Линклар

Риштонлик боғча мудираси ўз эрини чопиб, мурдани яширганликда гумонланмоқда


Фарғона вилояти Риштон тумани марказидаги болалар боғчаси мудираси бўлган 40 яшар аёл ўз эрини болта билан чопиб ўлдириб, жасадни яширганликда гумонланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ушбу қотилликда гумонланиб, эҳтимолий жабрланувчининг қизи ва куёви ҳам ҳибсга олинган. Милиция ва прокуратура 78 кундан буён марҳумнинг жасадини қидирмоқда.

Риштонда бораётган тергов тафсилотларидан хабардор манбаларнинг айтишича, терговчилар воқеа ўтган йилнинг 14 ноябрь куни Риштон туманининг Авазбой қишлоғида содир бўлганини айтмоқда.

Эҳтимолий жабрланувчи ва гумондор уч шахснинг исм-фамилияси Озодликка маълум. Лекин тергов жараёни ниҳоясига етмагани боис улар шахсини очиқламаяпмиз.

Воқеа тафсилотларидан хабардор Озодлик манбасига кўра, қотиллик деб қаралаётган бу воқеада гумонланиб, эҳтимолий жабрланувчининг хотини, куёви ва қизи тергов қилинмоқда:

“Аёлнинг ўзи Риштон марказида ишлагани билан уйи Авазбой қишлоғида. У куёви билан тил бириктириб, эрини болталаб ўлдирганини айтишаяпти. Ўша хотин эрини бўйнини болта билан чопган ва унинг мурдасини яшириб қўйишган. Мурдани яширишда марҳумнинг қизи ҳам қатнашган. Шунинг учун учаласи ҳам ҳибсга олинган”, деди тафсилотлардан хабардор манба.

Риштондаги бошқа бир манбага кўра, мудира аёл билан унинг куёви ҳозирда тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда. Унинг қизи эса ҳомиладор бўлгани учун судгача ҳибсдан озод қилинган.

Риштон ҳуқуқ-тартибот идоралари 14 ноябрдан буён эҳтимолий жабрланувчининг жасадини қидириш билан шуғулланмоқда. Бироқ милиция маълумотига кўра, жасад ҳануз топилмаган.

Риштон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, эҳтимолий жарбланувчи 43 ёшда бўлиб, пул ишлаш учун тез-тез Россияга мардикорликка бориб-келиб турган. Унинг рафиқаси 40 яшар аёл эса олий маълумотли бўлиб, Риштон туман марказидаги болалар боғчасига тўрт йилдан буён мудиралик қилиб келган. Ушбу воқеадан сўнг аёл ўз аризасига кўра, мудираликдан бўшатилган.

Воқеадан хабардор яна бир риштонликка кўра, эҳтимолий қотиллик мотиви бўйича иккита версия кўриб чиқилмоқда:

“Биринчиси, эр Россияга бориб, ишлаб топган пулини уйига жўнатиб турган. Хотин эса эри келгунча у юборган барча пулни ишлатиб қўйган ва эри пулни сўрашидан қўрқиб, шу жиноятга қўл урган. Бошқа бир версия эса, марҳум рафиқасини куёви билан хушторлик қилаётганида ушлаб олган. Воқеани маҳаллага ошкор бўлишидан қўрққан хотин куёви билан бирга эрини болталаган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор риштонлик манба.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ушбу воқеа бўйича прокуратура Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Қасддан одам ўлдириш” (97-модда) моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган. Ноябрь ойида бошланган тергов-суриштирув жараёни ҳали ниҳоясига етмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG