Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:24

Киев ҳукумати Минскдаги музокараларда муросага эришилишига умид қилмоқда


Украина шарқида қонли тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда Киев ҳукумати бугун Минск шаҳрида бўладиган уч тарафлама музокараларда ўт очишни тўхтатиш борасида муросага келинишига умид қилмоқда.

Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш бўйича уч тарафлама музокаралар бугун Минскда бўлиши кутиляпти.

Украина, Россия ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ўртасида бўлажак музокараларда томонлар оғир техникани жанг майдонидан олиб чиқиши, ўт очишни тўхтатиши, Луганск ва Донецк вилоятларига гуманитар ёрдамлар етказилиши ҳамда асирларнинг озод этилиши борасида муросага келиши кутилаяпти.

Айирмачилар музокараларда оғир қуролларни жанг майдонидан олиш масаласи кўтариладиган бўлса, мазкур қуроллар ортга суриладиган сўнгги манзил сифатида жабҳанинг ҳозир юзага келган чизиғи назарда тутилиши кераклигини айтишган.

Исёнчиларга кўра, ўтган йилнинг сентябрь ойидаги Минск сўзлашувларидан бери улар назорат қилаётган ҳудуд 500 квадрат километрга кенгайган ва Украина шарқидаги ҳозирги жабҳа чизиғи ғарбга силжиган.

Ўзини "Донецк халқ республикаси", деб эълон қилган айирмачи гуруҳлар музокараларга вакилларини юборишларини билдирганлар.

Украина номидан эса Минскдаги сўзлашувларда мамлакатнинг собиқ раҳбари Леонид Кучма қатнашади.

Айирмачилар етакчилари музокараларда Украинанинг жорий ҳукумати вакили билан кўришишни хоҳлаётганликларини айтишганди.

30 январь куни Германия Канцлери Ангела Меркель билан телефон мулоқоти чоғида Украина раҳбари Петро Порошенко ўт очишни тўхтатиш зарурлиги ҳақида гапирган.

Минскда уч тарафлама тинчлик музокаралари кутилаётган айни пайтда Украина Мудофаа вазирлиги мамлакат шарқидаги жангларда 15 ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Вазирлик вакилига кўра, Донецк вилоятининг Дебальцева шаҳрида тўқнашувлар рўй берган.

Тинч аҳоли вакилларидан камида уч киши ҳалок бўлган.

Ўзларини "Донецк халқ республикаси", деб эълон қилган айирмачи гуруҳлар ўтган бир кун ичида жангларда етмишдан ортиқ украин аскари ҳалок бўлганини билдиришган.

Бу ахборотни мустақил манбаалардан текшириш эса имконсиз

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раиси, Сербия бош вазири ўринбосари Ивица Дачич сўнгги кунларда Украина шарқида вазият ўта ёмонлашганини айтиб, урушаётган томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди.

XS
SM
MD
LG