Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:51

БМТ: "Исломий давлат" болалардан секс ва худкушлик учун фойдаланмоқда


БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси “Исломий давлат” Ироқда ёш болаларидан худкуш ясамоқда, уларни ўғирлаб, секс қуллигига сотмоқда, улардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда, дея хулоса берди. Ташкилот 4 февраль куни эълон қилган ҳисоботда, айниқса, Ироқда жиҳод учун ёлланаётган болалар сони ошаётганидан “жиддий хавотир” билдирилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳисоботига кўра, ИД жангарилари нишонига тушаётган болаларнинг аксари ногирон, ота-онасини йўқотиб, кўчада қолган ёки уруш талотуми ичида Сурия ва Туркиядан Ироққа бориб қолган норасидалардир.

Ўғирлаб, қул қилинган болалар

БМТ ҳисоботида ИД жангарилари томонидан ўғирланган болаларнинг “систематик равишда жинсий зўравонликка учраётгани”дан хавотир изҳор қилинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси эксперти Рената Винтернинг айтишича, бу “муаммонинг кўлами кенгдир”.

Эксперт жангарилар ўғирлаётган болаларнинг катта қисми язидий ва насроний жамоаларнинг болалари, деб таъкидлади. Аммо, бундай болалар орасида шиа ва сунний мусулмонларнинг болалари ҳам борлиги қайд этилди.

2014 йилнинг июнь ойида Мосулни ўз назоратига олганидан буён ИД Ироқ шимолидаги минглаб диний озчилик вакилларини қувғинга солди. Хусусан, язидий жамоасига мансуб минглаб аёл-қизлар, шу жумладан ёш болалар ўғирланди, секс қуллигига сотилди ва қийноқларга солинди.

Худкуш болалар

БМТ ҳисоботида ИД Ироқ ҳудудида болалардан худкуш сифатида фойдаланаётганига оид хулоса келтирилди.

Ташкилот аниқлаган ҳолатларда худкуш болаларнинг ногирон экани, ҳатто, ўз оиласи томонидан ИДга сотиб юборилган болаларнинг борлиги кузатилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси эксперти Винтер Reuters агентлигига берган интервьюсида ИД томонидан худкушликка йўлланган болалар орасида руҳий носоғлом болалар қайд этилгани ва “эҳтимол, бу болалар қаерга, нима мақсадда бораётганини англамагани” ҳақида гапирди.

Халқаро коалиция ҳаво ҳужумларини бошлаган кезда эса, ИД жангарилари ўз масканларини ҳимоя қилиш учун унинг теграсини ёш болалар билан ўраб қўйгани кузатилгани ҳам ҳисоботда айтилган.

Ҳисоботда ИД ўқитувчи ва шифокорларни қатл қилгани, мактаб ва шифохона каби масканларга ҳужум қилгани ҳам айтилган.

Аскар болалар

ИДнинг Мосулдаги ҳарбий лагерларида 12 яшар болалар аскарликка ҳозирланаётганига оид хабарлар анчадан буён матбуот диққатида қолмоқда.

БМТ ҳисоботида аскар болалар жангарилар шуғулланадиган барча ишлар – бомба ясаш, постларда қўриқчилик қилиш, ҳатто, одамларни гаровга олиш амалиётида иштирок этиши айтилган.

Экспертлар, ҳатто, 8 яшар болаларнинг жангарилар лагерларида ҳарбий тайёргарликда ўтаётгани акс этган видеоларни тилга олмоқда.

ИД тасдиқлайди

Айни пайтда Сурия ва Ироқнинг каттагина қисмини эгаллаб олган ИД ҳарбий амалиётларда болалардан фойдаланаётганини инкор қилмайди.

Яқиндагина ИД медиагуруҳи ёш болалар, кўринишидан қозоқ миллатига мансуб болаларнинг ҳарбий лагерда машғулот ўтаётгани, ҳатто, қатл маросимида иштирок этаётганига оид видеоларни тарқатди.

Шунингдек, ИД сафида жанг қилаётган рус ва чечен миллатига мансуб жангариларнинг ижтимоий тармоқларда қурол ва пичоқ тутган болалар расмини чоп этгани ҳам кузатилмоқда.

Болани аскар қилган фақат ИД эмас

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси нафақат ИД, балки унга қарши курашаётган Ироқ армияси томонидан ҳам ёш болалардан фойдаланиш ҳоллари кузатилаётганини қайд этган.

Ҳисоботда айтилишича, бундай болаларнинг аксари Суриядаги жанг ҳаракатларидан қочиб, Ироқ томонига ўтган қочинларнинг болаларидир.

Ироқ армияси жангчиларининг бу болаларни ортга қайтиб, Сурия озодлиги армияси билан бирга ИДга қарши жанг қилишга мажбурлаётгани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG