишига йўл қўймаслигимиз шулар жумласидандир. Бугун юзага келаётган халқаро вазиятда айни шу йўл, шу сиёсат биз учун мақбулдир,- деди Каримов.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан сўнг АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Ўзбекистоннинг Хонобод ҳарбий базасидан фойдаланиб келди.

2005 йил Андижон воқеалари ортидан эса Ўзбекистон Америка ҳарбийларини ўз ҳудудидан чиқариб юборди.

НАТОнинг Афғонистондаги Халқаро хавфсизликни таъминлаш кучлари миссияси 2014 йилнинг охирида тугаши ортидан 2015 йилдан бошланган “Қатъий ёрдам” (Resolute Support) номли миссия доирасида НАТО давлатларидан 12,5 минг ҳарбий, жумладан 850 нафар немис қўшини иштирок этиши хабар қилинган эди.

НАТОнинг Афғонистондаги Халқаро хавфсизликни таъминлаш кучлари миссияси 2014 йилнинг охирида тугаши ортидан 2015 йилдан бошланган “Қатъий ёрдам” (Resolute Support) номли миссия доирасида НАТО давлатларидан 12,5 минг ҳарбий, жумладан 850 нафар немис қўшини иштирок этиши хабар қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG