Линклар

logo-print

Чечен урушида тобланган рус ҳарбийлари Донбассда жанг қилмоқда


Донбассда ярадор бўлган Руслан Стародубов.

Донбассда ярадор бўлган Руслан Стародубов.

Икки Чечен урушида қатнашган ва ОМОН сафида хизмат қилган костромалик Руслан Стародубов рус миллатчи гуруҳлари кўмагида Донбассга борган заҳирадаги юзлаб ҳарбийлардан биридир. Кремль расмийлари бу урушга алоқадорлигини инкор қилиб келаркан, расмий матбуот аҳолини жангга руҳлантирувчи кўрсатувларни узатишда давом этмоқда.

Костромалик Русланнинг ҳикояси
Донбассдаги жангларда жароҳатланган Руслан Стародубовга қулоқ тутсангиз, унинг қўлидан ҳар қанақа иш келар экан, деб ўйлайсиз: черепица қўйиш, оғир юк ташиш, ҳатто нон пишириш ҳам.

“Менинг қўлларим оддий рус қўллари, – дейди у. - Улар кўп ишни бажара олади”.

Аммо Стародубов ҳаммасидан ҳам аскарликни хуш кўради. Келиб чиқиши Костромадан бўлган, забардаст, казакларникига ўхшаш қизил мўйловли Стародубов иккала Чечен урушида ҳам қатнашган, ОМОН сафида хизмат қилган. Оддий фуқаро сифатида ишлаганида ҳам жисмоний меҳнат талаб қиладиган ишларни бажариб юрган: юк ташувчи, тансоқчи, жисмоний тарбия ўқитувчиси.

Ўтган йил баҳорида Украина шарқида тўқнашувлар бошланганидан кейин Стародубовда жангда қатнашиш иштиёқи пайдо бўлди. Унга кўра, АҚШ русларга қардош бўлган миллатга қарши урушни дастаклаяпти. “Буни англаб етиш учун фолбин бўлиш шарт эмас,” – дейди у тафсилотларга тўхталмай. Украинада тўқнашувлар бошланганидан кейин Стародубов жанговар қобилиятини ишга солиш иштиёқида ёнди.

Яқинда аёли билан ажрашган Стародубов: “Ўқ милтиқнинг қайси учидан чиқишини билмайдиган 18 ёшли боладан кўра тўрт боланинг отаси бўлган мен ўлганим яхши”, – дейди.

Стародубов ёлғиз эмас. Россияпараст айирмачилар ва Киев қўшинлари ўртасида Украина шарқида тўқнашувлар бошланганидан буён юзлаган рус “кўнгиллилар”и табиий бойликларга бой Донбасс ҳудудига ёғилиб келмоқда.

Улар орасида таътил пайтида гўё кўнгилли сифатида юборилган россиялик ҳарбийлар борлиги айтилади. Стародубовга ўхшаганлар эса чинакам кўнгиллилардир – турли даражада ҳарбий тайёргарликдан ўтган, ўзлари эзгу деб билган мақсад учун курашаётган оддий фуқаролар.

Кремль урушга расман аралашмаётганини таъкидлаб келаётган бўлса-да, рус телеканалларида Украинадаги кўнгилли жангчиларни алқаловчи турли дастурлар бериш ва интернетда кўнгиллилар гуруҳлари гуркираши учун шароит яратиб бериш орқали совет даврида кенг тарқалган урушга кўнгилли бўлиб кетиш анъанасини очиқчасига дастаклаётир.

Санкт-Петербург Қонун чиқариш йиғини аъзоси, ҳуқуқшунос Александр Кобринга кўра, Донбассга жанг қилиш учун кетаётган Россия фуқаролари сонини аниқлашнинг иложи йўқ.

“Россия кўнгиллилар оқимини тўхтатиш учун ҳеч нима қилаётгани йўқ. Қайтага у ерга борувчиларни очиқчасига рағбатлантираяпти”, – дейди у.

“Нормал миллатчилар”

Стародубов айни дамда донбасслик янги рафиқаси Лариса кўмагида Санкт-Петербургда жангда олган жароҳатини даволатар экан, Россиянинг маданий пойтахти бўлган бу шаҳарда кўнгиллиларни жангга ундовчи ва тайёрловчи ташкилотлар кўпайиб кетган.

Миллатчи ташкилот ҳисобланмиш Рус империал ҳаракати шулардан биридир. “Пастирь” лақаби билан танилган Стародубов ҳам шу ҳаракат аъзоси.

Аввал ҳарбий пастирь бўлиб ишлаган Стародубовга кўра, православие Рус империал ҳаракатида муҳим роль ўйнайди. Шундай бўлса-да, у гуруҳ аъзолари ичида миллати фарқли бўлган немислар, татарлар ва карелияликлар ҳам борлигини айтади.

“Бизнинг мафкурамизда славянлар бошқа миллатлардан устун, қолган ҳамма йўқ қилиниши керак бўлган майда миллатлардир, дейилмайди. Биз фашист эмасмиз. Биз нормал миллатчилармиз. Биз ўз халқимизни ва ватанимизни севамиз … [Аъзо бўлиш учун] муҳими православ бўлиш, рус тилида ўйлаш ва гапиришдир”.

Саволга ўрин йўқ

Рўйхатдан ўтмаган Бошқа Россия каби сиёсий гуруҳлар ҳам кўнгилли бўлишга даъват этади. Санкт-Петербургда гуруҳнинг асосий биносида озиқ-овқат, дори-дармон ва гуманитар ёрдам солинган халта ва идишлар устида америкалик “гонзо” журналист Ҳантер С. Томпсон сурати акс эттирилган.

Гуруҳ вакилларига кўра, улар бир неча шифокор, ташкилотчи ва жангчини Украина шарқига юбориш учун ёллаган ва 2 миллион рублдан ошиқ хайр-эҳсон тўплаган.

Бошқа Россиянинг Петербургдаги бўлими раҳбари Андрей Дмитриев халқ томонидан бу қадар ёрдам кўрсатилишига камдан-кам гувоҳ бўлганини айтади.

“Кекса аёллар бизга охирги тийинини олиб келишяпти, – дейди у.– Афсуски, бу даражадаги бирлик уруш ва қон тўкилиши эвазига юзага келади. Аммо бу содир бўлаяпти ва бизнинг юрагимиз бошқа фуқароларники билан бирдек ураётганидан хурсандмиз”.

Фуқаро бўлмаганлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бошқа Россия вакиллари ўрта осиёликлар ҳам мунтазам равишда Донбассда жанг қилиш учун кўнгилли бўлиб мурожаат қилишаётганини айтади. Бундай таклифлардан сўнггиси тунги клубда қўриқчи бўлиб ишлайдиган ўзбекдан келган.

Андрей Песоцкийнинг айтишича, аввал чекка жойларда истиқомат қилган, турмушда катта муваффақиятга эришмаган бу одамларда шу кунда уйғониш кайфияти кузатилаяпти, улар буни ўзлари учун берилган яна бир имконият, деб ўйлаяптилар.

Бу гуруҳ офиси анча тажрибага эга кўнгиллиларнинг янги кўнгиллилар билан учрашиш жойига айланган. Болаларча маъсум нигоҳли икки кўнгилли - Артём ва Маша яқинда шарқий Украинага бориш умидида эканларини айтишади.

“Одам ўлаётган, қийналаётган, оч қолаётган бир пайтда қулай шароитларда яшаётганимдан уялаяпман”, – дейди Артём. “Ота-боболаримиз 12-14 ёшида урушга боришган … Менинг улардан нимам кам?”

Ота-онасига айтмасдан Донбассга боришни режалаштираётган Маша ўз хоҳиши билан кетаётганини айтади.

“Бу ҳодисалар бошланганида ким тараф бўлиш ҳақида ҳеч қандай саволга ўрин йўқ эди”.

Хонада Донбассдаги жангда жиддий жароҳат олган Сергей Максимовнинг борлиги ҳам Артём ва Маша иштиёқини сўндирмагандек.

“Кумуш” лақаби билан танилган, босиқ табиатли Максимов тузалиши билан жангга қайтмоқчи эканлигини айтади.

“Бу ҳарбий биродарлик”, – дейди у аскарлар ҳақида. Унинг айтишича, аскарлар ичида украиналиклардан кўра россияликлар кўпроқ. “У ерда ўғри, милиционер, сиёсатчи бирга хизмат қилиши мумкин”.

Ҳаёт мактаби

Рус империал ҳаракати каби гуруҳлар уларга келган кўнгиллиларда ҳарбий малака бўлишини талаб қилишади.

“Биз фақат тайёр одамларни юборамиз, иштиёқдан кўзи чақнаган ва жаҳлидан қулоғидан тутун чиқаётган болаларни эмас”, – дейди Стародубов.

Бошқа ёлловчилар кимни бўлса олаверишларини эътироф этадилар.

“Урушдан яхшироқ муаллим йўқ”, – дейди тарихчи ва Россия ҳарбий бирлашмаси раҳбари Игорь Иванов. Ивановнинг ташкилоти айирмачи Донецк Халқ Республикасининг собиқ ҳарбий қўмондони Игорь Стрелков билан яқиндан ишлаган.

“Бизнинг болалар ва донбассликлар жангга ҳеч қанақа тайёргарликсиз боришади, улар ҳаммасини жангда ўрганишади”, – дейди ўзи 2014 йилнинг аксар қисмини шарқий Украинада ўтказган Иванов. “Нолдан бошлаган ёш жангчи бир бўлинмага қўшилади ва бир ой окопда кун кечирганидан кейин тажрибали жангчига айланади.”

Иванов Стрелков бошчилигидаги ҳарбий тайёрлаш лагерида интизом қаттиқлигини таъкидлайди. У “Новороссия” деб аталувчи бўлинмада ароқ ичилмаслигини ва бу бўлинма талончилик, зўравонлик ва бошқа таҳқирли ишларни ман қиладиган халқаро принциплар асосида ишлашини айтади.

Ивановнинг айтишича, Стрелковнинг жангчилари аксар ҳолларда Украина аскарлари қўлига тушишдан кўра ўзларини граната билан портлатиб юборишган. Айни пайтда Иванов украиналик жангчилар осонликча таслим бўлганларини иддао қилади.

“Биз уларни қийнамаслигимизни билишади”, – дейди у. Бу иддао эса Amnesty Internationalнинг россияпараст жангчилар қўлида бир неча асир қийноққа солинганини исботловчи далилларига зиддир.

“Биз украиналикларни қайтариб берганимизда улар ўз оёқларида тура олар эдилар. Аммо улар бизнинг болаларни қайтаришганида биз бир халта суякни, ҳамма ери синган кишини олардик. Кўринишидан тирик, лекин яшаб кетишига кўз етмайдиган одамларни”, – дейди Иванов.

Татьяна Вольтская ва Дэйзи Синделар қаламига мансуб бу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG