Линклар

Тожикистонда яшаётган чечен аёл Рамзан Қодировдан ёрдам сўради


Чеченистонлик Лидия Раҳимова-Мухлаева ўз яқинларини қидирмоқда

Чеченистонлик Лидия Раҳимова-Мухлаева ўз яқинларини қидирмоқда

Ўзбек оиласига 37 йил олдин келин бўлиб тушган асли чеченистонлик Лидия Раҳимова-Мухлаева Чеченистон президенти Рамзан Қодировдан ўзининг яқинларини топишда кўмаклашишни сўрамоқда. Лидия опа Тожикистоннинг Суғд вилоятида ўтказган ҳаёти тўғрисида Озодликка гапириб берди.

Суғд вилоятидан тожикистонлик Лидия Раҳимова Чеченистонда қолиб кетган қариндошларини топишда кўмаклашишни сўраб Озодликка мактуб йўллади.

Бу хатни жўнатишда Лидия опага кўмаклашган тожикистонлик Назарбек бу аёлнинг асли чеченистонлик экани ва Тожикистонга келин бўлиб тушганини гапириб берди.

- 1978 йилларда уларнинг турмуш ўртоқлари Қозоғистоннинг қаеридадир танишиб, Лидия опани Тожикистонга - бизнинг қишлоққа олиб келган. Опа ҳозир Тожикистоннинг Суғд вилояти, Спитамен райони (аввалги Нов райони), Кўркат қишлоғининг Ваҳдат кўчаси, 53-уйда истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, отаси чечен, онаси ингуш бўлган. Лидия опанинг энг кичкина фарзанди менинг синфдошим. У киши “Жди меня” каби кўрсатувларга мурожаат қилса бўлади, лекин молиявий томондан шароити кўтармайди. Биз қўшнимиз, битта маҳаллада турамиз. Ҳамсуҳбат бўлувдик, шунда мендан илтимос қилувдилар, мен Озодлик Радиоси орқали Рамзан Қодировга мурожаат қилишни сўрашди, - дейди ҳамқишлоғи бўлган Лидия опа илтимоси билан хабар жўнатганини билдирган Назарбек.

Шу тариқа, Озодлик Лидия Раҳимова билан ҳам танишди.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Улуғ Ватан урушидан олдин ота-оналари Чеченистоннинг Грозний шаҳрида яшагани, бироқ ҳамма чеченлар каби, сургун қилиниб, Қозоғистонга келиб қолган.

“Мен Қозоғистоннинг Кустанай шаҳрида 1952 йилнинг 8 январида таваллуд топганман”, дейди Лидия опа.

- Хўжайиним армияга борганларида яхши кўриб, олиб келганлар. Ота-онам 1941 йилда уруш вақтида сургун қилинган. Мен Кустанайда туғилганман, тоғаларим катта қилган мени. Бу ҳаёт шунақа экан-да! Хўжайиним ўзбек, мусулмон бўлгани учун яқинларим индамади. Агар русга текканимда мени ўлдириб ташлашарди! Хўжайиним яхши одам эди. Ман 63 ёшга тўлдим. Онамдан битта ўзим бўлганман, отамнинг иккинчи хотинидан иккита ўғил туғилган. Отам Грознийнинг Новая Котояма деган жойида яшаган. Отамнинг фамилияси эсимда йўқ. Дадамнинг иккинчи турмушидан иккита ўғил, тўртта қизи бор эди. Мана бу урушдан кейин билмадим, неча йил бўлди, тирикмикин улар?! - дейди Лидия опа онасининг фамилияси бўйича Мухлаева эканини гапирар экан.

Лидия Раҳимова-Мухлаева келин бўлиб ўзбек оиласига тушганидан кейин бошида бироз қийналгани, аммо кейинчалик кўникиб кетганини айтади. У бу ерда келин-куёвларга кўрпа-тўшак қавиш билан шуғулланиб келишини ҳам маълум қилди.

Маълум бўлишича, опахоннинг турмуш ўртоқлари Абдуҳамид ака Раҳимов 2012 йилда ҳаётдан кўз юмган. Лидия Раҳимова-Мухлаева турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин ўзининг Чеченистондаги яқинларини қидириб топишга аҳд қилганини айтади.

- Менинг дадам чечен, онам ингуш. Учта ўғлим бор, иккита қизим. Россия расво бўлиб, қабул қилмаяпти, депорт қиляпти. Зора, болларим ўша ерларга бориб, қариндошлари билан топишса, укалари бор, иш топиб кетар, деяпман. Неча йил бўлди, тўғриси, бир ўзимда бу ерда: хўжайиним 2 йил бўлди, ўтдилар... Қариндошларим Грознийда бор, Моздокда бор. Молдобекский районининг Верхние Ачалуки, деган қишлоғида Евлоева Макка исмли холам бўларди. Ўлиб кетган бўлсалар керак. Болалари бўлса керак. Ханифа деган қизлари бор эди. Средние Ачалуки деган қишлоқда эса онамнинг тоғаси Бекмурза деган одам бор эди. У кишининг ёшлари катта эди. Неваралари бор бўлса керак. Грознийда онамнинг сингиллари бор эди, - дейди ёшлигидан эсида қолган қариндошларини исмини айтган Лидия опа.

Лидия Раҳимова-Мухлаева шу йиллар давомида бирор яқинини кўрмагани, ўз фарзандларини она юртидаги қариндошлари билан таништириб қўйишни истаётганини айтди.

Раҳимовларнинг энг каттаси – Бўрибой, ҳозирда Россиянинг марказий шаҳарларидан бирида мардикорлик қилади. Шу сабабли, Россияда бошланиб кетган алғов-далғовдан ташвиш тортаётганини гапирган суҳбатдош, ўз қариндошларини топишда радио орқали Чеченистон президенти Рамзан Қодировга мурожаат қилди:

- Чеченистон президенти Рамзан Қодиров иш масаласида чақиряпти экан. Мени биров билиб қолар. Узоқ қариндошларим билан кўришмаганимга неча йил бўлиб кетди. Грознийдан чиқиб кетганимга ҳам 45 йил бўлибди. Ўғлим, каттаси, ишлаяпти Россияда, лекин қўрқяпман – уни ҳам депорт қилиб юборишмаса, - дейди чеченистонлик ёки ингушетиялик яқинларини топишда шахсан Рамзан Қодировдан ёрдам сўраган Лидия Раҳимова-Мухлаева.

Тожикистонда 37 йилдан бери яшаётган Лидия Раҳимова-Мухлаеванинг Чеченистон ва Ингушетияда яшаётган яқинларини топишда жамоатчилик фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ёрдамига умид қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG