Линклар

logo-print

Жиззахнинг Мирзачўл туманидаги 14-мактабда металлолом Ота-оналар, ҳатто, қуйи синф ўқувчиларига ҳам ўттиз килолик бир марталик солиқ солинганидан шикоят қилмоқда. Расмийлар мактабга металлолом солиғи солинганини тасдиқларкан, бу йиғимда ўқувчилар иштирок этаётганини инкор қилди.

Мирзачўл тумани мактабларининг ўқувчилари гир айланиб метал қолдиқларини изламоқда.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган ота-оналардан бирининг айтишича, 14-мактабнинг 2-синфида ўқийдиган ўғли металлолом нормасини бажармагани учун дарсга қўйилмаган:

"Металлолом дегани жуда ҳам жонга тегиб кетди. Нима қилайлик, болаларни мактабдан чиқариб олайликмикан? Қўймаяпти, тинчлик йўқ. Биринчи синфдан учинчи синфгача 30 кило, ундан юқори синфларга 43 кило норма қўйган. Бир кило кам бўлса, топиб келасан деяпти. Мени боламни ҳам қайтариб юборибди, дарсдан. Менга келиб йиғлаяпти ёш болам. Синф раҳбарига борсам, директор айтган дейди. Директорни эса мактабдан топиб бўлмайди”, дейди мирзачўллик ота.

Унинг айтишича, металлолом топишнинг имкони бўлмаган бугунги шароитда ҳар йили болаларга шундай солиқ юкланади:

- Бизнинг қишлоқда бир неча йиллик ахлатхона бор эди. Шуни бир ҳамқишлоғимиз бир ойча олдин расмийлаштириб олди-да, бульдозер солиб, текислай бошлади. Ишонасизми, бульдозернинг ортидан ўнлаб болалар ёпирилиб, эски темир-терсакларни йиғишди. Бу менга ерни шудгор қилаётган тракторларнинг ортидан емиш излаган қушлар ёпирилгандек бир манзарани эслатди. Устилари лой, кийимлари расво бўлган. Нима қиласизлар буни десам, яқинда металлолом йиғиш бошланади, ўшанга тайёрлаб қўямиз, бўлмаса қаердан топамиз, деб жавоб беришди, - дейди суҳбатдош.

14-умумтаълим мактаби директори Бозорбой Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда мактабга металлолом йиғиш топшириғи халқ таълими бўлими томонидан берилганини тасдиқлар экан, бироқ бу кампанияда ўқувчиларнинг иштирокини инкор қилди:

- Бу йил металлоломни ўқувчиларга юклаганимиз йўқ. Бу йил ОблОНОнинг буйруғи билан ўқитувчиларнинг ўзига қўйганмиз. Мен ўзим директор бўлиб, уйимдан 22 кило метал олиб келдим. Ҳамма ўқитувчиларга юклаганмиз. Ўзи бизнинг нормамиз 5 минг 200 килограмм. Пулини беришади. Ўтган йили ўқитувчилар хонасига стул олдим. Ўтган йиллар, ҳақиқатан ўқувчилар йиққан эди, бу йил мажлис қилиб бирорта ўқувчига буюрмайсан, деб айтдим, - деди мактаб директори Бозорбой Раҳмонов.

Мирзачўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ашир Акбўтаев Озодлик билан суҳбатда туманга 550 тонна металлолом йиғиб топшириш вазифаси қўйилганини айтар экан, мактаблар ҳам бу кампанияга жалб қилинганини тасдиқлади:

- Бу топшириқ ўқувчиларга эмас, халқ таълими бўлимига берилган, улар эса мактаблар коллективларига берган. Лекин ўқувчиларни бу ишга жалб қилиш ҳолати бўлгани йўқ. Металлолом йиғиш бўйича ҳар йили президентимизнинг фармони чиқади. Буни йиғиб Бекободдаги комбинатга топширамиз. Бу эса арматура бўлиб, Ўзбекистондаги қурилишларга қайтиб келади, - деди Ашир Акбўтаев.

Металлолом пулини ким олади?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, қора метал чиқиндиларини йиғиб топшириш мажбурияти корхона ва ташкилотлар, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими бўлимларига, шунингдек фермер хўжаликлари зиммасига ҳам юклатилган.

Туманларда металлолом йиғиш ишларини ҳокимнинг капитал қурилиш бўйича биринчи ўринбосарлари назорат қилади.

Мирзачўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ашир Акбўтаевга кўра, ўтган йили топширилган ҳар тонна металлолом учун 189 минг сўмдан пул олинган.

Ҳоким ўринбосари таъкидига кўра, металлолом пуллари ҳар бир ташкилотнинг ҳисоб рақамига тушириб берилади.

Ўтган йили баъзи туманларда ишчи хизматчилардан металлолом ўрнига нақд пул ундириш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Металлолом қайта ишланиш учун Бекобод шаҳридаги металлургия комбинатига юборилади. Бу иш билан “Ҳудудий иккиламчи қора металлар” очиқ акциядорлик жамиятлари шуғулланади.

Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир вилоятида шундай ташкилотлар бор.

Тошкент шаҳридаги “Ҳудудий иккиламчи қора металлар” МЧЖнинг ўзини таништирмаган мулозими металлолом категориясига қараб, бир неча хил нархда сотиб олинишини айтади. Расмийга кўра, бошланғич нарх тоннасига 150 минг сўмни ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG