Линклар

Тошкент Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчилари телефон сабаб пичоқлашгач, коллежларда уяли телефондан фойдаланиш чекланди. Баъзи коллежлар мобил телефонини вақтинча тақиқлади, баъзи коллежлар эса Вазирлар Маҳкамасининг қарорини эслатди. Унга кўра, таълим муассаси ҳудудида телефон тутиш мумкин, аммо ундан фойдаланиш мумкинмас.

Тошкент шаҳридаги Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг бир неча ўқувчиси ўртасида ўтган ҳафта пичоқлашув содир бўлгач, барча коллежларда мобил телефонидан фойдаланиш устидан назорат кучайтирилди.

Расмий маълумотга кўра, 7 февраль куни шаҳардаги бир неча коллеж, жумладан Иқтисодиёт ва бизнес касб-ҳунар коллежи ҳамда Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежларида туман ИИБ ходимлари рейд ўтказган.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган илк манбага кўра, рейдга шаҳар коллежларидан бирида ўқувчиларнинг пичоқлашгани, бунга эса мобил телефон устида қўзғалган жанжал сабаб бўлгани айтилган:

"Bugun bizaga IIVdan 3-4ta odam kelib telfonlarimizani, sumkalarimizani tekshirdi. Formadi odammi etishi bo'yicha bizaga telfon obyurish mumkunmasmush. Tekshirishga sabab db kecha qaysidur kollej o'quvchilari orasida janjal bo'lib 4ta bola picho tiqib o'lganligini etiwvotti. Yana 28 yanvarda Toshkent Aloqa kollejidayam bitta o'quvchi kursdoshini picho b.n o'ldirib qo'yganmush. Shunga tekshirishga keganakan. IIVni maqsadi nima?" деб савол йўллади Тошкент шаҳридаги коллежлардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ўқувчиси.

Озодлик манба илтимосига кўра, у таҳсил оладиган коллеж номини ошкор қилмаётир. Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган ушбу таълим муассасаси маъмурияти шанба куни рейд ўтказилганини тасдиқлади:

"Бизнинг коллежда ҳеч қанақа пичоқлашув бўлмади, Худо сақласин. Лекин, Алоқа коллежида ўқувчилар пичоқлашиб, катта тўпалон бўлаяпти. Шу телефонни устида жанжал чиққан. Шунга милиционерлар текшириб юрибди", деган коллеж маъмурияти вакили жанжал тафсилотларига тўхталмади.

Мухбир айни туманда жойлашган Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежига ҳам боғланди. Коллеж раҳбарларидан бири таълим маскани ўқувчилари ўртасида пичоқлашув бўлгани ва бунга айнан уяли телефон устида келиб чиққан жанжал сабаб бўлганини тасдиқлади.

"Ҳозир рейдлар бўлиб ётибди ўзи. Ўзиям телефондан ҳар хил видеоларни тарқатишиб, бир-бирини ҳалигидай суратларга олишиб, расво бўлиб кетган экан-да. Шунга ҳозир строгий бўлиб қолди энди. Телефон ўзи зарур эмас, ўқувчилар телефон билан келишмаяпти ҳозир", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Аммо, бу мулозим ўқувчилар ўртасидаги жанжал тафсилотлари ва унинг оқибатлари, хусусан, 4 ўсмирнинг пичоқлашиб, бир-бирига тан жароҳати етказганига оид норасмий маълумотларга ойдинлик киритмади.

Тошкент шаҳридаги коллежлардан бирининг ўқитувчисига кўра, кейинги пайтларда коллежларда мобил телефони билан боғлиқ можаролар тез-тез содир бўлмоқда:

- Чунки, кейинги пайтларда телефонда ҳар хил анави диний, узр-ку, порнографик суратлар чиқяпти. Шунинг учун, ИИБ ходимлари эрталаб кутилмаганда келиб, сумкаларни титишяпти. Пичоқ чиқаяпти ўқувчиларнинг сумкасидан, ёзувлар чиқяпти. Алоқа коллежида иккита ҳолат бўлди, шунинг учун строгий текширишяпти ҳозир, - деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ўқитувчи.

2012 йил май ойидан Ўзбекистондаги мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида уяли телефондан фойдаланишга нисбатан чеклов жорий қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 139-сонли қарори асосида уяли телефон эгаси ўқув юртига киришда унинг овозини ўчириб, сумкасига солиб қўйиши керак. Уяли телефонни чўнтакда олиб юриш ёки бўйинга тақиб юриш қатъиян маън қилинади.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчи бу тартиб-қоидага қатъий равишда амал қилиш талаб қилинаётганини айтди:

- Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида уяли телефондан фойдаланиш бўйича низом ишлаб чиқилган. Ўқувчи коллеж ҳудудидига кирганда уяли телефонини беззвукка қўйиши керак ва сумкасида олиб юриши керак. Фақатгина зарур бўлган ҳолатларда ўқитувчидан рухсат сўраб, бошқаларга халақит бермаган ҳолда гаплашиши мумкин. Тартибни бузган ўқувчининг қўлидан акт асосида телефони олиниб, ота-онасига берилади, - деди коллеж ўқитувчиси.

Шунингдек, ҳукумат қарорида ўқув юртида содир бўлган нохуш воқеаларни телефонда суратга олиш ва уларни атрофдагиларга намойиш қилиш орқали ўқув юрти обрўсига путур етказиш тақиқланиши айтилган. Ҳукумат чекловлари ўқувчи ва талабалар билан бир қаторда ўқитувчилар учун ҳам тегишлидир.

Қарорда уяли алоқадан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо чоралари кўзда тутилиши қайд этилган:

- огоҳлантириш;
- уларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
- ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш...
- таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, ушбу Низомни бузганлик ҳолати тўғрисида билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг (факультетнинг) директорига (деканига) ёки директор (декан) ўринбосарига, кейинчалик уни ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, олий таълим муассасаларида эса - кураторга) бериш, ушбу Низом талаблари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG