Линклар

Украина шарқидаги урушга барҳам бериш бўйича дипломатик уринишлар давом этмоқда


Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд.

Украина шарқидаги зиддиятни тинч ўзанга солиш бўйича дипломатик уринишлар 8 февраль куни ҳам давом этиши кутилмоқда. Хабарларга кўра, бугун Украина президенти Петро Порошенко ва Россия президенти Владимир Путин Германия ва Франция лидерлари билан бу борада телефон орқали музокара ўтказади.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Франсуа Олланд Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича янги режани амалга ошира бошлаш учун 5 февраль куни Киевга, 6 февраль куни эса Москвага ташриф буюргандилар.

Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида 2014 йил апрелидан буён давом этаётган ва 5 минг 350 дан зиёд одам умрига зомин бўлган урушга нисбатан сўнгги пайтларда Вашингтон билан Европа лидерлари қарашларида фарқли жиҳатлар кўзга ташланмоқда.

Хусусан, 7 февраль куни хавфсизлик бўйича Мюнхенда ўтган конференцияда Ангела Меркель Киевга қурол-аслаҳа етказиб бериш Украинадаги вазиятни изга солишга хизмат қилмаслигини билдирди.

АҚШ вице-президенти Жо Байден эса мазкур конференцияда Вашингтон Украинага ҳимоя учун мудофаа воситалари етказиб беришга тайёрлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG