Линклар

Лондонда собиқ КГБ зобити Александр Литвиненконинг ўлдирилиши билан боғлиқ маҳкама эшитувлари давом этмоқда. Лондон Олий маҳкамасида ўтаётган очиқ маҳкамада Литвиненконинг ўлимидан бир неча кун олдин Британия полициясига берган кўрсатмалари очиқланди.

Александр Литвиненко 2006 йилнинг 17-20 ноябрь кунлари касалхонада оғир ётган пайти полиция терговчиси Брент Хайатт саволларига жавоб берган.

Сешанба кунги маҳкама эшитувларида Хайатт Литвиненко билан ўтказган суҳбати аудиоёзувларидан парчаларни эшиттирди.

"Заҳарланишимда фақат уч нафар гумонланувчи бўлиши мумкин", - дейди Литвиненко 1 ноябрь куни учрашган одамларни назарда тутиб.

Улардан бири италиялик Марио Скарамелло. Яна бир гумонланувчи Андрей Луговой бўлиши мумкин.

Литвиненко учинчи шахс исмини аниқ эслолмаслигини айтган. “Вадим ёки Володя, исмини аниқ эслолмайман”, деб айтган Литвиненко.

Терговчи Хайатт билан суҳбат давомида Литвиненко 1 ноябрь кунги Луговой билан учрашув ҳеч ким билмаслиги керак бўлган махфий учрашув бўлганини айтади.

Шунга қарамай Литвиненко “Пайн” баридаги учрашув тафсилотларини гапириб берган.

"Менга 15 сантиметрлик темир, балки кумушдир, кружка беришди, ундан мен чой ичдим. Кружка ичида чой кўп эмас эди, иссиқ бўлмаган бемаза чой эдиЭ, - дейди инглиз тилида қийналиб гапирган Литвиненко.

Сешанба кунги Лондондаги маҳкама эшитувларида Александр Литвиненконинг беваси Маринанинг кўрсатмалари ҳам тингланди.

Унга берилган саволлар Литвиненко ҳаётининг охирги кунлари, жумладан унинг Андрей Луговой билан танишуви тафсилотларига оид эди.

Марина Литвиненко берган кўрсатмасида эри Луговой билан 1994 йилдан бери таниш бўлганини, ўзи эса у билан 2006 йилда Борис Березовскийнинг туғилган кунида танишганини айтди.

Марина Литвиненкога кўра, Андрей Луговой Борис Березовскийга ишлаган ва Березовскийнинг бизнес ҳамкори Бадри Патаркацишвили билан яқин бўлган.

Ўз кўрсатмасида Марина Литвиненко эри 1 ноябрь куни нафақат Марио Скарамелло билан, балки Андрей Луговой билан ҳам учрашуви борлигини билганини айтди.

Маринанинг айтишича, учрашувдан қайтганидан сўнг Александр Литвиненко ўзини ёмон хис қила бошлагани, кўнгли айниётгани ҳақида шикоят қилган.

Улар оддий шамоллаш бўлса керак, деб буни жиддий қабул қилишмаган.

Фақат, 3 ноябрь куни, улар тез ёрдам чақиришга қарор қилганлар. Орадан 20 кун ўтиб Литвиненко касалхонада жон берди.

Литвиненко ўлимидан олдин Исломни қабул қилган

Марина Литвиненко эри ўлимидан олдин қандай қилиб Исломни қабул қилганини судда гапириб берди.

- Касал ётганида уни Аҳмад Закаев зиёрат қилди. Саша ундан “Худо билан қандай гаплашасан?, - деб сўради. Аҳмад гапириб турди, Саша уни такрорлади. Ўшанда Аҳмад унга "Мана энди сен мусулмонсан", деб ҳазиллашиб ҳам қўйганди, - деди Марина.

Литвиненко ўлимидан сўнг унинг рафиқаси ва ўғли бир неча кун Аҳмад Закаевнинг уйида қолишган.

Кейин Борис Березовскийга тегишли уйда яшашган.

Россия махсус хизматларининг Британияга қочиб ўтган собиқ ходими Александр Литвиненко 2006 йилда полоний ридиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган эди.

Британия полициясидаги манбага кўра, собиқ КГБ зобити ва ишбилармон Андрей Луговой асосий заҳарловчи шахс, деб кўрилмоқда.

Андрей Луговойнинг ўзи Александр Литвиненко ўлимига алоқадорлигини рад этиб келмоқда.

Ўлимидан олдин Литвиненко заҳарланишида Россия президенти Владимир Путинни айблаганди.

Лондондаги эшитувлар арафасида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Александр Литвиненко ўлимида гумонланаётган асосий шахслар ўртасидаги ёзишмани қўлга киритгани ва Литвиненко ўлимига Россия ҳукумати алоқадорлигини тасдиқловчи фактларни Британия ҳукуматига тақдим этгани ҳақда Британияда чиқадиган The Telegraph газетаси хабар берган эди.

Александр Литвиненконинг беваси Марина АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига мурожаат этиб, ёзишма тафсилотларини очиқлашни ва уларни Литвиненко ўлими бўйича бўлаётган маҳкамага раислик қилаётган Роберт Оуэнга оширишни сўраган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG