Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:45

Каримовнинг сайловолди чиқиши ҳукумат матбуоти назаридан четда қолди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 6 февраль куни Ўзбекистон-Либерал демократик партиясининг Тошкентдаги қурултойида сайловолди чиқиш қилгани ҳақида ҳукумат нашрлари лом-лим демаяпти.

Ўзбекистоннинг ҳукумат агентликлари ҳам президент Каримовнинг сайловолди нутқини эълон қилмади.

Юртбошининг ҳар бир чиқишини эфирга берадиган Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастурида ҳам жума куни қурултой ҳақда ҳеч гап айтилмади.

6 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон –Либерал демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтгани ва унда президентнинг ўзи иштирок этиб, нутқ сўзлагани ҳақда Uzdaily.uz нашри хабар берган эди.

Босилганидан бир неча соат ўтиб бу ҳақдаги мақола нашр саҳифасидан олиб ташланди.

Бундан аввал 77 ёшли президент Каримовнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хориждаги кўплаб нашрлар ўзбек мухолифатига таянган холда хабар қилган эди.

Айнан шу боис кўпчилик юртбошининг телевидениеда кўриниш беришини кутаётган эди.

Лекин жаноб Каримов телевидениеда кўринмади.

– Кеча “Ахборот” дастурини кўрдим, қандайдир семинарлар бўлиб ўтгани ҳақидаги майда-чуйда лавҳалар берилди, лекин президент Каримов сайловолди дастури билан чиқиш қилгани ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмади. Каримовни ҳар бир айтган гапини оқизмай-томизмай берадиган "Ахборот" нега юртбошини чиқишини назардан қочирди, ҳайронман, - дейди Озодликка гапирган тошкентлик Ҳамид.

Uzmetronom.com нашрига кўра, 7 февраль куннинг иккинчи ярмигача бўлган ҳолат бўйича Ислом Каримов маърузаси партиянинг оз сонда чиқадиган нашрида босилган, лекин ҳукуматнинг етакчи нашр ва агентликлари назаридан четда қолган.

"Айнан шу боис мамлакатнинг аксар фуқаролари президентликка номзоднинг келгуси режалари ҳақида хабарсиз қолди", - деб ёзди Uzmetronom.com.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақидаги хабарларни Марказий Осиё ва Россиядаги ўнлаб наршлар ва ахборот агентликлари Ўзбекистон мухолифатига таянган холда эълон қилган эди.

Лекин, Каримовнинг комага тушгани Озодлик радиосининг Оқсаройга яқин манбаалари тарафидан тасдиқланмади.

XS
SM
MD
LG