Линклар

Хитойда эркакларга нисбатан аёллар сонининг кескин камайиб кетгани мамлакат расмийларининг жиддий ташвишига сабаб бўлаяпти. Айни пайтда расмий Пекин бу муаммони хориждан, шу жумладан, Украинадан келин олиш билан ҳал қилишни кўзлаётир.

Хитойда шу кунда ҳар 100 аёлга 120 нафардан эркак тўғри келаётгани расмийларни жиддий ташвишга солиб қўйган кўринади.

Хитойдаги Beijing News давлат ахборот агентлиги шу кунларда хитойлик эркаклар ўзига хотин топиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини эълон қилди. Мазкур рўйхатда Япония ва Жанубий Корея билан бир қаторда хитойлик куёвларга Украина ҳам таклиф қилинган. Бу ҳақда АҚШда чиқадиган Foreign Policy журналининг жорий ҳафтада босилган “Хитой нашрлари украиналик келинлар Хитойдаги жинсий мувозанатсизлик муаммосини ҳал қилиши мумкинлигини таъкидламоқдалар” сарлавҳали мақоласида айтилади.

Хитойдаги маданият ҳақида ёзадиган ва кундалик хабарлар ёйинлаб борадиган СhinaTopix онлайн-журнали эса жума куни чоп этилган “Пекин хитойлик ёлғиз эркаклар учун украиналик келинларни кўзлаяпти” сарлавҳали мақоласида украиналик аёллар осиёлик эркакларга турмушга чиқиши эҳтимоли ҳақида сўз юритилади. Мақолада хитойлик эркаклар тобора “очилиб бораётган” бир пайтда Украинадаги вазият Россия билан зиддият қабатида кундан-кунга ёмонлашиб бораётгани писанда қилинади.

“Хитойлик эркакларга келсак, украиналик аёллар улар учун муносиб ёр бўлиши мумкин”, деб ёзади СhinaTopix.

Австралиянинг News.com сайти маълумотига кўра, 2014 йил охирида Хитойда аёллар сони эркаклардан 34 миллионга кам бўлган ва мамлакатда аёллар танқислиги тобора сезилиб қола бошлаган. Сайт маълумотларига кўра, кейинги етти йил ичида 15 фоизгача бўлган хитойлик эркаклар ўзига турмуш ўртоғи тополмай қолиши мумкин.

Хитойда шу кунда аёллар етишмаслигига 1978 йилда жорий қилинган “бир оила учун бир бола” сиёсати сабаб бўлгани айтилади. Бу сиёсат туфайли кўп ота-оналар ҳомиланинг жинси қиз экани аниқланганидан кейин уни аборт қилдирганлар. Бу эса мамлакатда эркаклар сони ошиб кетишига олиб келган.

Маълумотларга кўра, 1995 йилдан бери Хитойда шифокорларга ҳомиланинг жинсини аниқлаш тақиқлаб қўйилган, бироқ оилалар ҳали ҳам ноқонуний йўллар билан ёки чет элларда туғилажак фарзандларининг жинсини аниқлаш имкониятига эгалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG