Линклар

Украин талабалари россиялик талабаларга - "Ахборот пардасини кўтаринг!"


"Эшитганингизни текширинг, кўрганингизга ишонманг!" - бу украиналик талабаларнинг россиялик тенгқурларига Кремлнинг ашаддий пропагандасига қандай ёндашиш кераклиги тўғрисида берган маслаҳатидир.

Москвадаги талабаларга қаратилган видео мурожаатда, Киевдаги бир неча ўқув юрти талабалари Россия ҳукумати назоратидаги оммавий ахборот воситалари орқали Украина ва украиналиклар ҳақида берилаётган маълумотларга ишонмасликка чақиради.

Россия телевидениеси украин аскарлари гўё, болаларни чормихга тортгани ва европапараст намойишчилар эса мутаассиб неонацистлар деб таърифланган хабарларни бериб келмоқда.

"Мамлакатимизда уруш кетмоқда. Сизнинг ва бизнинг аскарларимиз бизнинг мамлакатда ҳалок бўлишаяпти, оддий фуқаролар ҳалок бўлишаяпти",– дея мурожаат қилади видео орқали талабалардан бири. "Биз сизни ахборот пардасини кўтаришга чақирамиз."

"Биз баррикадаларнинг икки томонидамиз, ... орамизда эса, километрларга чўзилган тушунмовчилик, – деб давом этади бошқа талаба. - Орамизда фашистлар ва украин миллатчилари ҳақида эртаклар турибди."

Киевлик талаба ва видеонинг ташаббусчиси Евгений Мелник украиналиклар Россия оммавий ахборот воситаларида Украинадаги рус тилида гапирувчиларни жазолашни мақсад қилиб қўйган, болаларни чормихга тортувчи фашистлар қилиб кўрсатилишдан чарчаганларини айтади.

Мелник видеонинг мақсади шу каби нотўғри тасаввурлар билан курашиш эканлигини айтади. Унинг фикрича, Киев мамлакатнинг шарқида русийзабон ғалаён билан курашаётган бир пайтда бунақа тасаввурлар русларни украиналикларга янада қарши қилмоқда.

"Бу ҳозирги ахборот жангига қандайдир қилиб нуқта қўйишга ҳаракат қилаётган оддий талабалардир", – дейди Мелник Озодлик радиоси билан қилган суҳбатида. - "Айнан шу ахборот жанги Донецк ва Луганкс ҳудудларидаги вазиятни авж олдираяпти."

Мелник видео бутунлай талабалар томонидан тайёрланганини ва ҳукумат лойиҳаси эмаслигини айтади.

Унга кўра, мазкур видео у мамлакатнинг "кучи ва келажаги" деб атовчи кўплаган украин ёшларининг ва талабаларнинг қарашларини ифодалайди.

Видео Киевда рўй берган Евромайдон намойишлари Россия ҳукуматига тегишли оммавий ахборот воситалари таъкидлагандек АҚШ ҳомийлик қилган тўнтарилиш эмаслигини,аслида президент Виктор Янукович ҳукм сурган пайтдаги "оммавий порахўрлик, Европа билан интеграциянинг бутунлай рад қилиниши, цензура ва милициядаги қонунсизликни" қоралаш учун содир бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Видеода россияпараст айирмачилар Қримда кўпчиликни "қурол таҳдиди остида" Россияга қўшилишини қўллаб овоз беришга мажбурлашда айбланади.

Ниҳоят, украиналик талабалар русларни ғарбни айблашни тўхтатишга ва унинг ўрнига келажакни ўз қўлларига олишга чақиради.

"Бизнинг муаммоларни келтириб чиқарган ягона айбдор сиз ва биздир, аниқроғи мамлакатларимиз бошлиқларидир, – дейилади видеода - Энг муҳим қадриятни инсон ҳаёти деб билган Европа ва Америка шунчаки ўз принципларини ҳимоя қилаяпти холос, кимнидир тиз чўкдиришга ҳаракат қилаётгани йўқ."

XS
SM
MD
LG