Линклар

Севгисига бойлик тўсиқ бўлганидан Истанбулга қочган ошиқлар ўз жонига қасд қилмоқчи


Бадавлат ота ўғлининг камбағал қизга уйланишини истамагани учун Истанбулга қочган тошкентлик икки ошиқ Озодликка мурожаат қилиб, ота-оналарига муҳаббат бойлик ва мартабадан устун деган муждани етказишни исташди. Ота-оналари рози бўлмаган тақдирда севишганлар Лайли ва Мажнун каби ўз жонига қасд қилишни режалаштирганини айтишди.

Тошкентлик Зуҳра (исм ўзгартирилган- таҳр.) 23 ёшда. Тошкентдаги олийгоҳлардан бирининг талабаси.

Зуҳра Тошкентдаги ўртаҳол оилалардан бирида ўсиб- улғайди. Унинг отаси такси ҳайдовчиси, онаси эса мактаб муаллими.

Унинг севгилиси Тоҳир (исм ўзгартирилган- таҳр.) ҳам 23 ëшда. Тоҳир бадавлат оиланинг фарзанди бўлиб, унинг отаси Тошкентдаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг ректори.

Тоҳир ва Зуҳра бундан тўққиз йил олдин, коллежда ўқиëтган пайтда танишиб, бир-бирига ошиқу беқарор бўлишган.

- Коллежда ўқиëтганимда у мени орқамдан тушиб, севиб қолганлигини айтди. У ўзининг бой оиладан эканинини яширди. Оддий ўқитувчининг ўғлиман деди. Менинг ҳам онам ўқитувчи бўлгани боис юлдузи –юлдузимга мос экан деб ўйладим. Бора-бора биз бир-биримизни қаттиқ севиб қолдик¸- дейди 23 яшар тошкентлик Зуҳра Озодлик билан суҳбатда.

Бу ҳикоя ҳудди ҳинд киноларидаги каби низоли ривож топди. Бадавлат ота ўз ўғли камбағалнинг қизига ошиқ бўлганидан хабар топиб, дарғазаб бўлди. Асли Бухородан бўлган ота ўғлининг тошкентлик ўртаҳол оиладан чиққан қизга уйланишини сира истамади.

​- Севги мол-мулк ва мартабадан улуғ деган нарсани Тоҳирнинг ота-онаси тушунмади. Боз устига улар менга “сен Тоҳирдан воз кеч” деб босим қилишди. Мен майли ота-она розилиги муҳаббатдан устун деб ўқиëтган иститутимдан академик отпуска олиб, Истанбулга келдим. Истанбулда қариндошларимиз бор. Аммо орадан сал ўтмай Тоҳир ҳам орқамдан келди. У ўқиëтган олийгоҳини ташлаб Истанбулга келди¸- дейди Зуҳра.

Тошкентдаги нуфузли институтлардан бирида давлат грантига ўқиëтган Тоҳирнинг севги боис ўқишни ташлаб, Истанбулга кетгани унинг ота-онасини жиддий ташвишга солди.

Тоҳирнинг ота-онаси Зуҳрага севгисидан воз кечиши учун пул ҳам таклиф қилишди.

Аммо ота –онанинг гапи севишганларга кор қилмади.

Тоҳир- Зуҳраларнинг айтишича, улар ҳозир Истанбулда айри-айри квартираларда истиқомат қилишмоқда:

​- Биз ҳали никоҳ ўқитмадик. Шу боис бир-биримизга яқинлашган еримиз йўқ. Ота-она розилигисиз турмуш қуриш ниятимиз ҳам йўқ,- дейишди севги шамоллари Истанбулга улоқтирган тошкентлик ошиқлар.

Улар ота-оналарига муҳаббат бойлик ва мартабадан устун деган мужда етказилишни исташмоқда.

“Акс холда биз Лайли ва Мажнун каби ўз жонимизга қасд қиламиз”¸ дея таъкидлади тошкентлик Зуҳра Озодлик билан телефон суҳбатида.

Озодлик мухбири Тоҳир ва унинг онаси билан ҳам суҳбатлашди.

Тоҳир ўз севгилиси Зуҳрани излаб Истанбулга келганини гапириб берди:

- Севги мени бу ерга етаклаб келди. Отам ва онамнинг охир -оқибат мени тушунишига ишонаман¸- дейди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган Тоҳирнинг онаси ўғлининг севги ҳикоясини элга достон қилишни истамади.

Ўзбекистонда бир биридан моддий фарқланган ижтимоий қатлам вакилларининг бир-бири билан қуда-анда бўлишни истамаслиги кузатилади.

Баъзи ҳолларда бу ҳолат севишганларнинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топмоқда.

Ўтган йили Наманган вилоятининг Чуст туманида 21 ёшли Сардор Нуриддинов ва 17 ёшли Шамсия Расулжон қизи ўзини осган эди.

Марҳумлар қолдирган мактубга кўра, уларга бирга бўлишга имкон беришмагани учун ҳам ўз жонларига қасд қилган.

p.s. Мақола эълон қилинганидан сал ўтиб қахрамонларимиз Озодлик билан боғланиб масала ижобий ҳал бўлгани ва яқин кунларда тўй бўлишини билдиришди. Қахрамонларимиз яқин кунлар ичида тўйда туширилган фотосуратларни Озодликка жўнатишга ваъда беришди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG