Линклар

logo-print

Порахўр банкир, йўлдан озган “манқурт-жангари” ва фонограммасевар Муниса Ризаева


Сурхондарёда пора олган ва маблағларни ўмарган банк раҳбарлари ушланди. Ўзбекистон муфтийси Аллоҳ номи билан ҳокимият талашаётганларни қоралади. Тоҳир Содиқов ва Муниса Ризаева жонли куйлай олмади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сурхондарёда туман банки раҳбари 3,2 миллиард сўмни еб юборган”

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги банклардан бирининг бошқарувчиси Ш.Рўзиқулов 3,2 миллиард сўм маблағни еб юборган (“Ҳуқуқ”, 5 февраль).

Қайд этилишича, банк раҳбари кўрсатилган миқдордаги пулни тумандаги тадбиркорлар ва фермерлар номига расмийлаштириш орқали ўзлаштирган. Сохта ҳужжатлар асосида кредит ажратилган ташкилотлар орасида аллақачон тугатилган фермер хўжаликлари ҳам бор.

Шу вилоятнинг Денов туманидаги банклардан бирининг раҳбарияти эса катта миқдордаги пора билан қўлга тушган. Банк бошқарувчиси Б.Сафарқулов ва унинг ўринбосари Ш. Равшанов “Мусаев Муҳаммад Амин” корхонасига 60 миллион сўм кредит ажратиш эвазига 6,5 миллион сўм пора олаётганда қўлга олинган.

Ҳар икки ҳолатда банк номи ошкор этилмаган. Қайд этилишича, банк раҳбарларига жазо муқаррарлиги таъминланган.

“Ўзбекистон муфтийси Аллоҳ номи билан ҳокимият талашаётганларни қоралади”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Аллоҳ номи билан ҳокимият талашаётган, хунрезлик қилаёган бузғунчи оқимларни кескин қоралади (“Ўзбекистон овози”, 5 февраль).

“Нега одамлар Ҳақ таоло номидан, мўътабар динимиз номидан иш кўриб бир-бирини ўлдиряпти? Ҳокимият талашиб, шаҳар-қишлоқларни вайрон қиляпти? Ҳолбуки, муқаддас динимиз тинчлик, маърифат, покизалик ва яхшилик, ҳиммат ва меҳр-оқибат дини”, деган мамлакат муфтийси.

Усмонхон Алимовга кўра, ёшлар онгига фитратга зид бузғунчи “ақида”ни сингдириш, уларни қонли уруш ҳукм сураётган ўлкаларга сафарбар этиш, манқурт-жангарига айлантириш йўлидаги қабиҳ ишларнинг олди олиниши керак. Акс ҳолда бу ёмон оқибатларни келтириб чиқариши аниқ.

“Ногиронлар ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлиги биносига кириш имконидан маҳрум”

Ўзбекистондаги имконияти чекланган фуқаролар аксар давлат идоралари биносига кириш имконидан маҳрум қолмоқда (“Новий век”, 5 февраль).

Яқин фурсатда қурилган янги биноларда ногиронлар кириши учун махсус йўлак қилинган. Аммо аввалроқ қурилган аксар давлат идораларида ногиронлар кириши учун шароит яратилмаган.

“Кўп ҳолларда хўжакўрсинга, маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолиш учун омонат йўлаклар қилинади”, деб ёзади газета.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исҳоқовга кўра, 2013 йилда 5 фоиз ташкилотлар мазкур талабга риоя қилмагани учун жаримага тортилган, аслида эса, ногиронларга оид қонун талаби деярли ҳар қадамда бузилмоқда.

“Опа-сингиллар” ногирон аёллар жамияти раиси Наталья Плотникова ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлиги биносида ҳам имконияти чекланган фуқаролар кириши учун тўла шароит яратилмаганини айтган.

Плотникованинг арзига кўра, ногиронлар учун арава тақчиллиги ҳам кузатилмоқда.

“Ўзбекистонда юқумли инфекцияларга қарши чоралар кучайтирилмоқда”

Ўзбекистонга чет элдан инсонлар ва ҳайвонлар орқали ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишига йўл қўймаслик учун чора-тадбирлар кучайтирилмоқда (“Инсон ва қонун”, 3 февраль).

Қайд этилишича, ўтган йили давлат чегарларидаги ветеринария пунктлари томонидан санитария талабларига жавоб бермаган юзга яқин ҳайвон, 460 килограммдан ошиқ гўшт, 490 килограммдан ошиқ сут ва сут маҳсулотлари мамлакатга киритилмаган.

Бозорларда эса чорва моллари ветеринария маълумотномаси асосида сотилиши назорат қилинмоқда. Маълум қилинишича, жаҳон миқёсида юқумли касалликларнинг 75 фоизи ҳайвонлардан ўтмоқда.

“Пора “қўл ҳақи” дея ниқобланмоқда”

Жамиятнинг турли соҳаларида порани “қўл ҳақи” дея ниқоблаш ҳолати кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 5 февраль).

“Иши учун маош оладиганларга узатиладиган, қистириладиган “қўл ҳақи” бу – пора. Пора бериш ҳам, олиш ҳам жиноят”, дейди тадбиркор Салим Тўйчиев.

Уй бекаси Муқаддас Шониёзова эса “қўл ҳақи” берганида ишни пайсалга солмай тез ҳал этиб беришларини айтади. “Уларнинг қош-қовоғига қарагандан кўра шуниси маъқул-да” дейди у.

Ўқитувчи Султон Шерқуловга кўра эса, порахўрлар осмондан тушмайди, кўпгина касб соҳибларини одамларнинг ўзи “қўл ҳақи”га, демакки, порахўрликка ўргатаётир.

“Муниса Ризаева ва Тоҳир Содиқов жонли куйлолмаса санъат майдонида нима қилиб юрибди?”

“Наво” телеканали орқали намойиш этилган кўрсатувда хонандалар Муниса Ризаева ва Тоҳир Содиқов жонли ижрода миллий қўшиқ куйлай олмаган (“Даракчи”, 5 февраль).

“Қизиқ, улар жонли ижрода қўшиқ куйлолмаса, санъат майдонида нима қилиб юришибди?” дея саволга тутилади хонандалар.

Хонанда Илҳом Фармонов эса қўшиқда сўзларни нотўғри талаффуз қилгани учун танқид қилинган. Масалан, у “холос” сўзини “халос” дея нотўғри қўллаган.

“Бу каби эътиборсизликлар қўшиқ моҳиятини бузишдан ташқари тингловчининг ғашини келтириши мумкин”, дейилади газета мақоласида.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева эса мутлақо тушунарсиз “Тасаддуф” номли қўшиқ куйлаган. Газета таҳририяти ўзбек тилининг изоҳли луғатидан “тасаддуф” деган сўзни тополмаганини қистириб ўтган.

“Ўзбекистонлик курашчи Парижда гран при соҳиби бўлди”

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рашид Қурбонов Париж шаҳрида ўтказилаётган “Paris Grand Prix” халқаро мусобақасида бош совринни қўлга киритди (“Тошкент оқшоми”, 4 февраль).

Ўзбекистонлик полвон 74 килограммгача вазн тоифасида финал беллашувида россиялик Осмон Исаков устидан 10:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG