Линклар

logo-print

Кўзингиз тушгандир, ўтган ҳафта Россия мусулмонлари идораси раиси, шайх Равил Ғайнуддин президент Владимир Путинга ҳижоб юзасидан арзнома йўллади.

Бу воқеа Ўзбекистондаги мусулмонларнинг ярасига туз сепгандек бўлди чоғи. Шу мактуб баҳонаи сабаб бўлдию ижтимоий тармоқларда яна ҳижоб теграсидаги баҳс-мунозаралар аланга олди.

Тилмочлик даъвоси билан мактубни қайта баён этиб ўтирмайлик – зукко муштарий уни ўзи ўқиб олар.

Мухтасар айтганда, Россия бош муфтийси мактабларда муслима қизларнинг ҳижобда юриши тақиқланганидан норозилик билдирган, бу тақиқни бекор қилишда “юрт отаси” Владимир Путиндан амалий ёрдам сўраган.

Ҳижоб Ўзбекистон шароитида ҳассос ва нозик масала экани маълум. Жамоат жойларида – ўқув маскани ва давлат идораларида ҳижоблилар кўринмай қолганига кўп бўлган.

Давлат сиёсати ўз йўлига, қизиғи, мусулмонлар орасида ҳам қизларнинг ҳижобда юришига қарши бўлганлар истаганча топилади.

Россия муфтийси мактубидан кейинги муҳокамалар Ўзбекистон мусулмонлари бу борада ҳали ҳам турфа фронтда эканини кўрсатди. Мана, Фейсбук фойдаланувчилари мунозарасидан бир шингил.

“Бизнинг диний идора раҳбарияти, муфтийимиз ҳам шундай қилса, яхши бўларди”, дея Россия мусулмонлари пешвосини олқишлади Мусанниф.

“Кофир давлатда яшаётган мусулмонлар фарз – ҳижоб учун кофирдан рухсат сўраяпти, бу нақадар хорлик. Лекин ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишаяпти, бизникилар эса билатуриб, ҳижоб араблар миллий кийими, ўраниб юрмаса бўлаверади, деб фарзни инкор қилишади”, дея кескинлашди Иброҳим.

“Муҳими ҳижоб эмас, муҳими қалб”, дея луқма ташлади Нурбек.

“Ислом қалбда бўлади дейиш худди имтиҳонда синов қоғозини оппоқ ҳолда топшириб, илм бошда бўлади, дейишга ўхшайди”, дея ташбиҳ қўллади Абу Али.

“Қалбнинг соф ва тозалиги Аллоҳга итоат билан исботланади. Фарзлар ичига аёлларнинг авратларини эркаклардан тўсиб юриши ҳам киради”, дея баҳсга киришди Абдулвоҳид.

“Ҳижоб, ҳижоб деяпсизлар, ҳижоблиларнинг совунига кир ювмапсизлар. Кўп ҳижоблиларини кўряпмиз, ҳижоб ичида кўзи олма кесак теради”, дея муқобил фикр билдирди Ҳабиба.

“Эсингиздан чиқарманг, одамларга қараб, исломга ҳукм қилинмайди, аксинча, исломга қараб одамларга ҳукм қилинади. Бу дегани ҳижоб кийиб, исломга қарши амал қилган аёлларга қараб, ислом шунақа экан дейилмайди”, дея муқобил фикрга мухолиф фикр йўллади Оятуллоҳ.

“Аёлларимизда ҳижобга бўлган нотўғри қараш шаклланишида ўзбек кинофильмларининг ҳам хизмати бор. Масалан, “Алданган аёл” каби фильмлар чиқариб, ўта кучли руҳий зарба беришди. “Барака” топишсин!” дея кесатди Қудратуллоҳ.

“Ҳижоб ўраш ўрта аср цивилизациясига қайтиш бўлса, унда калта-култа кийим ибтидоий пайтга қайтишмасми мабодо?” дея ҳазиломуз савол ташлади Самандар.

...Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар тугайдиганга ўхшамайди. Ким айтганди “Ҳақиқат баҳсларда туғилади” деб? Ким айтган бўлса ҳам тўғри айтган шекилли...

Озодлик муштарийси

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG