Линклар

Қарши паспорт столига қатнаган 29 яшар Наргиза Каримова қишлоқда қора меҳнатда куни ўтаётган аёлларнинг бармоқ изларини олиш учун бир ойлаб вақт кетаётганини айтмоқда. Унинг айтишича, қўл териси дағаллашиб кетган аёллар ва эркакларга паспорт столлари ходимлари қўлини вақтинча иссиқ-совуқ сув ва оғир меҳнатдан асраб туришни тавсия қилиб, қайта ва қайта навбатга ёзмоқда.

Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Наргиза Каримованинг ўзи ҳам бармоқ излари вақтида олинмагани боис, биометрик паспорт олиш учун бир ойдан ортиқ вақт сарфлаганини айтмоқда.

- Биринча марта Қарши паспорт столига борганимда бармоқ изларимнинг ҳаммаси 90-100 фоиз чиқди. Лекин, паспорт тайёр бўлгунча банка ёпдим ва қўлимга сирка қуйилиб кетиб, бош бармоғим билан кўрсаткич бармоғим чиқмай қолди. Чунки, тайёр паспортни олишга борганда, булар яна бир марта бармоқ изини солиштирар экан, - дейди Наргиза.

Наргизанинг ёшгина овсини эса бармоқ излари олиниши учун қарийб 2 ой паспорт столига қатнаган:

- Мен шаҳарда турганим учун унақа ўчоқ, дала ишлари унча кўп эмас. Лекин, овсиним куни билан ҳовлида ёки далада меҳнат қилади. Шунинг учун, 3 марта борди бармоқ изини олдириш учун. Бунинг устига ёш боласи ҳам борлиги учун 2 ойга чўзилиб кетди иши, - дейди Наргиза.

Унинг айтишича, паспорт столи ходимлари қишлоқдан қатнаётган фуқароларнинг бу муаммосини ҳал қилишнинг биргина йўлини топган:

- Шу ҳўл салфетка беришади: "Яхшилаб артинг, терисини сал юмшатинг", деб. Кейин шундаям бармоқ изи кўринмаса, крем беришаяпти. Лекин, қишлоқда эртадан-кечагача даланинг қўл меҳнатида юрган одамларнинг қўлларининг териси умуман ейилиб кетганда. Бир ой асраб туринг, дейишяпти. Энди бир ой тирикчилик қараб турмайди-ку?! - дейди Наргиза.

Шу кунларда Ўзбекистондаги паспорт столларида биометрик паспорт олиш учун борган фуқароларнинг узундан-узоқ навбатлари кузатилмоқда.

Мулозимлар бунинг асосий сабаби сифатида ҳар бир паспорт столи учун кунига 70 донадан, аҳолиси кўп бўлган туманларда эса 140 дан биометрик паспорт беришга оид чекловни тилга олмоқда.

Аммо, аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи қишлоқларда истиқомат қиладиган, газ ва электр токи тақчиллиги боис, куни қора қозону ўчоқ, ўтину тезакка қолган фуқароларнинг бармоқ изларини олишда муаммо борлиги ҳақида расмийлар Озодликка бирор маълумот бермаган.

2014 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари чет элга фақат биометрик паспорт билан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан сўнг паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўла бошлади.

Айни пайтда Ўзбекистон Президенти фармонида эски русумдаги паспортлар 2015 йилнинг 31 декабригача амал қилиши белгилаб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG