Линклар

logo-print

ФСБ Украина элчихонасига телефон қилган уй бекасини давлатга хиëнатда айбламоқда


Давлатга хиëнатда айбланаëтган Светлана болалари ва эри билан.

Давлатга хиëнатда айбланаëтган Светлана болалари ва эри билан.

21 январь куни Смоленск области Вязьма шаҳрида яшовчи Светлана Давидова Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди.Оддий уй бекасига ҳозирда Россия Жиноят Кодексининг 275-моддаси бўйича “Давлатга хиëнат” айби қўйилмоқда. Етти боланинг онаси бўлган Давидованинг бор-йўқ айби ўз уйи олдидаги ҳарбий қисмнинг бўшаб қолгани ва бу ердаги ҳарбийларнинг Россия-Украина можароси ҳудудига юборилган бўлиш эҳтимоли ҳақида Украина элчихонасига телефон қилганидир.

Светлана Давидованинг эри Анатолий Горлов Озодлик мухбири билан суҳбатда хотини бошига тушган кўргуликларни ҳикоя қилиб берди:

– 21 январь куни эрталабки соат 8:15 да қўшнилар бизнинг шовқин-сурон солаëтганимиздан шикоят қилишгани баҳонасида участка нозири келди. Аслида болалар ҳали ухлаëтгани учун уйимизда тинчлик эди.Эшикни очишимиз билан ФСБ оператив гуруҳи ҳаëтимизга бостириб кирди. Компютер¸ техника¸ ëзувларни олишди. Ушлаб туришган пайтда бизга ҳеч нима дейишмади. 26 январь куни эса менга расмий хат келди. Унда хотиним Светлана Давидованинг Жиноят Кодексининг 275-моддасида кўзда тутилган жиноятда гумонланиб ҳибсга олингани¸ Светлананинг қаерда сақланаëтганига оид қўшимча маълумот берилиши ëзилган. Хатга Россия ФСБнинг ўта муҳим ишлар бўйича Биринчи тергов бўлими терговчиси¸ адлия полковниги Михаил Свинолуп қўл қўйган¸ дейди Давидованинг эри.

Горловнинг айтишича¸ хотинининг ҳозирда эҳтиëт чораси сифатида дастлабки икки ойга Лефортоводаги тергов изоляторида сақланаëтгани ва келаси ҳафта Светлана билан кўришиши мумкинлигини адвокат орқали билдиришган.

Давидова ишини олиб бораëтган терговчи Горловга хотинининг Украина элчихонасига телефон қилиб¸ давлат сири бўлган маълумотни уларга еткизганликда айбланаëтганини билдирган.

Гарчи Светлана олий иқтисодий маълумотга эга¸ аспирантурада ўқиган аëл бўлса ҳам¸ у ҳарбий соҳада ҳеч нарсани тушунмайдиган¸ "Урал"НИ "ГАЗ"дан фарқлай олмайди¸ дейди хотинига давлат ҳарбий сирини ошкор қилиш айби қўйилаëтганидан ҳайратга тушган Анатолий Горлов.

- Шунинг учун мен чақалоғига қараш учун уйда ўтирган кўп болалик онанинг деразадан қараб қандайдир сирни билиб олгани ва уни кимгадир еткизиши мумкинлигини тушуна олмаяпман. Рости гап¸ бўлаëтганларга ҳеч ақлим етмаяпти¸ дейди Горлов.

Светлана Давидовага давлат томонидан тайинланган адвокат¸ эрининг айтишича¸ ҳозирча унга кийим-кечак етказиш¸ шароитини яхшилаш борасида бош қотирмоқда. Қўйилаëтган айбнинг ўта оғирлигидан келиб чиқиб адвокат¸ Давидовага камида 12 йил¸ кўпи билан 25 йиллик қамоқ жазоси тайинланишини билдирган.

Горловга кўра¸ улар яшайдиган квартира ойнасидан ҳарбий қисм ҳудудининг кичик бир қисми кўриниб туради. Лекин исталган одам Google maps орқали биз кўрган нарса¸ ҳатто ундан кўпроғини кўриши мумкин¸ деб қўшиб қўяди Давидованинг эри. Хотинингиз деразадан қараб ҳарбий қисмнинг чиндан ҳам Украина ҳудудидаги жанговар амалиëтларга юборилаëтганини аниқлаши мумкинми¸ деган саволга Горлов:

- У нимани ҳам аниқлаши мумкин! Менимча у Украина элчихонасига ўз ҳиссиëтидан келиб чиқиб телефон қилган. Бўшаб қолган ҳарбий қисмни кўриб одамлар урушда ўлиб кетмасин деган ният билан ўз тахминини айтган¸ холос. Украина фақат украинлар эмаску¸ у ерда руслар ҳам бор¸ ҳаммамиз ҳам одаммиз ахир. У ерда бўлаëтган воқеалар расвогарликку ахир¸ деб жавоб беради.

Горловга кўра¸ хотини маршруткада кетаëтиб¸ ëнида ўтирган ҳарбийнинг телефон орқали бошқа бир одамга гапирганларини кундалигига ëзиб олган. Светлананинг кундалигида 2014 йилнинг 24 апрель санаси билан қўлда ëзилган хат топилган. Тергов протоколида бу хатда”Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош разведка бошқармаси ҳарбийлари душанба куни фуқаролик кийимида гўë ўз ҳисобларидан¸ хусусий тартибда Москвага боришади. Қуролни жойида олишади. Сайловларгача қолишни режаламоқдалар. У ëғини вазиятга қараб белгилашади. Балки бу хабар сизга украинлар ҳаëти ва мамлакат бутунлигини сақлашга ëрдам берар” деб ëзилгани иддао қилинган.

Горлов¸ Светлананинг бу ëзуви унинг урушга қарши позицияси ифодаси эканини айтади:

- Ҳа¸ у урушга қарши. Фақат Украина ҳудуди эмас¸ балки ҳар қандай урушга қарши у. Рус халқини қандайдир фитналарга тортиш¸ оддий одамларнинг ëстиғини қуритишларига қарши. У бу қаршилигини бекитмади¸ танишларига айтди¸ кўча-кўйдагилар билан тортишди. Унинг тергов протоколига киритилган кундаликдаги ëзувларидан биттасида

"Мен кўп болалик онаман. Россияда қонунчилик¸ эркин фикр билдириш ҳаққи ëмонлашаяпти. Эртами-кечми оиламга қарши очиқ зўравонликка дуч келишим мумкин. Ҳозир Украинага кетган бандитлар Россияга қайтиб¸ айни жаҳолатни давом эттиришади” деб ëзилган бўлса¸ бошқасида Украинада халқ учун курашаëтган бўлсалар¸ Россияда Путин халққа қарши курашяпти”¸ деб ëзилган¸ дейди 21 январь куни давлатга хиëнат айби билан ҳибсга олинган 7 боланинг онаси Светлана Давидованинг турмуш ўртоғи Озодлик билан суҳбатда.

Ана шундай урушга қарши позицияси учун жазоланган Светлана¸ ҳозирда икки ойлик гўдагидан ажратилиб¸ Лефортово қамоғида сақланмоқда. Унинг айни позицияни қўллаëтган эри Светлана учун адолат қарор топтиришда ягона чораси ошкоралик экани ва хотинини болалари¸ хусусан эмизикли чақалоғи олдига қайтариш учун курашишини айтади.

Светлана Давидковага давлат томонидан тайинланган адвокат Андрей Стебенев¸ Светлананинг керак бўлмаган жойга телефон қилиб¸ керак бўлмаган нарсани айтгани учун жазоланаëтганини айтади:

- Уни давлатга қарши хиëнат¸ давлат сирини ошкор қилишда айблашмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг дастлабки хулосаси бор. Қанақа маълумот берилди¸ уларнинг қиммати қанақа бўлган¸ бу ҳақда ҳали яна экспертиза ўтказилади. Светлананинг кейинги тақдири экспертиза хулосасига боғлиқ бўлади. Қўйилаëтган айб бўйича энг кам жазо 12 йиллик қамоқ¸ дейди адвокат.

Етти боласидан ажратилиб¸ ҳибсга ташланганига қарамай¸ Светлананинг кайфияти тетик ва дадил¸ деб қўшиб қўяди адвокат.

Кузатувчиларга кўра¸ Украина можароси бошланганидан бери Россияда шпиономания авж олаëтгани ортидан Россия қамоқхоналари¸ хусусан¸ Москвадаги Лефортово ҳибсхонасига давлатга хиëнат ва жосусликда айбланиб ташланганлар сони ошиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG