Линклар

OzodlikOnline: Мусулмонлар “Исломий давлат” балосидан қандай қутулиши мумкин?


Иорданиялик мусулмонлар "Исломий давлат"нинг қора байроғини ëқишмоқда.

Иорданиялик мусулмонлар "Исломий давлат"нинг қора байроғини ëқишмоқда.

Ўзини аввалига Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)¸ кейинроқ эса “Исломий давлат”(ИД) деб атаб¸ Ислом ва мусулмонлар номидан турли ваҳшийликларни амалга ошираëтан террор гуруҳи боис жаҳон бўйлаб Ислом ва мусулмонлардан ҳадиксираш янада кучайди. Бу гуруҳ томонидан иорданиялик учувчининг тириклайин ëқиб юборилгани бу террорчиларнинг авваламбор мусулмонлар бошига келган бало эканини англашга хизмат қилмоқда. Душанба куни жонли суҳбатда ана шу балодан қутулиш йўллар ҳақида гаплашамиз.

Инсониятга қарши содир этилаëтан турли жиноятларини Ислом номи билан оқлаб¸ бу жиноятлар далилини Интернетда пешма-пеш намойиш этиб келаëтан "Исломий давлат" гуруҳининг сўнгги пропаганда тактикаси унинг ўзига қарши ишлай бошлади.

Мусулмон давлатларини ўзига қарши ҳарбий амалиëтларга қўшилишдан қайтариш ва унинг оқибатларидан қўрқитиш мақсадида Youtubе порталига қўйилган иорданиялик учқичнинг тириклайин ëқиб юборилиш ҳодисаси айнан тескари натижа бера бошлади.

Ислом номидан қилинган бу ваҳшийлик ИДни қоралашга кўп ҳам ошиқмаëтган аксар мусулмон¸ хусусан¸ араб жамоатчилигини жунбушга солди ва уларнинг кескин норозилигини уйғотди.

Чунончи¸ Дунё уламолар иттифоқи шу муносабат билан эълон қилган баёнотда бандасини оловда ёндириш билан жазолаш фақатгина Оллоҳнинг иродасида бўлган дўзах азоби экани айтилди.

Дунё уламолари иттифоқи раҳбари Юсуф Қарзовий иорданиялик учувчи Муоз ал Касасбеҳнинг тириклайин ёндириш орқали қатл этилишини Исломга мутлақо зид, дея қоралади:

"Иттифоқ бу экстремист гуруҳни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ гуруҳ, деб ҳисоблайди ва унинг ҳаракатлари муттасил динимизга зиён етказмоқда", деди жумладан шайх Қарзовий.

Саудиялик уламо Салмон ал Удаий Twitter тармоғидаги саҳифасида бу воқеага муносабатини баён қиларкан: "Одамни ёқиш ваҳшиёна жиноятдир ва бу амалдан, сабабларидан қатъий назар, шаъриат қайтаради", деб ёзди.

“Ал-Азҳар” университети шайхи Аҳмад ат-Тоййиб эса ИДни "террорчи-иблис" гуруҳ деб қоралади ва Ислом номидан бундай ваҳшийлик қилаëтганларнинг ўзини чормихга тортиш лозимлигини таъкидлади.

Ҳатто, "Исломий давлат"ни қўллаб келаётган Ал-Қоида каби бошқа террор гуруҳлари ва радикал исломий ташкилот етакчилари ҳам шаъриатда мутлақо қайтарилган ва ёлғиз Оллоҳга оид, деб кўрилган амалнинг жангарилар томонидан содир этилганига эътироз билдирмоқда.

Айни пайтда¸ араб давлатлари¸ хусусан¸ Иордания ва Ироқда “Исломий давлат”га қарши кескин чоралар кўриш талаби билан чиқишлар бўлиб ўтмоқда.

Бундай талабга жавобан Ғарб ва араб ҳукуматларини ИД томонидан исломий халифат ҳудуди деб эълон қилинган минтақаларга ҳаво ҳужумларини кучайтирдилар.

“Исломий давлат” гуруҳига қарши курашнинг энг самарали йўли¸ Сизнингча¸ қайси?

Дунë жамоатчилиги¸ хусусан¸ мусулмон дунëси бу гуруҳнинг Ислом ва аксар мусулмонларга қарши жиноий тўда эканини англаши учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон¸ қолаверса¸ Марказий Осиëдаги “ИШИДга ошиқлик” ва бу гуруҳ сафига қўшилиш истагини қандай тўхтатиш мумкин?

9 февраль¸ душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бу хусусдаги кузатишларингиз билан жонли суҳбатимизда иштирок этинг!

Жонли суҳбатга қўшилиш учун 7 дан 8 га қадар OzodlikOnline, OzodSkype ва OzodOvoz Skype манзилларига қўнғироқ қилинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG