Линклар

Журналист: Путин қизи кимлигини яширишдан маъни қолмади


Россия матбуоти Екатерина Тихонова Путиннинг қизи экани иддао қилинмоқда.

Россия матбуоти Екатерина Тихонова Путиннинг қизи экани иддао қилинмоқда.

Россия Президенти Владимир Путиннинг кенжа қизи ҳақидаги ёпиқ маълумотларни ошкор этганини иддао қилаётган журналистнинг айтишича, президент қизининг Москвадаги университетни таъмирлашга доир 1,7 миллард долларлик лойиҳада иштирок этатгани унинг жамоатчиликка кўриниш беришини тақазо этган.

Гленн Кейтс

“Москва Давлат университетига доир бу лойиҳа жуда каттадир ва президент қизининг унда иштирок этаётганини яширишнинг иложи бўлмаган”,- дейди ҳозирда Женевада муҳожиратда яшаётган журналист ва блоггер Олег Кашин "Настоящее время" телеканалига берган суҳбатида.

Путин ўзнинг шахсий ҳаёти ёритилишини ман қилган ва қизлари – 29 ёшли Мария ва 28 ёшли Катеринанинг шахсий ҳаётларини оммавий ахборот воситаларидан давлат сири сингари ҳимоя қилиб келган.

Аммо Кашин 29 январь куни Интернетда эълон қилган репортажида Москва Давлат университети билан ҳамкорлик қилаётган ташкилот раҳбари сифатида тақдим этилган Катерина Владимировна Тихонова исмли аёл Москванинг жануби-ғарбидаги ҳашаматли ҳудудда жойлашган унверситетнинг асосий биноси яқинида олиб борилаётган қурилиш ишларига бош-қош бўлаётгани ва бу аёл Путиннинг қизи эканини ёзди.

“Путиннинг қизи топилди”, деб ёзди Кашин.

Кашиннинг Интернет-мақоласидан аввалроқ Россияда чиқадиган мустақил РБК нашрида чоп этилган репортажда Тихонова қурилиш лойиҳасида иштирок этаётган Иннопрактика ширкати раҳбари сифатида тақдим қилинган эди.

РБК репортажида Тихонованинг бевосита Путинга алоқаси борлиги айтилмаган, лекин шу пайтгача ҳеч кимга маълум бўлмаган Тихонова кейинги пайтларда "жамоатчиликка тез-тез кўриниш бераётгани" қайд этилган.

РБК мақоласида лойиҳа ташкилотчиларидан бири Наталья Попова Тихоновага мақтовларни ёғдириб, бу ғояни "Катерина кўтариб чиққани" ва унинг мақсади "мутахассисларнинг Россияни тарк этиши олдини олишга ҳисса қўшишдир”, дея иддао қилади.

Кашиннинг қайд этишича, бу мақола эълон қилиниши ортидан ижтимоий тармоқларда фаоллар Тихонова Путиннинг қизи бўлиши мумкинлигига кўп шама қилган.

РБК репортажидан аввал ҳам, дейди Кашин, кўпчиликда бундай гумонлар бўлган.

"Москвада ярим йилдан бери, балки ундан ҳам кўпроқдир, бу миш-мишлар ҳамманинг оғзида бўлган" дейди Кашин "Настоящее время" телеканалига. “Бундан хабари борлар, хусусан ўзим ҳам, бу ҳақда гапиришни истамаган ёки бошқа мажбуриятлар сабаб бу ҳақда гапира олмаган", дейди у.

“Буни мен тамхин қилиб, аниқладим, демоқчимасман, мен қаерда ва нимани излашни билардим холос”, дея қўшимча қилади журналист.

Акробат раққоса

Унинг айтишича, РБК мақоласидан кейин ўз ихтиёридаги маълумотларни ортиқча сир сақлаб ўтиришдан маъни қолмаганини англаган.

Рейтерс агентлиги университетга яқин манбанинг Тихонова Путиннинг қизи эканини тасдиқлагани ҳақидахабар қилди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу аёлнинг кимлиги тўғрисидаги саволга: “Унинг кимлигини билмайман”, дея жавоб берди. Песков ўз вазифаси “президент фарзандлари билан эмас, унинг ўзи билан ишлаш”дан иборат эканини таъкидлади.

Кашиннинг айтишича, Тихонова акробат-раққоса ҳамдир. У раққоса сифатида Россия ва Европадаги мусобақаларда иштирок этган. 2013 йилда YouTube порталида тарқалган бир нечта идеода Тихонованинг Швейцария ва Москвада раққос ҳарифи билан ўйинга тушаётгани тасвирланган.

Мухолифатчи блоггер Алексей Навалний ҳам ўз Facebook саҳифасида Тихоновани Путин билан боғловчи маълумотларни чоп этди.

Ўтмишда Путин қизлари атрофидаги махфийлик уларнинг қаерда яшашию нима билан шуғулланиши тўғрисидаги миш-мишларни урчитиб келган.

Малайзия ҳаво йўлларининг MH17 йўловчи самолёти уриб туширилиши ортидан Ҳолландиянинг Ҳилверсум шаҳри ҳокими Путиннинг бу мамлакатда яшаши иддао қилинган қизи Марияни мамлакатдан чиқариб юборишга чақирган эди.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларида Катерина Сеулда қаллиғи жанубий-кореялик адмирал билан яшаётгани ва унга турмушга чиқиш ниятида экани ҳақида кўпдан бери хабарлар пайдо бўлиб келади. Кремль бу хабарларни рад этиб келади.

Ноябрда берган интервьюсида Путин иккала қизи ҳам Москвада яшаши ва уларни бир ойда тахминан икки марта кўришини айтганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG