Линклар

Порошенко Москвани яна Донбассдаги айирмачиларга кўмак кўрсатаётганликда айблади


Украина президенти Петро Порошенко Мюнхень конференциясида, 2015 йилнинг 7 феврали.

Украина президенти Петро Порошенко Мюнхень конференциясида, 2015 йилнинг 7 феврали.

Украина президенти Петро Порошенко хавфсизлик бўйича Мюнхенда ўтказилган конференцияда яна бир бор Россияни мамлакат шарқидаги қуролланган айирмачиларни қўллаётганликда айблади ва Европа мамлакатларини Киевга кўмак кўрсатишга чақирди.

Украина президентига кўра, “бир пайтлар яхши қўшни бўлган” Россия халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузиб, Украинанинг бир қисмини эгаллаб олган. Порошенконинг бу гаплари Қрим ярим оролининг аннексия қилинишига дахлдордир. У Россия айирмачиларга ҳарбий техника етказиб бераётганини, Украина шарқидаги айирмачилар назорат қилаётган ҳудудларда эса рус қўшинлари юрганини қўшимча қилди.

Порошенко фикрича, Украина шарқидаги қуролли тўқнашувни тўхтатишга Минск битимида акс этган тамойилларга риоя қилиш орқалигина эришиш мумкин.

Мюнхень конференциясида сўз олган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Европадаги, хусусан, Украинадаги хавфсизликнинг қўпорилишида НАТО ва АҚШни айблади.

Лавровга кўра, Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик собитлик синовига дош беролмаган. “Бу Европа Иттифоқи Россия билан алоқаларни ривожлантириш ўрнига конфронтацион йўлни танлагани учун содир бўлди”, деди Лавров.

Донбассдаги зиддият ҳақида тўхталар экан, Лавров бу бўҳронни ҳали ҳам тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари борлигини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG