Линклар

Тошкент автосалонлари GM Uzbekistan корхонасининг Россия бозорларида ўтмай қолган баъзи автомобилларини дарҳол харид қилиш имконини таклиф қилмоқда. “Ўзавтосаноат” компаниясига кўра, ўтган йили автомобиль экспорти 2013 йилги кўрсаткичдан 39%га кам бўлган. Бунинг сабаблари эса иқтисодий инқирозга юз тутган Россия бозорида сотувнинг камайиб кетганига боғланмоқда.

Айни пайтда GM Uzbekistan маҳсулоти сотувининг мамлакат ички бозорида кенгаяётганидан дарак берувчи унсурлар пайдо бўлмоқда.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган автомобилларни сотадиган Тошкентдаги салонлардан бирининг ходими Озодлик саволларига жавоб берар экан,

“Оқ рангдаги "Ласетти"нинг 2-нчи позициясига бугуноқ шартнома тузиб, пулини тўлаб келиб, олиб чиқиб кетсангиз бўлаверади. 18 минг 200 тўлайсиз, бошқа моделларни сотиш тартиби аввалгидай”, деди ходим.

Оқ "Ласетти" билан боғлиқ бу бемалолчиликни, автосалон ходими фикрича, Россия бозоридаги ўзгариш билан боғлаш мутлақо ўринсиздир.

“Ўзавтосаноат” компаниясининг ўзини таништирмаган ходими Озодликнинг “Ички бозорда GM Uzbekistan автомобиллари сотуви кенгайдими?”, деган саволига мана бундай жавоб берди:

- Ҳақиқатан ҳам шундай. Автосалонларга мурожаат қилсангиз, албатта, шартномалар бўлади. Лекин ҳозир қайси автосалонларда шартномалар қолгани тўғрисида маълумот беролмайман. Бизда ҳозир Ласетти ва Кобальт автоуловларининг 1-, 2- позицияларига шартномалар бор. Аммо айнан қайси салонларда бундай шартномалар қолганини, янгиланиб турадиган маълумот бўлгани учун айта олмайман, деди “Ўзавтосаноат” компанияси ходими.

Мавзуни ўрганар эканмиз, харидорларнинг ҳам фикрини ўрганишга ҳаракат қилиб, Фейсбукдаги “Водители Ташкента” гуруҳига “Ўзбекистонда маҳаллий автомобилларни сотиб олиш имконияти кенгайдими?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Саволга “Ҳа, шундай”, деб жавоб берганлар ҳам, “Бундай эмас”, деганлар ҳам бўлди.

Ўзини Дониёр Каримов, деб таништирган муштарий бундай ёзди: “Гап шундаки, моделларнинг кўпчилиги учун шартномани бешапка беришаяпти, кутиш муддати эса, ҳар хил”.

Яна бир фейсбукчи эса, бундай ёзди: “Бир йил олдин автосалонда шартнома ололмасам керак, деб ўйлагандим. Чунки одам ўлди бўлаётганди. Йўқ, яқинда бориб, шартномани олдим, пулини тўладим. Фақат шартномада кутиш муддати катта кўрсатилган. Балки пул қилишар шундан? Масалан, мен 10 ой кутишим керак”.

Озодликнинг илтимоси билан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам мавзуни яқиндан ўрганмоқдаки, у ўз кузатишлари билан бугунги OzodNazarда ўртоқлашади.

“Ўзавтосаноат” компанияси сайтига кўра, GM Uzbekistan қўшма корхонасида 2014 йили 245,7 минг автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2013 йилги кўрсаткичдан 0,13 фоизга камдир.

Экспорт ҳажми эса, юқорида айтилганидай, 2014 йили 2013 йилга қараганда, 39 фоизга қисқарган.

Озодлик 19 январь куни Россия матбуоти хабарларига таяниб, 2014 йил декабрида Россияда GM Uzbekistan ишлаб чиқарган машиналардан 2340 тагина сотилган, 2013 йил декабрида эса, 6196 та сотилгани, яъни 2 йилнинг бир хил ойида савдо ҳажми қарийб уч баробарга қисқариб кетгани тўғрисида хабар қилган эди.

2014 йилда GM Uzbekistan ширкатининг Россиядаги улуши 1,5 фоизга қисқариб, энг кўп автомобиль сотаётган 25 ширкат қаторига кира олмади.

27 январда Озодлик GM Uzbekistan Россияда сотиладиган автомобиллари нархини ўттиз фоизгача кўтаргани тўғрисида хабар қилган эди.

Шу пайтгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар Россия бозорида нисбатан арзон ва ҳаридоргир ҳисобланиб келган.

Эндиликда, Daewoo Gentra автомобилининг бошланғич нархи 625 минг рубл, Matiz 396 минг рубл, Nexia 450 минг рублни ташкил этмоқда.

Экспортни диверсификациялаш мақсадида “Ўзавтосаноат” корхоналари маҳсулотлари учун янги бозорлар излаш юзасидан доимий иш олиб борилаётгани тўғрисида айтилган компания сайтида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG