Линклар

1 январдан бошлаб Россияга кирган меҳнат муҳожирлари рус тили, тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон қилинмоқда. Тест марказлари ишлашга қонуний рухсат олиш иштиёқида бўлган юз минглаб муҳожирнинг талабини базўр қондирмоқда. Озодлик мухбири Тест марказларидан бирига бориб, видеорепортаж ҳозирлади.

Бугунги кунга келиб Россия пойтахтида рус тили, тарихи ва қонунчилигидан тестдан ўтишни ўнлаб лицензияга эга махсус марказлар таклиф этмоқда.

Аммо, негадир, Озодликнинг имтиҳон жараёнини кузатиш ва видеотасвирга олиш таклифига деярли барча тест марказлари раҳбарлари рад жавобини берди.

Москвада ўз имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берган ягона ташкилот - Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН) қошидаги Таълим бериш мактаби бўлди.

Имтиҳон жараёнини кузатган мухбир рус тили, тарихи ва қонунчилиги юзасидан берилажак саволлар ва уларга жавобларни Интернетда осонлик билан топиш мумкинлигига амин бўлди. Шунингдек, Россия Тест консорциуми расмий сайтида бу каби синов саволларига жавоб бериш мумкин экан.

Тушликдан кейинги соат 16:00 да ўтказилиши айтилган имтиҳонга 45 киши ёзилган, аммо уни топширгани 20 дан зиёд хорижлик келди.

Ўқитувчи Людмила Незванкина имтиҳон топширгани келаётган муҳожирлар доимий (ВНЖ) ва вақтинчалик (РВП) яшашга, фуқаролик олиш ҳамда ишга рухсатнома олишга келаётганлардан иборат эканини айтди.

Озодлик билан суҳбатда у тест давомида бир хилдаги саволлар берилишига қарамасдан, уларни баҳолаш тизими турлича эканини айтди.

- Тарих ва қонунчилик фанларидан меҳнат муҳожири учун имтиҳонни муваффақиятли топширишга 50 фоиздан зиёд, вақтинчалик яшашга (РВП) – 70 фоиздан зиёд, доимий яшаш ва фуқароликка эса 80 фоиздан ортиқ саволга жавоб бериш лозимлиги белгиланган. Чунки фуқаролик олиш ва доимий яшашга, сўзсиз, жиддийроқ билим талаб қиланади, - дейди Людмила Незванкина.

Зарурий ҳужжатлар тўлдирилганидан кейин, марказ ходими имтиҳон қатнашчиларига рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигидан тест саволларини топширди.

Муҳожирдан қонунчилик бўйича бўлимда, масалан, Россия давлат рамзлари - байроқ ва гербни аниқлаш, Россия таркибига кирувчи Федерация субъектлари сонини аниқлаш, рус миллий валютасини кўринишидан аниқлаш талаб қилинади.

Шунингдек, тарихдан 19 асрда яшаган буюк рус шоири Александр Пушкинни топиш каби осон саволлардан тортиб, 9-13 асрларда қадимги Рус давлати пойтахти, Куликово жанги санаси ёки “Ўрта Осиёнинг Россия империясига қўшиб олиниши” даврини аниқлаш каби махсус тайёргарлик кўришни талаб қилувчи тест саволлари берилган.

Варақлардаги тестларни белгилаб бўлган хориж фуқароси имтиҳон олувчи томонидан оғзаки савол-жавобга тортилди. “Оғзаки имтиҳон” деб аталган синовнинг бу қисмида имтиҳон топширувчига “Ўзингизни таништиринг”, “Нима иш қиласиз?”, “Ёшингиз нечада?”, “Оилалимисиз?", "Нечта фарзандингиз бор?”, “Россияда нима иш қилмоқчисиз?” каби оддий кундалик ҳаётга оид саволлар берилди.

Озодлик суҳбатлашган муҳожирларнинг аксар қисми энг қийин дея бир овоздан тарихдан берилган саволлар эканини кўрсатди. Қирғизистонлик Мақсад саволлар мураккаб эмаслигини гапирар экан, умуман ўқимаган одам учун ҳатто улар жуда қийин бўлиб кўриниши мумкин, дейди.

- Саволлар мен учун қийинчилик туғдирмади. Фақат тарихдан, масалан, иконаларни чизган рассом, композиторлар ҳақида берилган саволлар бироз қийин бўлди. Умуман олганда мен мактабда яхши ўқиганим ёрдам берди. Умуман ўқимаган одамларга бироз қийинроқ бўлади. Мен Россия Тест консорциуми сайтида чиқарилган саволлар бўйича тайёрландим. У ерда ҳамма жавобларни топиш мумкин, бироз вақт ажратиш зарур, холос, - дейди Мақсад.

Тошкентлик Рушана ҳам икки ҳафта давомида бўш вақтида имтиҳонларга тайёргарлик кўргани, ўзи учун кўп қизиқарли нарсаларни аниқлаганини айтди. РУДН қошидаги Таълим бериш мактаби раҳбари Александр Коновалов Озодлик саволларига жавоб берар экан, имтиҳон топшираётган хорижликлардан ҳар бир одам билиши зарур бўлган оддий нарсаларни билиш талаб қилинади, дейди.

У сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида “Россияда муҳожирлар сони кескин камайди”, деган гаплар бироз ҳақиқатдан йироқ эканини ўз кўзи билан кузатаётганини гапиради.

- Москвада бизга мурожаат қилаётган марказий осиёликлар сони ҳақиқатан бироз камайгандек, аммо бошқа минтақаларда – биз имтиҳон олишга чиқаётган Тула, Иваново,Калуга вилоятлари, ҳатто Петропавловск-Камчатский шаҳарларида уларнинг камайгани менга сезилмади. Бу бизнинг ходимларимиз ҳафтасига 6 кун ишлаётгани, кунига 4-5 гуруҳ муҳожирдан имтиҳон олинаётганидан билиб олиш мумкин, - дейди Александр Коновалов.

Марказ раҳбари муҳожирлар сонининг кўпайганини Россия ФМСи томонидан белгиланган ҳужжат топшириш муддатлари қисқалиги билан тушунтиришга уринди: Россия ҳукумати шу йилнинг 1 мартидан янги йилдан олдин берилган патентлар ўз кучини йўқотишини эълон қилган.

Александ Коновалов имтиҳонга келганлар орасида сўнгги икки ойда Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидан қочган мигрантлар сони ҳам кескин кўпайганига эътиборимизни қаратди. У янги қонунларга мувофиқ рус тилидан имтиҳонларни ҳатто украиналик, молдовалик ёки ўзбекистонлик руслар ҳам топширишга мажбур эканини айтди.

“Имтиҳон топшираётганлардан неча фоизи ўтмаяпти?” деган саволимизга, Халқлар дўстлиги университетининг қўшимча таълим бўйича проректори Анжела Должикова “Ўртача 97 фоиз мигрант имтиҳонларни муваффақиятли топширмоқда”, дея жавоб қайтарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG