Линклар

"Исломий давлат" жангариларининг иорданиялик учувчини тириклайин ёқиб юборгани дунё уламолар иттифоқи томонидан кескин қораланди. Иттифоқ баёнотида бирор кимсани оловда ёндириш билан жазолаш фақатгина Оллоҳнинг иродасида бўлган дўзах азоби экани айтилди. “Ал-Азҳар” университети шайхи Аҳмад ат-Тоййиб эса ИДни "террорчи-иблис" гуруҳ деб қоралади. Айни пайтда ИД жангарилари учувчи тириклайин ёқилган видеони Сурияда катта экранда намойиш қилгани айтилмоқда.

Дунё уламолари иттифоқи раҳбари Юсуф Қарзовий иорданиялик учувчи Муоз ал Касасбеҳнинг тириклайин ёндириш орқали қатл этилишини Исломга мутлақо зид, дея қоралади:

"Иттифоқ бу экстремист гуруҳни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ гуруҳ, деб ҳисоблайди ва унинг ҳаракатлари муттасил динимизга зиён етказмоқда", деди, жумладан шайх Қарзовий.

Саудиялик уламо Салмон ал Удаий Twitter тармоғидаги саҳифасида бу воқеага муносабатини баён қиларкан: "Одамни ёқиш ваҳшиёна жиноятдир ва бу амалдан, сабабларидан қатъий назар, шаъриат қайтаради", деб ёзди.

Ҳатто, "Исломий давлат"ни қўллаб келаётган радикал исломий гуруҳлар ва уларнинг етакчилари ҳам шаъриатда мутлақо қайтарилган ва ёлғиз Оллоҳга оид, деб кўрилган амалнинг жангарилар томонидан содир этилганига норозилигини билдирмоқда.

Айни пайтда Суриядаги “Сукунат ичра боши олинаётган роққаликлар” номли гуруҳ аъзоларига кўра, “Исломий давлат” жангарилари 3 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқатган видеони тўлиқ ҳолда катта экранларда намойиш қилган.

Аввалига Youtube порталига юкланган, оз ўтмай бу порталдан ўчирилган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурган видео “тоғут” дея қораланган Иордания қироли Абдуллоҳ иккинчининг АҚШ етакчилигидаги коалиция билан биргаликда “Исломий давлат”га қарши жанг амалиётларида иштирок этиши ҳақидаги 3 минутлик нутқидан бошланган.

Кейин эса асир олинган иорданиялик учувчи Муоз ал-Касасбеҳ зарғалдоқ рангдаги кийимда пайдо бўлади ва “Исломий давлат”га қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этганига иқрор бўлади.

Видеонинг сўнгги дақиқаларида эса учувчи қафасга солинган ҳолда кўрсатилади ва юзига ниқоб тутган жангарининг уни ёқиб юборгани акс этади. Марҳум олов ичида ёнаркан, жангарилар бу қатл амалиёти 13 асрда яшаб ўтган уламо Ибн Таймия таълимотига асосланган шаръий ҳукм асосида амалга оширилгани иддао қилинади.

Аслида 1200-1300 йилларда яшаб ўтган бу уламо жиҳодчилик доктринасини ишлаб чиққан фиқхшунос олим сифатида танилган ва бунга қадар унинг бу таълимоти Ал-Қойда жангарилари томонидан ҳам фаол қўлланилган. Аммо, ўз таълимотида уламонинг жиҳод ғоясига бўйсунмаган мусулмонларни ҳам ўлдириш мумкин, дея фатво берганига оид баёнотлар устида катта баҳс бор.

Аммо, 700 аср олдинги таълимотга асосланган ҳолда бир учувчини тириклайин оловда ёндирган ИД жанггарилари бу таҳлит қат маросимлари давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

15 дақиқалик видео сўнггида ИД жангрилари сафдошларини унга қарши жанг ҳаракатларида иштирок этаётган бошқа иорданиялик учувчиларни қатл этишга чақирди:

“ИД кофир учувчиларни ўлдирганга 100 олтин динор миқдорида мукофот беради. “Исломий давлат” девони бу кампанияда иштирок этаётган иорданиялик учувчилар рўйхатини эълон қилди. Бу эса ўзини дўзах оловидан қутқариш учун дин йўлида хизмат қилишни истаганларга яхши имкониятдир” мазмунидаги баёнот янграйди видео сўнггида.

Иордания ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ўз учувчининг “Исломий давлат” гуруҳи томонидан ёқиб юборилганини тасдиқлаган.

Иордания Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Мамдуҳ ал Амирий “иорданияликларни ларзага солган бу фалокатли воқеа учун қаттиқ ўч олиниши”дан огоҳлантирган.

Иордания қироли Абдулла иккинчи воқеадан сўнг АҚШга қилаётган сафарини тўхтатиб, ватанига қайтган.

Айни пайтда, АҚШ презденти Барак Обама агар “Исломий давлати” гуруҳи тарқатган видео ҳақиқат бўлса, у ҳолда бу тасвир “Исломий давлат” гуруҳи азоларининг “ёввойи”лигидан дарак беришини билдирган.

Маълумки, Иордания расмийлари “Исломий давлат” гуруҳи билан Муоз ал Касасбеҳни озод қилиш бўйича музокаралар олиб бораётган эди.

“Исломий давлат” гуруҳи учувчи Касасбеҳни қўйиб юбориш эвазига 2005 йили Иорданиядаги меҳмонхонада содир этилган портлашда айбланган ва ўлим жазосига ҳукм этилган Сожида ал Ришовийни 29 январгача озод қилишни талаб қилган.

Бунга жавобан Иордания расмийлари ўз учувчиси тирик эканига амин бўлмагунларича бу талабни бажара олмасликларини билдирган, аммо ИД Касасбеҳнинг тириклигига бирор далил бера олмагани боис, қироллик музокараларни тўхтатиб қўйгани хабар қилинмоқда.

Иорданиялик Муоз ал Касасбеҳ бошқарган самолёт ўтган йилнинг декабрида Суриянинг жангарилар назорат қилаётган ҳудудига қулаган ва учувчи асир олинган эди.

Иордания “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган араб давлатларидан биридир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG