Линклар

logo-print

Виртуал сайлов комиссияси 5 мухолифатчини номзод ўлароқ рўйхатга олди


Виртуал сайлов комиссияси сайтидан скриншот.

Виртуал сайлов комиссияси сайтидан скриншот.

Ўзбекистон президенти лавозими учун шаффоф демократик мақсадида тузилган Виртуал сайлов комиссияси 10 февраль куни номзодларни рўйхатга олиш ишини якунлаш ниятида.

Бу ҳақда Озодликка Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби, мустақил журналист Улуғбек Бакиров билдирди.

- Президентликка номзодларни Виртуал сайлов комиссиясида рўйхатга олиш 2015 йил 10 февралигача, деб белгиланган. Бу қарор ҳозирча ўз кучида турибди. Бугун 8 февраль бўлса, икки кундан кейин, Худо хоҳласа, у жараён ўз ниҳоясига етади. Ҳозирча бунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани йўқ, - деди Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби Улуғбек Бакиров.

Ўзбекистондаги президент сайловига параллел равишда глобал тармоқда ўтказилиши мўлжалланган сайловда номзод ўлароқ қатнашиши мумкин бўлганлар сони, суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунда 8 кишига етган.

- Виртуал сайлов комиссиясида шу бугунга қадар – 8 февраль, якшанба кунигача 5 нафар номзод, яъники мухолифатдагилар рўйхатга олинган. (Ўзбекистон) Марказий сайлов комиссия томонидан қўйилганларни биз автоматик равишда номзодини қўйганмиз, яъни Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровларни. Улардан ташқари, мухолиф кўз қарашдагилар – Бирдамлик халқ-демократик ҳаракати раиси Баҳодир Чориев, кейин алифбо бўйича айтадиган бўлсак, куни кеча Дилшод Усмонов ўз номзодини қўйди. У киши Ўзбекистонда биринчи хусусий банк (“Рустамбанк” назарда тутилмоқда) таниқли тадбиркор Рустам Усмоновнинг ўғли. У киши мустақил номзод сифатида ўз номзодини қўйди. Кейин АҚШдан жамоат ишларида фаол бўлган Мираҳмад Мўминов ҳам мустақил тарзда ўз номзодини қўйди. Кейин Моҳира Ортиқова – у киши ҳам АҚШдан мустақил номзод. Кейин Россия Федерациясидан “Ватандош” жамияти раиси Усмон Баратов ўз номзодини қўйган, - дейди Улуғбек Бакиров.

Виртуал сайлов комиссияси шартларига кўра, виртуал президент сайловларига номзодлар 35 ёшдан кичик бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Давлат тили — ўзбек тилини яхши биладиган, олий маълумотли шахслар бўлиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон ССР ёки Ўзбекистон Республикасида туғилиб, сиёсий сабабларга ёки бошқа асосларга кўра, мажбурий равишда Ўзбекистон ҳудудини тарк этган хорижий давлат фуқаролари, сиёсий ишларда катта тажриба, етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган, Ўзбекистонда ёки хориждаги ўзбекистонликлар орасида сиёсий фаолияти билан жамоатчиликка танилган шахслар бўлишлари лозим.

Виртуал сайлов комиссияси матбуот котиби Улуғбек Бакировга кўра, номзодларни рўйхатга олиш якунига етганидан сўнг улар орасида турли дебатлар уюштириш мўлжалланган.

Виртуал сайлов комиссияси шу йил 29 мартида Ўзбекистонда ўтказилажак президент сайловларида қатнашиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан номзод ўлароқ рўйхатга олинган амалдаги президент Ислом Каримовни виртуал сайловга номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортган ва бунга Ислом Каримовнинг Ўзбекистон конституциясининг 90-моддасини қўпол равишда бузганини асос ўлароқ келтирган. Ўзбекистон қомусининг мазкур моддасида “айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG