Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:10

Ўзбек муҳожири Россиядан 20 минг евро товон пули ундирди


Рашид Раззоқов Воронежда полициячилар томонидан калтакланган эди.
Рашид Раззоқов Воронежда полициячилар томонидан калтакланган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия 2009 йилда Воронеж милицияси томонидан қийноққа солинган Ўзбекистон фуқароси Рашид Раззоқовга 20 минг евро товон пули тўлаши шартлиги ҳақида 5 февраль куни қарор чиқарди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорида қийноқлар халқаро қонунчиликда тақиқлангани таъкидланган ва Россия товон пули тўлашига қарамай, Раззоқов бундан буён ҳам жабрланувчи сифатида тан олиниши айтилади.

Суд, шунингдек, Раззоқовнинг қийноққа солингани ҳолати Россия томонидан эффектив тергов қилинишини, тергов натижасида айбдор экани аниқланган шахслар адолатли судловга топширилишини ва жазоланишини талаб этган.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ҳуқуқ ҳимояси қўмитаси тарқатган хабарда айтилишича, 2009 йилда Воронежда милиция ходимлари ўзбекистонлик муҳожир Рашид Раззоқовни гўёки уят гаплар билан сўкингани учун ҳибсга олган. Раззоқов икки кун давомида қийноқларга солинган, бундан мақсад эса унга ўзи содир этмаган қотилликни тан олдириш бўлган. Бироқ муҳожир қийноқларга дош бериб, қотиллик айбловини тан олмаган.

(Мазкур видео "Фуқаровий кўмак" қўмитаси томонидан тайёрланган)

Раззоқов озод этилганидан сўнг ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилган. “Мемориал” ва “Фуқаровий кўмак” ташкилотлари унга беш йил давомида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келган.

Мазкур воқеадан олти ой ўтгач, қийноққа солиниш ҳолати юзасидан жиноят иши очилган. Терговда Раззоқов ўзини қийноққа солган икки милиция ходимини таниган. Лекин тергов давомида милиция ходимларининг қариндошлари ўз яқинлари Раззоқов қийноққа солинаётган пайтда бошқа жойда бўлгани ҳақида кўрсатама берган. Мана шу кўрсатмаларга асосланган ҳолда ўзбек муҳожирини қийноққа солган милиция ходимларига нисбатан жиноят иши тўхтатиб қўйилган эди.

Ҳуқуқ фаоллари ва Раззоқовнинг қатъий талаблари ўз самарасини берди. 2011 йил ноябрида Воронежнинг Ленин туман суди Раззоқовга Россияда ҳеч кимга берилмаган катта миқдордаги твоон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарган. Суд қарорига асосан Раззоқовга қийноқларга солингани ва ноқонуний ҳибс қилингани учун 840 минг руб товон пули тўлаб берилган.

Аммо милиция ходимларига нисбатан жиноят иши тўхтатиб қўйилгани муносабати билан Рашид Раззоқов Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилган эди.

Асли хоразмлик бўлган Рашид Раззоқов 2012 йилнинг 29 мартида Озодлик радиосига берган суҳбатда “қонун ҳимоячилари” томонидан Воронежнинг Железнодорожний полиция бўлимида олган жароҳатларни санаб ўтган эди.

- Қўлни синдирганлар, пиво бутилкаси билан калладан зарба бўлган, кўкракларим кўкариб кетган, оёқларимнинг таги, тиззаларим... Ҳаммаси бўлиб 13 травма олганман-да. Юзларим кўкарган, кўзим қўкарган, каллам тешилиб кетган бутилка билан урганда. Даволанишга узоқ вақт кетди, узоқ чўзилди. Айниқса¸ синган қўл жуда азоб берди. Ҳозир ҳам синган тарафимга қараб ётганимда оғрийди, кўп ёта олмайман ёнбошлаб... Ўлган одамни бўйнинга оласан, деди-да. Эрмак учун қийнадилар, - деган эди ўз ҳақини талаб қилиб Страсбург судигача бориб Россия ҳукуматини товон тўлатишга мажбур қилган Рашид Раззоқов.

XS
SM
MD
LG