Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:09

Тошкент қора бозорларида доллар 4 минг 100 сўмга чиқди


Тошкент қора бозорларида 1 АҚШ доллари 1 февраль куни 4 минг 50 - 4 минг 100 сўмгача қимматлади. Бу сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистон қора бозорларида қайд этилган рекорд кўрсаткичдир. Саррофлар доллар нархининг беқарорлигини Россия рублининг қадрсизланишию, Ўзбекистонга АҚШ доллари оқимининг кескин камайгани билан изоҳламоқда.

Тошкент шаҳридаги йирик ва улгуржи бозорлар ён-верида юриб турган қора бозорларда шу кунларда АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбати ўта беқарор бўлиб қолмоқда.

1 февраль куни АҚШ долларини сўмга айлантирган тошкентлик Ҳакимжон Олой, Чилонзор ва Тахта бозорлари теграсида шаклланган хорижий валюта қора бозорларида саррофлар 1 АҚШ долларини 3 минг 800 - 3 минг 900 сўмдан харид қилганига гувоҳ бўлганини айтмоқда.

- Мен кеча Чилонзордаги қора бозорда доллар майдаладим. Менга 3 минг 880 сўмдан майдалашди. Кейин улардан қанчага сотаётганини ҳам сўрадим: 4 минг 50 - 4 минг 100 сўмдан сотамиз, дейишди. Бошқа қора бозорлардан ҳам сўрадим, нархлар шунақа - максимум, 4 минг 150 бўлди кеча,- дейди тошкентлик тадбиркор Ҳакимжон.

Бу 1 февраль кунида қайд этилган рекод нархдир. 2 февраль куни эса қора бозорларда саррофлар 1 АҚШ долларини ўртача 3 минг 950 сўмдан сотгани, аҳоли қўлидан эса 3 минг 920 сўмдан сотиб олгани қайд этилди.

Ўзбекистон қора бозорларда доллар нархининг рекорд даражада ошганию кейинги бир ҳафта - ўн кун ичида хорижий валюта нархининг ўта беқарор бўлиб тургани сабабларини саррофларнинг ўзи хориждан келаётган валюта оқимининг кескин камайгани билан изоҳламоқда.

- Мен нимага бунақа қора бозорнинг нархини ошириб юборишганини сўрасам, Россиядан доллар кам келаяпти, деб айтишди. Лекин, нарх нимага бунақа ўйнаяпти, десам: "Биз ҳам билмасак энди, бозорда бу", дейишяпти,- дейди тошкентлик тадбиркор Ҳакимжон.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек ўзбек қора бозорларида нархни ўйнатаётган омиллар бир талай эканини айтаркан, асосий омил ҳануз Россия рублининг беқарорлигидир, деб ҳисоблайди:

- Россия рублининг курси ўйнаб турибди ва бу Ўзбекистондаги қора бозорларга, табиийки, таъсир қилаяпти. Иккинчидан, доллар келиши камайган. Энди бу борадаги якуний бир хулосани Россия Марказий банкининг хорижга юборилган валюта миқдорига оид статистикаси чиққандан кейин айтиш мумкин,- дейди иқтисодчи Тошбек.

Ўзбекистон Марказий банки 27 январь куни хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларини белгилаган ва шу кундан Ўзбекистонда 1 АҚШ долларининг расмий курси 2 минг 436 сўм 16 тийинга тенг қилиб қўйилган.

Январь ойида Жаҳон банки иқтисодчилари Россияда рубль қадрининг кескин тушиши ортидан Россиядан пул ўтказмалари бораётган 9 мамлакат, жумладан Ўзбекистон иқтисодига хавф туғилгани ҳақидаги хулосани эълон қилган эди.

Жаҳон банки мутахассисларига кўра, МДҲ маконидаги мамлакатлар 2015 йилда умумий миқдорда 10 миллиард доллардан кўпроқ тушумдан мосуво қолиши мумкин.

Айни пайтда Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодининг камида 12 фоизи Россиядан келадиган пул ўтказмаларига боғлиқ экани ҳақида хулоса берган.

Жума куни Россия Марказий банки бир АҚШ доллари нархини 68 рубль 92 копейка қилиб белгилади. Аммо, 2 февраль куни Россия биржаларида АҚШ долларининг нархи 70 рублдан ошиб кетди.

Рубль қадрсизланишининг таъсири, айни пайтда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам сезилмоқда. Январь ойида Туркманистоннинг манати 19 фоизга қадрсизланди.

Жаҳон банки мутахассисларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистонга инфляция таҳдид солмоқда.

Тошкент қора бозорларида доллар 4 минг 100 сўмга чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк


XS
SM
MD
LG