Линклар

Кобулда Charlie Hebdo карикатураларига қарши уюштирилган намойиш тартибсизликка айланиб кетди


Афғонистон пойтахти Кобулда Франциянинг Charlie Hebdo журналида чоп этилмиш пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларига қарши 31 январь куни уюштирилган норозилик намойиши чоғида икки киши ҳалок бўлди, уч киши тан жароҳати олди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, кеча Кобулда намойишга чиққан 500 чоғли киши “Францияга ўлим”, “Ислом душманларига ўлим” дея ҳайқирган. Афғон полицияси вакиллари намойишчилар полициячиларга қарши ёнаётган ғилдирак, тошлар улоқтиргани, кейин эса ўт очгани ортидан норозилик тадбири тартибсизликка айланиб кетганини айтмоқдалар. Айни пайтда афғон полициячилари тартибсизлик чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмагани, фақат икки киши жароҳатланганини таъкидлаяптилар.

Кобул полицияси бошлиғи Абдурраҳмон Раҳимий норозилар орасида масъулиятсиз жанггарилар бўлгани, полицияга ўқни ўшалар отганини иддао қилди.

Бу Charlie Hebdo журнали карикатураларига қарши Кобулда уюштирилган учинчи норозилик намойишидир. Аммо аввалги икки намойиш зўравонликсиз ўтганди.

XS
SM
MD
LG