Линклар

logo-print

Шу йилнинг 30 январь куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судида “Жиҳодчилар” диний-радикал оқимига мансубликда айбланган икки нафар шахс — Каттаев Аҳлиддин Ахтам ўғли ва Давлатов Сирожиддин Нуркабилович иши кўрила бошлади. Сурхондарё вилоят ИИБ тергов бошқармаси катта терговчиси Ғайрат Усановга кўра, бу шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланмоқда.

Жиноят иши матеиралларига кўра, бу шахслар мамлакатда фаолияти таъқиқланган “Жиҳодчилар” диний-радикал оқими фаоллари сифатида Ўзбекистон Республикаси амалдаги конституциявий режимини ағдариш ва унинг ўрнида “Ислом давлати” қуриш ғояларини илгари суришган. Сурхондарё вилояти ҳудудида оқимнинг махсус гуруҳини ташкил этишиб, унга ўнлаб шахсларни жалб этишган.

Сурхондарё вилоят прокуратурасининг қарори билан 2014 йил 25 декабрида диний-радикал оқимнинг ўнга яқин фаолига оид жиноят иши алоҳида иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Сурхондарё вилоят ИИБ тергов бошқармаси маълумотига кўра, айни шу оқимга мансубликда айбланган Тошкент вилояти Занигота тумани 1-миттитуман 1-уй 29-хонадонида яшовчи Мўминов Абдулазиз Ҳотамовичга тегишли жиноят иши тергови ҳам тугалланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 381-моддасига асосан суд муҳокамасига юборилган.

2011 йилнинг 2 августида “Озодлик”ка Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи кекса Олим Болтаев ўғли Аҳмад Болтаевнинг мазкур оқимга аъзоликда айбланиб, 15 йилга ноҳақ қамалгани хусусида интервью берганди. Энди унинг куёви Абдулазиз Мўминов ҳам оқим фаоллигида айбланмоқда.

Судланувчиларнинг қариндошларига кўра, Сурхондарё вилоятининг турли жойларида истиқомат қилиб келган яна 14 нафар шахс "Жиҳодчилар" оқимига мансубликда айбланиб, ҳибсга олинган. Уларнинг айримлари Қозоғистон Республикаси ҳудудидан тутиб келтирилган. Яна 10 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, халқаро қидирувга берилган.

Ўзбекистонда “Жиҳодчилар” оқимига мансубликда айбланиб қамалган 24 нафар шахс 2010 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳамда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадовга суиқасдда айбланиб, қамоққа олинган. 2012 йилда “Жиҳодчилар”нинг яна 37 нафари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳар суди қарори билан Ўзбекистонга экстрадация қилинган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳозиргача юздан ортиқ шахс мазкур оқимга мансубликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG