Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:56

Тошкентлик киракашларнинг кўпчилиги қонуний ишламоқчи эмас


Ўзбекистонда ноқонуний такси фаолияти устидан назорат кучайтрилганидан уч йил ўтиб ҳам пойтахтда киракашлар сони камайган эмас.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил бошида киракашларнинг якка тартибда фаолият юритишини тақиқлаб, такси фаолияти билан шуғулланадиганларга лицензия олиш ва машинасини белгиланган рангга бўяшни шарт қилиб қўйган эди.

Ҳукумат қарори бўйича барча таксичилар 2014 йилгача лицензияланган тартибда фаолият юритишлари, тартибга амал қилмаганлар жаримага тортилиши, қоидани такрор бузганлардан эса машиналари тортиб олиниши кўзда тутилган эди.

Бугунга келиб эса ҳатто Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент кўчаларида ҳам йўл четига туриб қўл кўтарган одамга машина келиб тўхташи ва маълум ҳақ эвазига айтган манзилига элтиши одатий хол бўлиб қолмоқда.

- Тошкентда ҳар икки машинани бири таксику. Қўл силкитиш ҳам керак эмас, йўл чеккасида турсангиз ўзи сигнал чалиб келади, “ўтиринг, олиб бориб қўяман” дейди. Машина ичида уч клинети ўтирибди, тўртинчи бўш ўринга ҳам одам олмоқчи, - дейди тошкентлик Адҳам ака.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг йўналишдаги таксилар фаолиятини назорат қилиш бўлими расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўтган йили шаҳарда йўловчиларни автомобилда ноқонуний ташиш фаолияти бўйича 1 минг 200дан зиёд холат қайд этилганини айтади.

- Дератамент, ГАИ ходими ва солиқ идоралари ходимлари ҳар куни рейдга чиқишади. 11та районда 11та гуруҳимиз бор. Лекин бутун шаҳарни назорат қилиш учун бу жуда кам. Энди ҳозир шулар сонини кўпайтирмоқчимиз. Назоратчилар камлиги боис мени ўзим ҳам чиқяпман рейдга, - дейди исми сир қолишини истаган ҳокимият расмийси.

Лекин Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийси ноқонуний таксичилик фаолияти учун қанча одам жаримага тортилгани, қанчасининг машинаси тортиб олингани ҳақида маълумот беролмаслигини айтди.

-Маъмурий жавобгарлик кодексида 176- модда, учинчи бандида ёзиб қўйилган. Лекин бу бўйича қанча одамга жазо қўлланилгани ҳақида ҳозир қўлимда маълумот йўқ, - дейди расмий.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг йўналишдаги таксилар фаолиятини назорат қилиш бўлими расмийларига кўра, ҳозир Тошкентда Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда, лицензия олиб фаолият юритаётган таксилар сони уч ярим мингтани ташкил қилади.

Вахоланки шаҳарда бугунги кунда 10 мингга яқин таксига эхтиёж борлиги айтилади.

Ўзини Азиз деб таништирган тошкентлик такси ҳайдовчисига кўра, ҳукумат белгилаган тартибда фаолият қилиш ўзини оқламаслигини, анча қимматга тушишини айтади.

- Мен ҳозир ўзимни машинамда такси хизматини кўрсатаяпман. Ўзим бензинни сотиб оламан, машина бузилса ўзим ремонт қилдираман. Қозон қайнатишга озгина қоляпти. Энди, лицензия олсам солиқ тўлашим керак, бундан ташқари машинамни ўзимни пулимга бўятишим керак. Бу қўшимча расход бўляпти. Ўзимга ҳеч нарса қолмайди. Ҳукумат қонун-қоидани фақат ўз фойдасига ўйлаб топяпти, зўрға оила тирикчилиги учун машина қувиб юрганларни ўйламаяпти, - дейди Азиз.

Назоратчилар қўлига тушиш эса кўпчилик киракашларни ўйлантирмайди. Уларга кўра, "пул билан қутилиш мумкин".

- Айрим таксичилар одам олади-да, клиентига олдиндан айтиб қўяди, “мабодо йўлда рейдчилар тўхтатса танишим деб айтасан” деб. Жуда қаттиққа борса пул бериб қутилади. Шунда ҳам ҳукуматга налог тўлаб, машинани бўятгандан кўра шу арзонга тушади, - дейди Азиз.

Кузатувчилар такси фаолиятини назорат қилиш, такси фаолияти сифатини оширишга қаратилган ҳукумат қарорларининг бажарилиши учун энг аввало коррупцияга қарши курашмоқ кераклигини айтишади.

- Ислоҳотларни айнан порахўрликка қарши чораларни кучайтириш, порахўрларга жазони кучайтиришдан бошлаш керак. Порахўрликка чек қўйилмас экан белгиланган қонунни айланиб ўтиш холатлари давом этаверади, - дейди Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

XS
SM
MD
LG