Линклар

Украина шарқида Киевнинг 13 аскари, тинч аҳолидан 6 нафари ўлдирилди


Украина ҳукумати кейинги бир сутка ичида мамлакат шарқида 13 ҳарбий ўлдирилгани ҳақида баёнот тарқатди.

1 февраль куни тарқатилган баёнотда бу минтақада россияпараст сепаратчиларга қарши жангларда яна 20 ҳарбийнинг жароҳатлангани айтилди.

Минтақа расмийлари ва фуқаролардан йиғилган маълумотларга кўра, жанг ҳаракатларида тинч аҳоли вакилларидан 6 нафари ҳам ўлдирилган.

31 январь куни ўтказилган тинчлик музокаралари натижасиз якунланди. 4 соатдан кўпроқ давом этган музокараларда Россиянинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов, ЕХҲТ вакили Ҳайди Тальявини ҳамда айирмачилар вакили бўлмиш Денис Пушилин ва Владислав Дейнеголар қатнашдилар.

ЕХҲТ маълумотларига кўра, Донбассда 2014 йилнинг апрель ойидан буён давом этиб келаётган қуролли тўқнашувларда 5 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 10 мингдан кўпроқ одам жароҳатланган, уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар сони эса 1 миллиондан ошиб кетган.

XS
SM
MD
LG